currencies image

12 720,00 UZS

7,96

usd

currencies image

13 827,91 UZS

46,07

eur

currencies image

140,04 UZS

0,58

ru



АсосийЯнгиликларҚўшиқчилар шоирлар билан ҳуқуқий муносабатга қандай киришиши керак? Муаллифлик ҳуқуқини сотиш бўйича муҳим жиҳатлар

Қўшиқчилар шоирлар билан ҳуқуқий муносабатга қандай киришиши керак? Муаллифлик ҳуқуқини сотиш бўйича муҳим жиҳатлар

Ҳуқуқ

calendar

30.04.2024

eye

581

Қўшиқчилар шоирлар билан ҳуқуқий муносабатга қандай киришиши керак? Муаллифлик ҳуқуқини сотиш бўйича муҳим жиҳатлар© Фото: hudud24.uz / habikatura

Суд иш ҳужжатларига кўра, хонанда Авазбек Олимов шоира Маҳлиё Аҳророванинг «Гўзал ёрим» шеърини унинг рухсатисиз йиллар давомида «Севар ёрим» номи остида ўзгартириб куйлаб келган. Даъвогар муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани учун 540 млн сўм товон пули талаб қилмоқда.

Хўш, қўшиқчилар шоирлар билан ҳуқуқий муносабатга қандай киришиши керак? Муаллифлик ҳуқуқи қандай сотиб олинади? Hudud24.uz сайти колумнисти ҳуқуқшунос Муроджон Нажмиддинов мақолада шу сингари саволларга жавоб беради.

Шеър муаллифи ўз шеърига нисбатан қандай ҳуқуқларга эга?

«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунда муаллифнинг ҳуқуқлари икки катта гуруҳ – шахсий номулкий ва мулкий ҳуқуқларга бўлинади.

Шахсий номулкий ҳуқуқ ўз номи билан ҳам мулкий хусусиятга эга бўлмайди, яъни уларни сотиб ва сотиб олиб бўлмайди. Хусусан, шахсий номулкий ҳуқуқларга қуйидагилар киради:

  • асар муаллифи деб эътироф этилиш ҳуқуқи (муаллифлик ҳуқуқи);
  • асардан муаллифнинг исми-шарифи, тахаллусини кўрсатиб ёки кўрсатмай фойдаланишга рухсат бериш ҳуқуқи (муаллифлик исми-шарифига бўлган ҳуқуқ);
  • асарни ҳар қандай шаклда ошкор қилиш ёки ошкор қилишга рухсат бериш ҳуқуқи (ошкор қилишга бўлган ҳуқуқ);
  • асарни муаллифнинг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ёки ҳар қандай бошқача тарзда тажовуз этилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқи (муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи).

Муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга. Муаллифнинг асардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларга рухсат бериш ҳуқуқини англатади:

  • асарни такрорлаш ҳуқуқи;
  • асарни тарқатиш ҳуқуқи;
  • асарни барчанинг эътиборига етказиш ҳуқуқи;
  • асарни прокатга бериш ҳуқуқи;
  • тарқатиш мақсадида асарни импорт қилиш ҳуқуқи;
  • асарни сим (кабель) орқали юбориш ҳуқуқи;
  • асарни қайта ишлаш ҳуқуқи;
  • асарни омма олдида намойиш этиш ёки ижро этиш ҳуқуқи;
  • асарни эфирга узатиш ҳуқуқи;
  • асарни таржима қилиш ҳуқуқи.

Шунингдек, муаллиф ўз асаридан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга. Асардан фойдаланаётган даромад олишни мақсад қилганми ёки йўқ, барибир асардан фойдаланган ҳисобланади.

Муаллифлик ҳуқуқини амал қилиш муддати қанча?

Муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва унинг вафотидан кейин 70 йил давомида амал қилади.

Масалан, шоир 1974 йилда шеър ёзди, 2000 йилга келиб вафот этди. Шунда шеърга бўлган муаллифлик ҳуқуқининг (хусусан, муаллифнинг мулкий ҳуқуқлари) амал қилиши 2070 йилда тугайди ва ижтимоий мулкка айланади ва уни исталган киши рухсатсиз ва ҳеч кимга ҳақ тўламай ундан фойдаланилиши мумкин.

