Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари глобал ҳаётда қандай акс этади?

0

COVID-19 пандемияси сабабли жаҳон ҳамжамияти мутлақо янги объектив реаллик билан юзма-юз қолмоқда. Аксарият мамлакатларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги, таълим ва бандлик тизими каби соҳаларда жиддий иқтисодий ва ижтимоий муаммолар аҳолини қаттиқ ташвишлантирмоқда. Шу сабабли, жаҳон ҳамжамияти олдида турган кечиктириб бўлмас вазифаларни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиясида онлайн муҳокама қилиш имконияти барча аъзо давлатлар учун ўзига хос мулоқот майдони сифатида айни муддао бўлмоқда.

Куни кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев нутқ сўзлади. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган глобал ташаббус ва таклифлар Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг оддий аъзоси эмас, балки бугунги таҳликали ва мураккаб вазиятдан чиқиш бўйича фаол ташаббускор аъзоси сифатида намоён қилди.

Ўзбекистон глобал миқёсдаги коронокризисни енгишда давлатларнинг ўзаро ҳамкорлик, билим ва тажриба алмашинуви бўйича сайъ-ҳаракатларни бирлаштириш ва мувофиқлаштириш бўйича муҳим 11 та конвенционал ва институционал ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, глобал миқёсдаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган қуйидаги 3 та муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга оид ташаббус эълон қилинди:

  1. Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс;
  2. Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси;
  3. Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар минтақавий ва глобал муаммоларни ҳал этишда умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Жумладан, пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтишда барча давлатларнинг биргаликда ҳаракат қилишига қаратилган. Дунё пандемия натижасида жуда катта муаммоларга дуч келди. Жумладан, таълим тизимини олайлик, пандемия шароитида ижтимоий сақланиш ҳозиргача коронавирус инфекциясининг олдини олишнинг энг самарали усули бўлганлиги сабабли, мактаб ва олий таълим тизимида жуда катта бўшлиқлар юзага келди. Аксарият ривожланмаган давлатларда масофавий таълимнинг моддий-техник таъминоти тўғри йўлга қўйилмаганлиги ва инсонларнинг оғир иқтисодий аҳволи кўплаб ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқларини чекланишига олиб келди. Биргина олий таълим тизимида талабалар сони 3,5 фоизга, яъни 7,9 миллионга камайиши мумкин.

Бундан ташқари, бандлик соҳасида вужудга келган муаммолар бевосита камбағаллик ва қашшоқликнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, Ер сайёрасидаги ишчиларнинг 18 фоизигина онлайн режимда ишлаши мумкин. Ёки яна бир рақам: ер юзидаги ишчиларнинг деярли ярмидан кўп қисми норасмий меҳнат фаолиятини олиб боради. Ўз ўзидан аёнки, давлатлар мазкур муаммоларни ҳал этишда фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро институтлар билан ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва якунда ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини,  саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган яхлит тизим яратиш мақсадга мувофиқ. Шу сабабли, юқорида қайд этилган кодексни қабул қилиш ва унда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятларини қатъий акс эттириш муҳим ҳисобланади.

БМТ раҳбарлигида бутун инсониятга даҳлдор хатарларга қарши курашга оид қуйидаги ташкилий тузилмаларни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди:

  1. Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий маркази;
  2. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита.

Марказий Осиёда сўнгги йилларда ҳукм сураётган ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳитини янада ривожлантириб, минтақанинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграцияни таъминлаш мақсадида  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини ташкил этиш  тўғрисидаги Ўзбекистон ташаббуси юртимизнинг Марказий Осиё давлатлари иқтисодий барқарорлигидан манфаатдор эканлигини англатиб, барча давлатлар билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликка тайёрлигини намоён этмоқда.

Нафақат минтақа, балки бутун дунёни ташвишга солаётган икки миллионга яқин одамлар унинг қурбонига айланган афғон муаммоси бўйича Ўзбекистон тинчликпарвар ва бунёдкорлик сиёсатини изчил амалга ошириб келмоқда. 2018 йил март ойида ўтказилган Афғонистон бўйича олий даражадаги Тошкент конференцияси амалий натижаларни кўрсатиб, жорий йилда Доҳа шаҳрида афғон сиёсий кучлари ўртасида тинчлик музокаралари бошланганлиги жафокаш афғон халқининг қалбига умид бағишламоқда. Ўзбекистон Афғонистонда электр узатиш тармоғи ва темир йўл қурилиши каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш орқали иқтисодий интеграция жараёнларига фаол инвестиция жалб қилмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш орқали айнан мазкур халқ вакиллари иштирокида Афғонистон можаросини ҳал қилишга йўналтирилган аниқ стратегик йўналишлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга замин яратилади.

Мутахассислар фикрича, короновирус пандемияси, экологик офатлар ва дунёда юз бераётган турли урушлар келгусида қашшоқлик ва камбағалликнинг кескин ортишига сабаб бўлади. Бу эса давлатлардан жамиятда юзага келиши мумкин бўлган тенгсизликнинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўришни тақозо қилмоқда.  Шу сабабли, давлатимиз раҳбари стратегик жиҳатдан коронавирусдан кейинги ўн йилликларнинг энг долзарб муаммоси – қашшоқлик ва камбағалликни глобал ҳаётнинг кун тартибида муҳим масалалардан бири бўлиб қолиши лозимлигини уқтирмоқда.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар COVID-19 каби глобал муаммоларга ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамиятларининг ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда  ривожлантириш орқали эришиш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлаб бермоқда. Давлатимиз раҳбари айнан ҳозир халқаро ҳамжамиятнинг самарали ҳамкорлиги ҳар қачонгидан муҳим эканлигини муҳим ташаббус ва таклифлари орқали жаҳон ҳамжамиятига етказди.

Дилдора УМАРХАНОВА,
Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети декани,

Бекзод НАРИМОНОВ,
Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети декани ўринбосари