Ўзбекистонда нима арзон?

167

Отамзамонда сайловга кузатувчиликка келган хорижлик ҳамкасб билан ҳамсуҳбат бўлгандик. Қисқаси, кузатувчига ҳамроҳликка танланганман. Тўкин дастурхон атрофида дабдурустдан “Ўзбекистонда нима қиммат?” деб сўраб қолса денг. Кўзлари ола-кула бўлиб кетган таржимон қиз машъум саволни ҳали ўрисчалаштириб улгурмасидан оғзимиздаги оғзимизда, бўғзимиздаги бўғзимизда қолди. Вазиятни нозик илғаган сўрармон масалани бошқачароқ қўйди: “Ўзбекистонда нима арзон?”…

Ўша жавобсиз савол яқинда яна кўнглимда айланди.

Карантин бошлангандан берисига, икки ой мобайнида вилоят шифохоналарида ҳали у, ҳали бу касалликка обдон даволаниб даво топмаган жияним, 12 яшар Рустамни пойтахтга олиб келишди. Ота-онасининг бўлари бўлган. Аввалига боланг қон касал деб қонини сўрганлар, кейин буйраги қурияпти деб жигар-бағрини хун қилганлар. Орада қанд касали ташхиси ҳақида гапириб, бобо-момосининг қандини ошириб юборганлар. Қариндош-уруғ оёққа турган, дўхтирлар Анқонинг уруғини топиб кел десаям,  муҳайё қилишга тайёр.

Ота бечора ўғлимни Тошкентга олиб кетаман деса, қуриб кетгурлар бирорта хат-ҳужжатни беришмабди. Таҳлил натижалари, УТТ қоғози, муолажа тарихи… Шифокорларнинг аниқ ташхисни пайсалга солиши негадир кишида шубҳа уйғотади.

Худойимга таваккал қилиб, тўғри республика гематология марказига бордик. Одамлар сояроқ жойларга гиламми, олачами, кўрпачами ташлаб ўтирган, ёнбошлаган, ётган. Аксарияти ўзини ана шу умидбахш манзилда узоқ вақт қолишга руҳан тайёрлаган.

Она-бола ичкарига кириб кетди. Акам иккимиз қуёш тиғидан паналашга жой излаймиз. Буни пайқаган “муқим”лар касалхона девори кўланкасига солинган гиламга чорлади дарров. Қўярда-қўймай сафларига қўшиб олишди. Офтобдан қочганимиз яхши бўлди-ю, лекин бечора оталарнинг кўкайидан чиқаётган ҳасрат оташи куйдира бошлади бизни ҳам.

  • Бошингизга болға билан ургандай гангитиб ташлайди ҳали…
  • Дорихонага бир кириб-чиқишим 5-6 миллион сўм бўляпти…
  • Ўғлим ўтган гал қирқ кун ётганди, иккинчи марта муолажа ола бошлаганига ҳам бугун роппа-роса ўттиз кун бўлди. Худонинг берган куни 1-1,5 миллион харажат…
  • Дўхтирлар сизни “соғин сигир”га айлантирмоқчи бўлади. Ўзингизни бечорага солиб тураверинг…
  • Бошқа касалхоналарда сал-пал қўрқади. Бу ердагиларга фарқи йўқ. Бўлмаса, болангни олиб кетавер, деб дўқ ҳам уради…

Ҳеч кимнинг бошига солмасин экан бу кунларни. Отаизорлар жуда аҳил эди, оғайнидан ҳам яқин бўлиб кетганди. Касалхонанинг баланд-пастидан бир-бирларини огоҳ қилиб туришаркан. Куюк кўнгилларнинг барча гап-сўзларига ҳам ишонгинг келмайди, албатта. Лекин фиғону фарёдларнинг рост-ёлғонлигига ҳаётда бевосита ишонч ҳосил қилишни душманингга ҳам раво кўрмайсан.

