currencies image

12 720,00 UZS

7,96

usd

currencies image

13 827,91 UZS

46,07

eur

currencies image

140,04 UZS

0,58

ru



АсосийЯнгиликларНоввойхонадаги қотиллик

Новвойхонадаги қотиллик

Суд очерклари

calendar

22.04.2024

eye

273

Новвойхонадаги қотиллик

Фарғона шаҳар «Оқариқ» маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори Қ.Орифжонов 2023 йил 27 сентябрь куни соат 19:00ларда шаҳарнинг 4-сонли ички ишлар бўлимида йиғилишда иштирок этган пайтида уяли телефонига нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлади.

Нотаниш рақамдан чақирув келдими, демак хизмат ҳудудидан кимдир бирор масалада безовта қилаётганини яхши биларди инспектор. Бинобарин, у сал четроққа чиқиб, жавоб тугмасини босади.

–Маҳалладаги новвойхона ёнида бир фуқарони пичоқлаб кетишибди,-дейди салом-аликни ҳам унутган қўнғироқ соҳиби ҳовлиқиб.

Профилактика инспектори бу хабарни дарҳол ён дафтарига ёзиб олади. Сўнгра 4-сон ИИБ навбатчилик қисмини хабардор қилиб, зудлик билан воқеа жойига етиб боради.

* * *

Фарғона шаҳар Оқариқ кўчаси 409-уйда яшовчи Лутфилла Мамадалиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) андижонлик Зокир Қобилов билан техникумда бирга ўқиган курсдош эди. Лутфилла Зокирнинг ошпазлигу новвойлик қўлидан келишини яхши биларди. Шу боис у ўтган йилнинг май ойида ўз ҳовлисида ташкил қилган новвойхона ишини юритишга курсдошини таклиф этади.

Шундан кейин З.Қобилов оғайнилари Элбек Юнусов ва Махсуд Ғофуровлар билан бирга келиб, нон ёпа бошлайди. Йигитлар ўз ишини устаси бўлгани сабабли тез орада аксарият маҳалла аҳли уларнинг харидорига айланади. Қарабсизки, қўли-қўлига тегмай қолади андижонлик новвойларнинг. Аммо нимадир бўладию, ўн-ўн беш кун ишлагач, Махсуд Ғофуров кетиб қолади. Оқибатда барча хизмату машаққат Зокир ва Элбекка қолиб кетади.

Шу зайлда хаш-паш дегунча 5 ой ишлаб қўйишади икковлон. Бироқ…

Бироқ 2023 йил 27 сентябрь куни юз берган мудҳиш воқеа ҳаммасини остин-устун қилиб ташлайди. Гап шундаки, ўша куни соат 16:30ларда ишни тугатишади новвойлар. Ювиниб-тарангач, Элбек Юнусов новвойхона яқинидаги «Вино-водка» дўконига йўл олади.

–Менга ҳам битта«Чекушка» олиб келгин,-деб илтимос қилади оғайнисининг қаерга кетаётганини билган Зокир.

Э.Юнусов унга «хўп» дегандек бош ирғайди. Сўнг дўконга бориб, 300 грамм ароқ ичади. Қайтаётганда эса З.Қобиловнинг «заказ»ини келтириб беради.

Бироздан кейин Зокир ҳам худди Элбекдек сархуш бўлиб қолади. Шу боис иккаласи кўрпачага чўзилганча суҳбатлашиб ётишади.

–Мен жуда ишдан чарчадим. Шунинг учун Андижонга, уйига бориб, бир ҳафта дам олиб келаман,-дейди Элбек гап орасида.

–Йўқ, ҳозир кетмай турасан,-эътироз билдиради З.Қобилов. –Аввал мен бориб, ўрнингга ишчи топиб келай. Кейин сенга рухсат. Агар ҳозир кетсанг, иш тўхтаб қолади.

–Ўзим хоҳлаган пайтда кетаман, сендан сўраб ўтирмайман,-қаршилик билдиради Э.Юнусов.

Шу зайлда иккала йигит аввал гап талашиб қолишади. Сўнгра оғзаки жанжал куч ишлатишга айланиб кетади. Яъни Зокир қўлига илинган қандайдир буюм билан Элбекнинг чап қўл билагига уради. Кейин бошига зарба бермоқчи бўлади. Лекин Э.Юнусов чап бериб қолади. Шундай бўлсада, иккинчи, учинчи зарбалар унинг ўнг қўли ва оёқларига тушади. Оқибатда Элбекнинг баттар жаҳли чиқиб, стол устидаги ҳамир ва зувала кесишда фойдаланиладиган пичоқни оғайнисининг дуч келган жойига санча бошлайди. Бундан қўрқиб кетган З.Қобилов эса жон аччиғида новвойхонадан қочиб чиқади. Аммо оғир жароҳатлари туфайли узоққа боролмай, ерга йиқилади.

Буни қарангки, ўша пайтда новвойхона ёнидаги дорихона сотувчиси йигитларнинг бақир-чақирини эшитиб, ичкаридан чиққан экан. У ерда ётган Зокирни кўриб, дарҳол биринчи тиббий ёрдамни кўрсатади. Шу билан бирга, «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилади. Бироқ жабрланувчи шифохонага етиб борар-бормас жон таслим қилади.