Аммо муаллифлик ҳуқуқи, муаллифлик исми-шарифига бўлган ҳуқуқ ва муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи муддатсиз муҳофаза қилинади.

Муаллифлик ҳуқуқи қандай сотиб олинади?

Муаллифнинг фақатгина мулкий ҳуқуқлари муаллифлик шартномаси асосида бошқага ўтказилиши, яъни сотилиши мумкин.

Бундай муаллифлик шартномасида мулкий ҳуқуқлар бошқа шахс, яъни сотиб олувчига мутлақ ўтказилиши ёки шартнома номутлақ кўринишда бўлиши мумкин. Масалан, биринчи ҳолатда шоир ўз шеъри фақат бир кишига сотади. Иккинчи ҳолатда эса ўз шеъридан ҳақ эвазига фойдаланиш ҳуқуқини бировга бериб туриб, бу шеърни бошқа кишига ҳам сотиши мумкин. Яъни бир шеър бир нечта одамга сотилади.

Сотиб олувчи шартномада айнан қандай ҳуқуқлар (масалан, шеърни қўшиқ қилиб куйлаш ёки стримининг платформаларига жойлаштириш) кўрсатилган бўлса, фақат шу бўйича ва келишилган ҳажмда (масалан, шеърни қўшиқ қилиб куйлаш фақатгина маълум муддатга берилиши ҳам мумкин) фойдалана олади.

Агарда шартномада унинг мутлақ ёки номутлақлиги айтилмаган бўлса, у ҳуқуқий жиҳатдан номутлақ ҳисобланади.

Муаллифлик шартномасида нималар келишилиб олиниши керак?

Муаллифлик шартномасида қуйидагилар назарда тутилиши керак:

  • асардан фойдаланиш усуллари (мазкур шартнома асосида ўтказиладиган конкрет ҳуқуқлар);
  • асардан фойдаланишнинг ҳар бир усули учун тўланадиган ҳақ миқдори ва (ёки) тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаш тартиби, уни тўлаш тартиби ҳамда муддатлари.

Шартномада тарафлар ўзлари лозим топган бошқа шартларни ҳам киритиши мумкин. Агар шартномада унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, 5 йилдан сўнг нариги томонни камида 6 ой олдин ёзма огоҳлантириб, бекор қилиш мумкин.

Агар сотилган муаллифлик ҳуқуқидан айнан қаерда фойдаланиш кўрсатилмаган бўлса, ундан фақат Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиш мумкин. Айтайлик, шартномада жой кўрсатилмади. Қўшиқчи чет элдаги гастроль давомида сотиб олинган шеърни куйлади. Шундай ҳолатда шоир ўзининг муаллифлик ҳуқуқи бузилганлиги бўйича хонандага нисбатан даъво қилиши мумкин. Шу боисдан ҳам ушбу шарт муҳим ҳисобланади.

Яна шуни айтиш лозимки, хонанда фақат шартномада кўрсатилган ҳаракатларни бажара олади. Масалан, у шоирдан шеърни фақат концертда куйлаш учун розилик олган бўлса, уни концертдан бошқа жойда куйлаши, шунингдек, интернет тармоғида тарқатиши мумкин эмас.

Муаллифлик шартномасини расмийлаштирмаса, нима бўлади?

Муаллифлик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак. Аммо барча хонанда ҳам ушбу талабга риоя қилавермайди. Хўш, муаллифлик ҳуқуқини оғзаки равишда келишиб олиб, уни ёзма равишда расмийлаштирмаса, нима бўлади?

Авваламбор, муаллифлик шартномасининг оғзаки тузилиши унинг бекор бўлишига олиб келмайди. Аммо орада низо чиққанда қатор муаммоларга сабаб бўлади.

Биринчидан, шартнома тузилганлигини исботлаш мураккаблашади. Масалан, шоир шеърни фақат Ўзбекистон ҳудудида концертда айтиш учун рухсат берди, аммо хонанда уни гастролда ҳам куйлаяпти ва стриминг платформаларга жойлаштирмоқда. Ёки шоир шеърни куйлаш учун розилик берганлиги ва пул олганлигидан тонмоқда. Бу ҳолатларда шартноманинг ёзма тузилмаганлиги ҳар икки томонга ҳам келишув шартларини исботлашни мураккаблаштиради.

