Ўзбекистон ва БМТ: инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги ҳамкорлик

0

Ўзбекистон мустақил давлат мақомига эга бўлгандан сўнг бир йил ўтиб 1992 йил 2 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган эди. Бу воқеадан сал кам 30 йил ўтиб эса яна бир тарихий воқеа юз берди – Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига кўпчилик овоз билан уч йил муддатга сайланди.

Ўзбекистоннинг Кенгашга сайланиши – бу жаҳон ҳамжамиятининг юксак эътирофи, мамлакатнинг янги ташқи сиёсати, шу жумладан халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга ҳаракатларини қўллаб-қувватлашнинг ўзига хос ифодасидир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги турли халқаро ташкилотлар билан, жумладан БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишда фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.

2021 йил 22 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқи Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш тамойилига содиқлигини эътироф этгани билан экспертлар ва сиёсатшунос олимлар эътиборини ўзига қаратди.

Ўзбекистоннинг ташаббусларидан бири – бу “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия” Декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказишдир. Бу глобал форумда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришнинг ҳолати ва истиқболлари таҳлил қилинади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ўрнатилган халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимининг устувор йўналишларидан биридир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топганидан бери инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва инсон ҳуқуқларига оид халқаро меъёрлар ва принциплар тўғрисида маълумот тарқатиш масаласи унинг диққат марказида бўлиб келмоқда. 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳам инсон ҳуқуқларига тўлиқ риоя қилиниши учун инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари соҳасидаги таълим ва тарбиянинг аҳамияти баён этилган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тизими фаолияти доирасида инсон ҳуқуқлари таълимининг асосий тамойиллари, мақсади ва вазифалари, мақсадли гуруҳлари, шакл ва усулларини белгиловчи халқаро дастур ва ҳужжатлар яратилган.

Ўзбекистон Республикаси аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга доимо алоҳида эътибор бериб келмоқда.

2019 йил Ўзбекистон Парламенти “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия” Декларациясини ҳамда Декларация қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режасини қабул қилди.

Ушбу ҳужжат инсон ҳуқуқларига оид таълим бўйича Бутунжаҳон дастурининг тўртинчи босқичи ғоялари ва қоидаларини амалга оширишда  муҳим аҳамият касб этади.

Инсон ҳуқуқлари ва таълимни тарғиб қилишда маҳаллий, миллий ва глобал даражадаги кенг аҳоли қатламларини жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Назира Рахматиллаева,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” 
журнали мутахассиси

Аввалги мақолаЧақалоққа ҳам квартира ҳадя қилса бўладими?
Кейинги мақолаСудлар адолат қўрғони бўлмоғи лозим