Акамга зимдан тикиламан. Ҳали ташхис аниқ эмас. Бу даврага бекор бошлаб келибман. У отинг ўчгур дардни ўзидан, боласидан нари қилишга уринади. Гап-сўзларидан билинади. Ўғлидаги белги-аломатлар қон касали эмаслигига ўзини, бошқаларни ишонтирмоқчи бўлади. Бироқ ҳамҳасратлар бошга болға билан туширишни дўхтирларга ҳам қолдирмай, ҳозирдан бошлаб юборишган.

— Таҳлил натижалари тушдан кейин чиқса, унгача буйрагини ҳам текширтириб келамиз, – дейман мавзудан чалғитиб.

  • Шу ерга келдингизми, бошқа ҳеч жойга боришнинг кераги йўқ, — бир-бирининг гапини маъқуллай кетади ҳамсуҳбатлар…

…Бошимизга ташвиш тушса, нега дарҳол таниш қидирамиз? Яқинимизга бирор дард илашса, танишимизнинг таниши бўлса-да, яқинроқ шифокор излаймиз. Худо кўрсатмасин, биров-­ярим касалхонада қазо қилса, майитини ўликхонада ёрмасин деб каттароқ амалдор оғайинга ялинамиз. Ҳатто кадастру газ-­электр бўйича ҳам бизга таниш керак. Мамлакатда коррупция шунчалик илдиз отиб кетганми? Қабул қилинган юзлаб қонунлар қачон ишлайди? Қачон оддий одам бўлиб борсак-да, бақувват амакию тоғалар орқали юқоридан келмасак-да, давлат идораларида ишимиз осонгина битадиган бўлади?..

Биз ҳам шифохонага келишдан олдин “қуролланиб”, фалончининг фалончисининг фалончиси дегандек кўз-кўзга тушса, уяладиган одам топгандик. Тан олиш керак, пистирмадаги “қўшин”дан фойдаланишга ҳожат қолмади. Наргиза деган опа (дўхтирларнинг яримидан кўпи шу номдами дейман) болани уронефрологга кўрсатишни тавсия қилибди, кўнгил тинч бўлиши учун таҳлилга қон ҳам олиб қолибди. Натижани билиш учун эртасига келадиган бўлдик…

Буйрак ҳақида гап кетса, ким эсга келади? Биринчи ўринда ҳаммамиз танийдиган элпарвар (афсус, шу инсонга ўхшайдиган ҳақиқий фидойилар жуда кам) Жуманазар Бекназар, албатта! Айниқса, зиёлилар орасида шуҳрати баланд. Кўп йиллар илгари учта жарроҳлик амалиётида кузатувчи бўлиб қатнашиб амин бўлганман: таърифини келтирсанг, таърифлагудек инсон!

Жуманазар Бекназар бизнинг ваҳимага тўла гапларимизни хотиржам эшитди, бемор болакайга қараб жиддий хасталиги йўқ бунинг, деди ишонч билан. Яна таҳлиллар, текширувлар профессорнинг гапини тасдиқлади. “Болани чарчатиб қўйибсизлар”, деди у вилоятлик ҳамкасбларининг ишидан хижил тортиб. Қирқ кунлик муолажа ёзилди, замонавий дори-дармон ҳам, табиий гиёҳлар ҳам бор…

Бир кун минг кундай ўтди. Акам ва хотинининг еган-ичгани ичига тушмади. Фақат тажрибали шифокорларнинг интуитив қўйган ташхислари умид чўғини милтиратиб турарди…

Айтганча, кўнгилчан янгамнинг врачларга ҳадеб пул тиқиштиришга уриниши мени ажаблантирди. Кассага тўладингиз-ку, десам, бизда ҳар кирган-чиққанда 20-30 минг берилади, дейди ҳайрон бўлиб. Яна, шундай шифокорларга учрабдики, фалон овқат егим келяпти, писмадон тамаки чекаман, мени қаергадир олиб бориб кел… деган талаблар қўяр экан. Фарзандининг эрта-индин куни битишига нозик ишоралардан кейин гангиб қолган ота-она врачнинг олдида авлиёни кўргандек юкинади. Тиббиёт ходимларига тажовузларни ҳеч қачон ёқламаганман. Кейинги икки кунда эшитганларим мени чуқур ўйловга солиб қўйди аммо-лекин.

