Қонунчиликдаги янгиликлар

“Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (30.07.2020 йил. ПҚ—4794) қабул қилинди.

Мақсад:

Мамлакатимиз ҳудуди сейсмик фаол зоналарда жойлашганлиги сабабли сейсмик хавфнинг олдини олиш, аҳоли ва ҳудудларни сейсмик хавфдан ҳимоя қилиш, бу борада малакали кадрларни тайёрлаш, сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини жаҳон стандартлари асосида ривожлантириш.

Қарор билан Ўзбекистон Республикасида сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизимини такомиллаштириш дастури тасдиқланди.

Ҳужжатга мувофиқ, сейсмик хавфсизликни таъминлашнниг асосий йўналишлари белгиланди:

  • аҳолининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
  • сейсмик хавф даражасини камайтириш чораларини кўриш;
  • фойдаланишда бўлган ва фойдаланишга топшириладиган бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини назорат қилиш;
  • республика ҳудудида жойлашган сув омборлари ва гидротехника иншоотларининг сейсмик мустаҳкамлигини назорат қилиш;
  • сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;
  • сейсмик хавфсизлик ва мустаҳкамликни таъминлашнинг илмий асослари ва технологияларини такомиллаштириш.

Мазкур қарор билан 2021 йил 1 парелдан бошлаб:

республиканинг сейсмик фаол ҳудудида жойлашган мавжуд бино ва иншоотлар, шунингдек, кўп қаватли турар жойларнинг сейсмик заифлигини баҳолаш учун зарур бўлган маълумотларни назарда тутувчи электрон техник паспортлар шакллантирилади.

2021 йил 1 майдан бошлаб:

янги қурилиши режалаштирилаётган кўп қаватли бино ва иншоотларнинг конструктив тизими, қурилиш майдонининг сейсмик даражаси, юк кўтарувчи конструкциялар материалларининг мустаҳкамлик кўрсаткичларини назарда тутувчи электрон техник паспортларни шакллантириш амалиёти йўлга қўйилади;

шакллантирилган электрон техник паспортлардан сейсмик хавф прогноззи мавжуд бўлган ҳолларда бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ўрганиш, содир бўлиши кутилаётган зилзилага тайёргарлик кўриш ва унинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида фойдаланилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 декабрга қадар:

минтақавий даражадаги сейсмик хавфни баҳолашнинг илмий-услубий асосларини, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудининг майда масштабли сейсмик риск харитаси ишлаб чиқилади;

кучли зилзилаларни ўз вақтида прогноз қилиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳамда тегишли профилактик чора- тадбирларни самарали амалга ошириш мақсадида майда масштабли сейсмик риск харита базасида дастурий таъминот яратилади ва аҳолининг бундан хабардорлиги доимий таъминлаб борилади.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг