Ўзбекистонда ички истеъмол талабини қондириш учун табиий газ импорти йўлга қўйилади

0

Бугун АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистонда ички истеъмол талабини қондириш мақсадида табиий газ импорти йўлга қўйилиши маълум қилинди.

“Ўзтрансгаз” АЖ матбуот котиби Шаҳноза Равшанованинг айтишича, “Ўзтрансгаз” АЖ табиий газни экспорт ва импорт қилиш учун газ қазиб олувчи ташкилотлардан олиб, магистрал газ қувурига тўғридан-тўғри уланган истеъмолчиларга етказиб берувчи оператор саналади. 2020 йилда республика истеъмолчиларига қарийб 40 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилди. Куз-қиш мавсуми совуқ келгани боис ҳукумат топшириғи билан экспорт ҳажми камайтирилиб, ички истеъмолга йўналтирилди.

2020 йилда 194 кмдан ортиқ узунликдаги магистрал қувурларида қурилиш, капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилди.

“Ўртасарой”, “Учтом”, “Янги ҳаёт” ГТС қурилди, бир қатор ГТСлар замонавий талаблар асосида реконструкция қилинди.
2020 йилда республика ҳудудида жойлашган газ тақсимлаш иншоотлари миллий геоахборот тизимига тўлиқ киритилди.

Магистрал газ қувурларида газ ҳисоби ва назоратининг автоматлаштирилган онлайн тизими (АСКУГ) жорий этилгани натижасида газ қазиб олувчи ташкилотдан олинаётган ҳамда истеъмолчиларга тўғридан-тўғри етказилаётган газнинг ҳисобини онлайн юритиш имкони яратилди.

Президент Ш.Мирзиёевнинг Парламентга йўллаган мурожаатида табиий газ таъминотидаги монополия бекор қилиниб, бозор механизмлари босқичма-босқич жорий этилиши таъкидланди. Бунда ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар биржа орқали табиий газни сотиш, улгуржи истеъмолчилар эса газни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. “Ўзтрансгаз” АЖ эса фақат газни транспортировка қилади. Ҳозирда айни жараённинг норматив-ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилмоқда.

Жорий йил сўнгига қадар улгуржи истеъмолчиларнинг маълум бир қисми табиий газни биржалар орқали сотиб олишни бошлайди ва бу жараён босқичма-босқич давом эттирилади. Ортиб бораётган ички истеъмол талабини қондириш мақсадида табиий газ импорти йўлга қўйилади.