Ўзбекистондаги барча боғчалар ноябрь ойи охиригача очилиши айтилмоқда

0

Ўзбекистондаги барча мактабгача таълим ташкилотлари ноябрь ойининг охирига қадар анъанавий таълим шаклига қайтади. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳозирда вазирлик мутахассислари Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги ҳамда халқ депутатлари кенгашлари билан биргаликда боғчалар фаолиятини бошлаш бўйича иш олиб бормоқда.

Иш фаолиятини бошлаш ва болаларни қабул қилиш ҳуқуқи фақат СЭО агентлигидан рухсат олган мактабгача таълим ташкилотларига берилади. Лекин қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилаётган, ходимлари орасида коронавирус аниқланган боғчалар фаолияти тикланмайди.

Хабарда айтилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 5385 та давлат мактабгача таълим муассасаси (89 фоиз) очилган бўлиб, уларда 691,2 минг нафар бола тарбияланмоқда.