Ўзбек киноси ривожида янги босқич бошланди

0

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳамда Кинематография соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳа вакилларининг ижодий фаолияти учун муносиб шароит яратиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
8 апрель куни “Ўзбекфильм” Давлат унитар корхонасида ушбу фармон ва қарор юзасидан студиясида киноижодкорлар, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари иштирокида кино-форум бўлиб ўтди.


Тадбир давомида сўзга чиққанлар мазкур фармоннинг аҳамияти, юртимизда миллий кинематография ривожига қаратилаётган юксак эътибор, мазкур қарор ва фармоннинг аҳамияти, бу ҳужжатлар ижроси юзасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан фикр билдиришди. Давлат раҳбарининг соҳа ривожига қаратаётган улкан эътиборига жавобан кино соҳаси вакиллари астойдил меҳнат қилиши, ҳар жиҳатдан пишиқ ва мукаммал ижод намуналарини яратиши лозимлиги қайд этилди.

Янги ҳужжатларга асосан“Ўзбеккино” миллий агентлиги номи бундан буён Ўзбекистн кинематография агентлиги деб қайта номланди.
Фармонга асосан, кино санъатини жамиятнинг маънавий, маданий-маърифий ҳаётидаги ролини ошириш, кино саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини бозор тамойиллари асосида такомиллаштириш, хорижий кинокомпанияларни мамлакатга жалб қилиш ва ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, замонавий ва юқори технологик моддий-техник базага эга инфратузилмани яратиш, кинематография соҳасида кадрлар тайёрлаш, миллий сериаллар ишлаб чиқаришни давлат томонидан рағбатлантириш сингари масалалар миллий кинематографияни ривожлантиришнинг устувор йўналшлари этиб белгиланган.

Янги фестиваль, янги мукофот…

Президент фармонига кўра, жорий йилдан бошлаб, “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали мунтазам ўтказиб борилади. Маълумки, 1968-1997 йиллар давомида ўтказилган Тошкент Халқаро кинофестивали ўз вақтида кино оламидаги нуфузли анжуманларидан бири ҳисобланган. Ҳар тўрт йилда бир маротаба ўтказилган бу халқаро фестивалда Осиё, Африка ва Лотин Америкасининг ўнлаб мамлакатларидан келган киноижодкорлар ўз ижод намуналарини намойиш этишган. Жорий йилдан бошлаб бу анъана қайта тиклангани маданий ҳаётимиздаги муҳим воқеа саналади.
Фармонда Кино санъати ва саноати вакилларининг муаллифлик ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарадиган Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмасини очиш, кинематография йўналишида таълим олаётган талабалар учун Худойберган Девонов номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш, “Олтин Хумо” миллий кино мукофоти тақдимотини ҳар йили ўтказиб бориш, “Кинематография фидокори” кўкрак нишонини таъсис этиш, Миллий кинематографияни ривожлантириш марказини очиш сингари вазифалар ҳам белгиланган.

