Монополияга қарши курашиш қўмитаси “Ўзавтомоторс” АЖга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги учун иш қўзғатди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ҳукумат топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда фуқаролардан ёзма ва оммавий ахборот воситалари орқали келиб тушаётган мурожаатларни инобатга олган ҳолда, “Ўзавтомоторс” АЖда  Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги қонуни ва соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, шу жумладан, ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилиши асослилиги юзасидан ваколат доирасида текшириш ўтказилди.

Текшириш натижалари бўйича жамият томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида” Қонунининг тегишли моддаси талаблари бузилиши аломатлари аниқланиб, “Ўзавтомоторс” АЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, “Ўзавтомоторс” АЖга нисбатан қўзғатилган иш бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан тегишли қарор қабул қилинганидан сўнг натижаси бўйича қўшимча ахборот тақдим этилади.

Аввалроқ ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ҳисобланган депутатлар Р.Кушербаев, Д.Ғаниев, Н.Жумаев томонидан “Парламент назорати” шаклида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Ш.Шариповга тегишли депутатлик сўрови юборилган эди.

Сўровда Ҳукумат топшириғи доирасида “UZAUTOMOTORS” АЖ томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, шу жумладан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар таннархи шаклланиши ва нарх қўлланилиши асослилиги юзасидан олиб борилган ўрганишлар ва кўрилган чоралар ҳақида асослантирилган ахборот бериш ҳамда қўмитанинг автомобиллар нархини аҳолининг ҳарид қобилиятига мослаштириш юзасидан нуқтаи назарини баён этиш талаби қўйилган.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг