Ўғлимни даволатиш учун меҳнатга лаёқатсизлик таътилига чиққан эдим. Энди ойлик маошим кам чиқадими?

0

— Ўғлим касал бўлиб қолганди. Шу сабабли меҳнатга қобилиятсизлик таътилига чиққан эдим. Шу ҳолатда менга қанча миқдорда меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси берилади? Негадир ойлигим кам чиққандай туюлди.

— Меҳнат кодексининг 285-моддасида “Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлинганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади”, деб кўрсатилган.
Шунингдек,  “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ни Низомнинг 28-бандига асосан ходимларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича нафақа қуйидаги миқдорларда тўланади:
* умумий иш стажи 8 йил ва ундан ортиқ бўлган ходимларга ҳамда 21 ёшга етмаган чин (сағир) етимларга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида;
* умумий иш стажи 8 йилгача бўлган ходимларга иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида.
Демак шу низомдан келиб чиқиб, сизга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасига асосан иш стажингизга қараб иш ҳаққингизнинг 60 фоизи ёки 80 фоизи миқдорида меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўлаб берилади.

Саволга «Мадад» ННТнинг масъул ходими Аброр Эзозхонов жавоб берди.

Аввалги мақолаНикоҳ шартномаси оила мустаҳкамлиги гарови
Кейинги мақолаХоразм вилоятида Халқаро мактаб интернати очилди