Иккинчидан, битим шартларини гувоҳлар орқали исботлаш имконияти йўқолади. Масалан, шоир ўз ҳамкасби олдида хонанда билан келишиб олди. Бу ҳолатда шоир хонанда сўзини бажармаса, судга ҳамкасбини гувоҳ сифатида олиб боролмайди.

Хўш, бундай ҳолда нима қилиш керак? Шартнома шартларини гувоҳ ёрдамида исботлаш имконияти бўлмасада, бошқа далиллардан фойдаланиш мумкин. Масалан, ёзиб олинган телефон сўзлашувлари, ёзишмалар, аудио, видеотасвирлар, тўлов квитанциялари ва бошқалар.

Сўз якунида шоир ва хонандаларга шуни маслаҳат бериш мумкинки, шеърлардан фойдаланиш борасидаги ўзаро келишувларни расмийлаштириш, очиқ қолган шартнома шартларини (юқори кўрсатилган шартнома шартлари асосида) келишиб олиш лозим. Муаллифлик ҳуқуқини сотиб олишни расмийлаштириш орадаги низоларни олдини олиб, ҳар икки томонни ҳам ортиқча харажатлардан халос қилади.

Улашиш:

Бошқалар

29-апрел 2024, 13:31
13 403

«Жаннат оналар оёғи остида» фильми тармоқларда тарқалди. Интернет-қароқчилик учун қандай жавобгарлик бор?

Фильмни тарқатиш қай даражада қонуний? Агар кишилар бир-бирига шахсий хабарлар орқали жўнатишсачи? Фильмни рухсатсиз тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор ва уни кино ижодкорларнинг аризасисиз ҳам қўллаш мумкинми? Hudud24.uz қуйидаги мақола орқали шу саволларга жавоб беради.


25-апрел 2024, 12:32
7 003

Жўраевлар иши: Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг қўшиқларини куйлаши мумкинми? Интеллектуал мулк ҳуқуқини мерос қолдириш бўйича муҳим жиҳатлар

Хонанда Ботир Қодиров оталикни белгилаш юзасидан судга даъво аризаси киритиши ортидан ижтимоий тармоқларда муҳокамалар бошланди. Муҳокамаларнинг бир йўналиши Шерали Жўраевнинг интеллектуал мулкини мерос қилиб олиш йўналишида бўлмоқда. Жумладан, Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг қўшиқларини айтиши мумкинми? Интеллектуал мулк ҳуқуқи мерос бўлиб ўтадими? Агар Шерали Жўраев муаллифлик ҳуқуқи бўйича васиятнома қолдирган бўлса, оталикни белгиланган тақдирда Ботир Қодиров унга даъво қилиши мумкинми? Hudud24.uz ушбу мақолада интеллектуал мулк ҳуқуқини мерос қолдиришдаги муҳим жиҳатлар хусусида сўз юритади.


23-апрел 2024, 12:43
3 585

Жаримага тортиш ҳақидаги қарор кеч берилса, уни тўламаслик мумкинми? Йўл-ҳаракати қоидалари бўйича ишларни кўриб чиқишдаги 7 муҳим жиҳат

Уч ой ўтгандан кейин жарима хабарномаси келиши қонунийми? Ҳайдовчи камерага тушса, жаримани ким тўлайди: машина эгасими ёки уни бошқарган одам? Қачон тезликни оширганлик учун жарима қўлланмайди? Маъмурий баённомани имзоламаслик мумкинми, имзоламаса, нима бўлади? Суд ҳуқуқбузар иштирокисиз унга жарима қўлласа ёки қарор унга кеч берилса, уни тўламаса ҳам бўладими? Умуман, агар қоидабузарга вақтида жазо берилмаса, кейинчалик жазолаш мумкинми?


16-май 2024, 04:11
1 743

Блогер товламачилик қилаётганда ушланди

Агар ҳаётда инсоннинг бўйни меҳнатга ёр бермаса, у бировнинг ҳақига кўз олайтира бошлайди. Яъни осон пул топишга уринади. Оқибатда ўғирлик, талончилик, фирибгарлик ёки товламачилик сингари оғир ва ўта оғир жиноятларга қўл уради.