Эртасига кечаги танишган отаизорлар билан ҳол-аҳволлашиб улгурмасимиздан Рустам ва онаси гематология марказидан хурсанд қайтиб чиқди. Бир томондан теримизга сиғмас қувонч, бир тарафдан болалари бемор одамлар олдида аллақандай тушуниксиз, хижолатомуз ҳолат. Шунда соқоллари ўсиқ, кўзлари ботиқ, бутун афт-ангорига дард-ташвиш уриб кетган киши кўзига ёш айланиб, чангак қўлларини юқорига кўтарганча: “Боринг-да, бир қўчқор сўйинг! Етим-есирга тарқатинг! Тўқларга берманг, бойларга берманг!..” деди.

Қон дўхтири умуман муолажа ёзмабди. Жуманазар Бекназарни роса мақтаб, профессор тайинлаган дори-дармон даволанишга етарли эканини айтибди. Рустамнинг синиққан юзи энди ёришиб, кечаги тунд бола бирдан шўх болага айланганди. Ичидагини тўкиб соларди:

— Мартдан бери фақат қатиқ билан қотган нон едим. Олти ой тухумли нарса мумкинмас дейишганди. Неча қайта ҳисоб­ладим, туғилган кунимда торт ермиканман-йўқми, деб. Энди овқат беринглар менга, қорним оч!..

Дорихонама-дорихона изғиб, пойтахтнинг Юнусобод мавзеси тарафларга бориб қолдик. Рустамга Тошкент телеминорасини кўрсатдим. Тагига олиб боринг, деди дангал. Онаси хижолат, қайнимни овора қилиб қўймаймизми, деб ўйлаяпти. Машинани ўша томонга ҳайдадим. Муаззам иншоот пойига етиб боргач, сизларни оилавий расмга тушираман, десам, икки кап-катта одам уялади. Янгам эри ва ўғлининг ортига ўтиб, ёнбош туриб олибди. Кўнгли ўзларидан қолсин, сурат яхши чиқмади. Кейин Рустам иккимиз телеминора фонида селфи қилдик. Қувончли кунни тарихга муҳрлаш мана шунақа бўлади-да!

Ортга қайтарканмиз, энди расмларни қариндошларга юборинглар, дедим. Шунда янгам эътироз билдирди: булар Тошкентга сайру саёҳатга борибди, дейишмасин… Ижжакилаб ёзиб ўтирганимнинг боиси, ўзбек аёли нега бунча камсуқум, хокисор бўлиб қолди. Нега қувончини, қайғусини баралла айта олмайди? Нега бир-биримизни ботқоққа тортамиз? Орамизда кимнингдир толеи салгина кулиб қолса, ич-этимизни еймиз. Ҳамма камбағал бўлсин, ҳамма бахтсиз бўлсин, ҳамманинг иши юришмасин… Шунақами?

Беш йиллар бурун хорижлик ҳамкасбим “Ўзбекистонда нима арзон?” дея берган саволига мана шу икки кун мобайнида қандай жавоб топганимни фаҳмлагандирсиз. Агар шундай бўлмаганида эркакларимиз арзонгаров ишчи кучи сифатида хорижга сотилармиди? Агар шундай бўлмаганида аёлларимиз арзонгаров фоҳиша сифатида хорижга сотилармиди? Аламли саволлар, жавобсиз жумбоқлар…

Айтар сўзим шул: ҳурматли шифокорлар, дунёни ларзага солган пандемия офатида коронавирусга қарши жон олиб, жон берган фидойи ҳамкасбларингиз ҳаққи-ҳурматини, уларнинг обрўсини тўкманг. Неча ўнлаб эшикларга бош уриб, кўкайи кесилиб, энг сўнгги умидлари ўлмасидан ҳузурингизга келган беморлар ҳаётини бизнесга айлантирманг, илтимос! Қадрли муаллимлар, мактаб остонасидан бир дунё орзулар билан ҳатлаган ўғил-қизларимизни арзон одамлар қилиб тарбияламанг, илтимос! Муҳтарам… Илтимосларимни ёзаверсам, бугун адо бўлармикан?

Фаррух ЖАББОРОВ,
“XXI аср” газетаси мухбири

 

 

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг