Ўзбекистон “Толибон”нинг 400 нафар маҳбуси озод қилинишини қўллаб-қувватлайди

0

Ўзбекистон Ҳукумати Афғонистон оқсоқоллари кенгаши — “Лоя жирға”нинг 400 нафар толиб-маҳбусни озод қилиш тўғрисидаги қарорини олқишлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати  баёнот берди. Унда айтилиишча,  бу қарор афғонлараро инклюзив музокаралар олиб бориш йўлидаги сўнгги тўсиқни олишга хизмат қилиши мумкин.

“Ўзбекистон томони Қатар пойтахти —  Дохада Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида музокара жараёни бошланишини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва афғон заминида узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликка эришиш йўлида томонлар сиёсий ирода, конструктив ёндашув ва муросага тайёр эканликларини намойиш этишларига умид билдиради”, дейилади ушбу баёнотда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси тинчлик жараёнини илгари суришда ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатишда давом этади ва афғон халқига тинч келажак, фаровон давлат қуришда ҳар томонлама кўмаклашишга қатъиян тайёр эканлигини маълум қилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта сўнгида Афғонистон Президенти Ашраф Ғани мамлакат оқсоқоллар кенгаши — “Лоя жирға”нинг уч кун давом этган мажлисида “Толибон” ҳаракатининг оғир жиноятларни содир этишда айбланган 400 нафар жангарисини қамоқдан озод қилишга қарор қилгани ҳақида маълумот берган эди.  Ашраф Ғани маҳкумлар қисқа фурсатда озодликка чиқарилишини билдирган. “Лоя жирға” раиси Абдулла Абдулла ҳам бу қарор Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка йўл очишини таъкидлади¸ дея хабар беради Афғонистоннинг “Бохтар” ахборот агентлиги.

Маълумки, ўтган асрнинг 90-йилларида вужудга келган “Толибон” ҳаракати, мамлакатдаги бир қатор қуролли гуруҳлар ва расмий ҳукумат ўртасидаги низолар Афғонистондаги беқарорликнинг асосий сабабларидан бири сифатидан баҳолаб келинарди. Афғонистонда 40 йилдан зиёд давом этиб келаётган можароларнинг ҳал қилинишида “Толибон” ҳаракати расмийлари билан муросага келиш муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда қўшни афғон заминидаги нотинчликни бартараф этиш юзасидан халқаро майдонга бир қатор ташаббуслар билан чиққан. Жумладан, 2018 йилнинг март ойида Тошкентда мамлакатимиз  раҳбарияти ташаббуси билан Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция ўтказилган, бу анжуман  афғонлараро тинчлик жараёнини фаоллаштиришга Ўзбекистоннинг муҳим ҳиссаси бўлиб қўшилган эди.