Шундан сўнг Элбек Юнусовга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Мазкур қотиллик жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўриб чиқилди. Суд уни Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, 11 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этди. Жазо тайинлашда судланувчининг муқаддам жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судининг 2023 йил 9 августдаги ажрими билан алмаштирилган ва ўталмай қолган 9 ой 26 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам инобатга олинди.

Бир қарашда оддий оғзаки жанжал муштлашувга айланиб, сўнг Зокир Қобилов Элбек Юнусовни қаттиқ жисм билан ургани боис мазкур қотиллик юз бергандек. Лекин шахсига оид ҳужжатлардан Элбекнинг муқаддам 4 маротаба судланганини, шу маънода айтганда, жиноят содир этиш унинг учун янгилик эмаслигини англаш мумкин. Ҳаттоки, «қаҳрамон»имизнинг тўртинчи жинояти суд томонидан белгиланган аҳмоқ тузатиш жазосини ўташдан бўйин товлаганликдир. Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судининг 2021 йил 14 октябрдаги ҳукмига асосан, Э.Юнусов Жиноят кодексининг 226-моддаси 2-қисми «а» банди (маъмурий назоратдан бўйин товлаш мақсадида ўз истиқомат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш) билан айбдор деб топилиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жиноят ишлари бўйича Охангарон туман судининг 2022 йил 24 июндаги ажримига биноан эса ўталмай қолган 1 йил 3 ой 20 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси кодекснинг 74-моддаси тартибида ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Аммо у яна қонун талабини менсимай, жазони ўташдан бўйин товлашда давом этади. Оқибатда бу ҳолат икки марта такрорланади. Сўнгги маротаба жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судининг 2023 йил 9 августдаги ажримига кўра, ўталмай қолган 9 ой 26 кун ахлоқ тузатиш ишлари Жиноят кодексининг 46-моддаси тартибида шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган эди.

Бу галги озодликдан маҳрум этиш жазоси қанчалик таъсир қилиб, уни ижобий томонга ўзгартириш-ўзгартирмаслигини эса вақт кўрсатади. Балки қаттиқ тартибли жазони ижро этиш муассасасида кўзи очилиб қолар.

Тожиддин ВАҲОБОВ,

жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг раиси

Улашиш:

Бошқалар

29-апрел 2024, 13:31
13 401

«Жаннат оналар оёғи остида» фильми тармоқларда тарқалди. Интернет-қароқчилик учун қандай жавобгарлик бор?

Фильмни тарқатиш қай даражада қонуний? Агар кишилар бир-бирига шахсий хабарлар орқали жўнатишсачи? Фильмни рухсатсиз тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор ва уни кино ижодкорларнинг аризасисиз ҳам қўллаш мумкинми? Hudud24.uz қуйидаги мақола орқали шу саволларга жавоб беради.


25-апрел 2024, 12:32
7 003

Жўраевлар иши: Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг қўшиқларини куйлаши мумкинми? Интеллектуал мулк ҳуқуқини мерос қолдириш бўйича муҳим жиҳатлар

Хонанда Ботир Қодиров оталикни белгилаш юзасидан судга даъво аризаси киритиши ортидан ижтимоий тармоқларда муҳокамалар бошланди. Муҳокамаларнинг бир йўналиши Шерали Жўраевнинг интеллектуал мулкини мерос қилиб олиш йўналишида бўлмоқда. Жумладан, Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг қўшиқларини айтиши мумкинми? Интеллектуал мулк ҳуқуқи мерос бўлиб ўтадими? Агар Шерали Жўраев муаллифлик ҳуқуқи бўйича васиятнома қолдирган бўлса, оталикни белгиланган тақдирда Ботир Қодиров унга даъво қилиши мумкинми? Hudud24.uz ушбу мақолада интеллектуал мулк ҳуқуқини мерос қолдиришдаги муҳим жиҳатлар хусусида сўз юритади.


23-апрел 2024, 12:43
3 585

Жаримага тортиш ҳақидаги қарор кеч берилса, уни тўламаслик мумкинми? Йўл-ҳаракати қоидалари бўйича ишларни кўриб чиқишдаги 7 муҳим жиҳат

Уч ой ўтгандан кейин жарима хабарномаси келиши қонунийми? Ҳайдовчи камерага тушса, жаримани ким тўлайди: машина эгасими ёки уни бошқарган одам? Қачон тезликни оширганлик учун жарима қўлланмайди? Маъмурий баённомани имзоламаслик мумкинми, имзоламаса, нима бўлади? Суд ҳуқуқбузар иштирокисиз унга жарима қўлласа ёки қарор унга кеч берилса, уни тўламаса ҳам бўладими? Умуман, агар қоидабузарга вақтида жазо берилмаса, кейинчалик жазолаш мумкинми?


16-май 2024, 04:11
1 743

Блогер товламачилик қилаётганда ушланди

Агар ҳаётда инсоннинг бўйни меҳнатга ёр бермаса, у бировнинг ҳақига кўз олайтира бошлайди. Яъни осон пул топишга уринади. Оқибатда ўғирлик, талончилик, фирибгарлик ёки товламачилик сингари оғир ва ўта оғир жиноятларга қўл уради.