Соҳа вакиллари учун имтиёзлар

Киноижодкорлар ва киностудиялар учун бир қатор солиқ ва божхона имтиёзларининг жорий қилиниши, кино прокатидан тушган маблағнинг тўртдан бир қисми фильмни суратга олган киностудия ва киноижокорларни рағбатлантиришга йўналтирилиши, ҳар йили давлат бюджетида миллий сериаллар учун 12 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратилиши ҳам миллий кинематографияни ривожлантиришда, янги қадам бўлди. Шунингдек, янги тартибларга мувофиқ, Фильмни ишлаб чиқариш жараёнида фильм бюджетининг 10 фоизигача миқдорда нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишга рухсат этилади.
Ёш киноижодкорлар учун эса Бутунроссия кинематография институтининг Тошкенда филиали очилади. Замонавий кино таълими тизимини киритиш учун киноакадемия қурилади
Кинотеатрлар тармоғини кенгайтириш бўйича ҳам бир неча чоралар бор. 2021 йил 1 июлдан бошлаб савдо майдони 15 минг квадрат метрдан ортиқ янги қуриладиган савдо марказларида кинотеатр ташкил этиш мажбурий тартиби ўрнатилади. Кинотеатрларда жами ўриндиқлар сони 300 тадан ва кинозаллар 4 тадан кам бўлмаслиги зарур. Республика бўйлаб ўриндиқлар сони 250 тадан кам бўлмаган ва камида 3 тадан кинозалга эга бўлган савдо марказларини қуриш учун тадбиркорларга 25 сотих ер майдонлари бепул ажратилади.
2024 йил 1 январга қадар кинотеатрлар рақамли проекторлар билан жиҳозланса, уларни харид қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат бюджетидан қоплаб берилади
Кинотеатр ва кинокомпаниялар моддий-техника базасини кучайтириш мақсадида 2024 йил 1 январга қадар 11 турдаги товарлар учун божхона божининг ноль ставкаси белгиланмоқда.
Аудиовизуал асарлар (кино, сериал, мультфильм, ҳужжатли фильм, телекўрсатув) яратишда республика ҳудудида амалга оширилган харажатларнинг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш (“rebate”) тизимии жорий этилади. Унга кўра, маҳаллий кинокомпанияларга улар томонидан фильм ишлаб чиқаришда тўланган солиқ суммасининг 50 фоизи ҳисобот йили якунига кўра қайтариб берилади.
Фармон ортидан қарор
Мазкур фармон асосида қабул қилинган Президент қарорида ҳам кинематаография соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш юзасидан бир қатор янги тартиблар жорий қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Кинематография академияси, “Республика кинофонди” ДУК негизида бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган “Ўзбекистон миллий кинофонди” давлат муассасаси, “Ўзбекфильм” ДУК негизида хусусий кинокомпанияларга фильм, мультфильм ва сериаллар яратиш бўйича хизмат кўрсатувчи “Ўзбекфильм” киноконцерни” давлат унитар корхонасини ташкил қилиш белгиланди. 2021-2022 йилларда миллий кинематография соҳасини ривожлантириш “йўл харитаси” тасдиқланди.
Молиялаштириш манбаидан қатъи назар, маҳаллий кинокомпаниялар томонидан ишлаб чиқарилган фильмлар ва уларнинг бошланғич материаллари, шунингдек, республикада амалга оширилаётган йирик лойиҳалар бўйича тайёрланган видео ва фото материаллар сақлаш учун бир нусхада Ўзбекистон миллий кинофондига топшириш белгилаб қўйилди.
300 киноижодкорнинг мурожаати
Тадбирда 300 нафардан ортиқ киноижодкорлар ушбу фармон ва қарор учун, яратилаётган шарт-шароитлар учун давлатимиз раҳбарига мурожаатнома қабул қилишди. Унда жумладан шундай дейилади:
“Олдимизда ниҳоятда жиддий вазифалар турибди. Уларни ижроси албатта жуда катта масъулият ва жонбозликларни талаб этади. Истиқболимиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қиладиган сизнинг фармон ва қарорингиз миллий кинематографиямиз янги Ўзбекистоннинг шахдам қадамларига ҳамқадам бўлиб нурли манзилларга олиб боради.
Бу йўлда барча ёшу қекса турли авлод вакиллари бўлган барча кино мутахассислари ва киноижодкорлар аҳил бир жамоа сифатида сиз белгилаган вазифаларни бажаришга сўз берамиз”.
Таъкидланганидек, мазкур икки муҳим ҳужжат ўзбек миллий киносинининг шуҳратини тиклаш ва янада юксалтириш, миллий кинобозорни шакллантириш ва киномаҳсулотларимизни халқаро бозорга олиб чиқиш, тизимдаги муаммоларни бартараф этиш, миллий руҳда ва замон талаблари даражасида киномамаҳсулотлар яратиш ва ўзбек киноси дурдоналарини келгуси авлодларга бекаму кўст етказишда катта ўрин тутади.

Аввалги мақолаОлмалиқда рақамли геология маркази иш бошлади
Кейинги мақолаТадбиркор фойдасига 1 миллиард 900 миллион сўмга яқин қарздорлик ундирилиши белгиланди