Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинмоқда?

0

 Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиб ўз зимасига инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш мажбуриятини олган. Ўзбекистон Республикаси навбатдаги аъзо сифатида 2020 йил  13 октябрда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга кирди ва 2021 йил 1 январдан бошланадиган навбатдаги уч йиллик муддатга сайланди. Кенгашга аъзолик БМТнинг аъзоси бўлган ҳар қандай давлат учун очиқ ва аъзолик муддати уч йилни ташкил қилади.

2020 йил 22 февраль давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович  Мирзиёев ўз нутқида мамлакатда демократик янгиланишларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш доирасидаги ишларнинг асосий вазифаларига кенг эътибор қаратди.

Мамлакатимиз сўнгги йилларда очиқ сиёсатни тўла қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашга аъзо бўлиш учун инсон ҳуқуқлари борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбари жорий йилда БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш масаласини илгари сурди. Бу бутун Ўзбекистон ёшларини тўлқинлантириб, уларни қизиқиш ва иштиёқини янада кучайтиради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини  изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида 2018 йил  20 октябрида Вазирлар Маҳкамасининг “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарори қабул қилинган. Ушбу қарорда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар белгиланган.

Ушбу қуйилган мақсадларга эришиш учун 2020 йилнинг йил 23 сентябрида БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессияси кун тартибига дунё ҳамжамияти эътиборини инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, ёшлар масалаларига қаратилди, пандемия шароитида давлатлар мажбуриятлари билан боғлиқ муаммоларига қаратиш, иқлим ўзгариши ва қашшоқлик каби масалаларни ҳал қилишга қаратилган ташаббуслари Ўзбекистоннинг дунёдаги долзарб муаммоларга бефарқ эмаслигидан далолат беради.

2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилиниб, у асосида хотин-қизларнинг жинсий камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси кўмагидаги Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия тузилди.

2020 йил 22 февраль давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович  Мирзиёев ўз нутқида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш доирасидаги ишларнинг асосий вазифаларидан бири гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни давом эттиришга қаратилганлигини Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг асосий тамойили ҳисобланади. Зеро, бугунги саъй-ҳаракатлар, қонунчилик асосини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришдек эзгу мақсадларимиз рўёбга чиқишининг энг муҳим гаровидир.

 

Фарингиз Юсупова,
Тошкент давлат юридик университети “Ҳалқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари” кафедраси ўқитувчиси

 

Аввалги мақолаҚашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабуллар ўтказилади
Кейинги мақола   ДХА Наманган вилоят бошқармаси “Бунёдкор” маҳалласида аҳоли муаммоларини ўрганди