“Ўзбекгидроэнерго” ОТБ билан умумий қиймати 60,0 млн. АҚШ долларига тенг учта ГЭС қуришга келишди

0

Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасида “барқарор гидроэнергетика” лойиҳаси доирасида Оқсу дарёсида Рабат ГЭС ҳамда Чаппасуй ГЭС қурилиши ва Оқдарё-Оқсу дарёсида Тамшуш ГЭС қурилиши лойиҳаларини молиялаштириш учун 25 йил муддатга 60 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилиши бўйича заём келишуви имзоланди.

Ушбу ҳамкорлик доирасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ва Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари Синтия Малвичени ўртасида лойиҳа келишувлари имзоланди, деб хабар беради «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Ахборот хизмати

Мазкур ГЭСлар қурилишига жалб этилган кредит маблағлари лойиҳалар доирасида Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида тендер савдолари асосида танлаб олинган бош пудратчи молиялаштирилади.

Умумий қиймати 60,0 млн. АҚШ долларига тенг Оқсу дарёсида Рабат ГЭС қурилиши, Оқсу дарёсида Чаппасуй ГЭС қурилиши ва Оқдарё-Оқсу дарёсида Тамшуш ГЭС қурилиши инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосномасига мувофиқ, қурилиш ва монтаж ишлари учун жалб қилинаётган кредитнинг 21,6 млн. АҚШ доллари, машина ва ускуналари учун 23,6 млн. АҚШ долларига тенг қисмидан фойдаланилади. Кредитнинг қолган маблағлари лойиҳани бошқариш ва салоҳиятини ошириш, лойиҳа олди харажатлари ҳамда юқори кучланиш тармоғи учун фойдаланилади.

Ушбу янги ГЭСларни 2022 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Янги ГЭСларнинг умумий ўрнатилган қуввати 24 МВтни ташкил этади: Рабат ГЭС – 6,2 МВт, Чаппасуй ГЭС–7,5 МВт, Тамшуш ГЭС–10,3 МВт.