Ўша тунда онам келмади

0

— Онамнинг сиймосини ғира-шира эслайман, — дея ҳикоя қилади “Бухенвальд” концлагерининг собиқ асири Юрченко Петр Максимович “Онам ҳақидаги хотиралар” китобида — Немис фашистлари қишлоғимизга бостириб кирганида 3 ёшда эдим. Бизни бошқа асирларга қўшиб поездда қаёққадир олиб кетишаётганда онамнинг бағрида эдим. Онам гоҳ чўнтакларини титкилаб, гоҳ қаерлардандир тимирскиланиб бир нималар топиб келар ва менинг оғзимга соларди. Манзилга етиб келганимизда мени онамдан айиришди. Онамни ишчилар, мени эса донорлар, яъни немис солдатлари учун қон топширувчи болаларга ажратилган хароба баракларга жойлаштиришди. Фарзандидан айрилишни истамай дод-фарёд қилган аёлларни фашистлар жойида отиб ташлашарди. Орамиздаги масофа тахминан 2-3 чақирим эди. Лагерда оналар ва болалар бир-бири билан кўришиши қатъий тақиқланган бўлиб, темир интизомни бузганлар учун сўзсиз ўлим муқаррар эди. Очлик ва қон топшириш болаларнинг силласини қуритган, ҳар дақиқада ўнлаб болалар ётган жойидан туролмай ўлиб қолишарди. Учинчи ёки тўртинчи тунда қулоғимга ўзимгагина таниш бўлган, жуда паст шивирлаган овоз чалинди: — Ми-мо… Ми-имо. Онам мени эркалаганда шундай деб атарди. — Ойи, ойижон. Мен бу ердаман. Мажолсизликдан судралиб ёғоч деворга ёпишдим. — Тшш…, секин Мимо. Худога шукр, тирик экансан. Сени кўп қидирдим.

Онам девор тирқишидан қўлимга бир дона хом картошка тутқазди. Нодир неъматни деярли чайнамай ютдим. Томиримга қон югургандай бўлди. Шу ондан бошлаб онам ҳар куни тун ярмидан оғиб, қоровулларни уйқу маҳв этган палла менга гоҳ яримта музлаган картошка ёки бир тишлам қора нон, гоҳида сабзавот пўчоқларини келтирарди. Концлагерга мен билан келтирилган болаларнинг деярли барчаси очлик ва камқонликдан ўлиб кетишди. Ўрнига яна янгиларини келтиришарди. Менинг қилга осилиб турган ҳаётимни онамнинг меҳр-муҳаббати асраб қолди. Онам ўзига берилган озгина егуликларни емасдан, жонини хавф-хатарга қўйиб бўлса-да, менга ташмалаганини кейинчалик тушуниб етдим. Азоб-уқубатли кунларнинг бирида онамни кута-кута кўзим илинди. Немис овчаркаларининг безовта акиллашлари ва автоматнинг тариллашидан чўчиб уйғондим. Ўша тунда онам келмади. Эрталаб тонгда солдатлар барагимиз яқинида ўлиб ётган бир аёлни судраб олиб кетишаётганини ўша девор тирқишидан кўрдим. Аёлнинг мен томон чўзилган қўллари яримта картошкани маҳкам чангаллаб олганди.

БИЗ КЎНИКИБ КЕТАВЕРАМИЗМИ?

Халқимиз энг улуғ инсоний фазилатлари билан дунёга танилган халқ. Урушнинг азоб-уқубатли йилларида ҳам, очлик ва қаҳатчилик суяк-суякларигача зирқиратган кунларда ҳам миллийлигимиз, азалий қадриятларимизга ёт бўлган ҳар қандай иллатларга муросасиз бўлишган. Аждодларимиз юракларида имону эътиқод ва меҳр-оқибат кучли бўлган-ки, аёллар шаъни жон қадар яқин, ор-номус, инсофу диёнатни ҳар қандай орзу- ҳаваслардан юқори қўйишган.

Саноқли йиллар олдин ота-онаси тирик бўла туриб етимхоналарда тарбияланаётган болалар мавзуси жамиятимиз учун оғриқли масала эди. Фарзандларини гоҳ яширин, гоҳ ошкора болалар уйига ташлаб кетаётган ота-оналар қаттиқ қораланарди.

Бундай иллатлар нафақат ўзи, маҳалла аҳли, қўни-қўшнилар учун ҳам иснод саналган. Турли ОАВлар саҳифаларида ўзини бозорга солаётган енгилтак хотин-қизлар, қутлуғ ошёнини булғаган қўшмачи аёллар, ўн гулидан бири очилмаган бокира қизларни алдов йўли билан чет давлатдаги фоҳишахоналарга сотиш билан шуғулланувчи “одам савдоси” корчалонлари ҳақидаги мақолаларни ўқиб, миллат шаъни ва қадр-қимматига чин дилдан ачинганимиз, юрагимиз оғрингани ҳали унут бўлганича йўқ.

Бугун эса орамизда хитойлик, япониялик ёхуд бошқа бир хорижлик бой кишига турмушга чиққан қизлари билан фахрланиб юрган ота-оналарга, чет давлатларда “бизнес”ини гуллатаётган ва бобоси тенги кекса миллиардер билан бир ёстиққа бош қўйган “тадбиркор қизлар”га ҳавас билан қарайдиган ҳамюртларимиз талайгина.

Энг ачинарлиси, турли ОАВ саҳифаларида ўз болаларини сотаётган аёллар ҳақидаги мақолаларни ҳам этимиз сесканмай ўқишга ўрганиб бораяпмиз. Қўрқса қўрққулик яна бир томони бир-биридан даҳшатли, бир-биридан шармандали чиркин ҳолатлар биз учун тобора одатий ҳолга айланиб бораётгандек, ҳайратлантирмай, ҳаяжонлантирмай қўйгандек, барчамизни кўниктириб қўяётгандек.

Фарида ҚОРАҚУЛОВА, 

журналист