“Ўзбеккино” хусусий телеканаллар билан ҳамкорликда миллий сериаллар суратга олади

0

“Ўзбеккино” хусусий телеканаллар билан ҳамкорликда миллий сериаллар суратга олади. Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бадиий ва экспертлар кенгашлари қўшма йиғилишида хусусий телеканаллар билан суратга олиниши режалаштирилган миллий сериаллар лойиҳаларини кўриб чиқилган.

Лойиҳага мувофиқ, “Ўзбеккино” ва хусусий телеканаллар билан тенг улушда молиялаштирилиши режалаштирилган “Сунъий нафас”, “Маҳалла”, “Қодирхон”, “Дард”, “Орзулар палатаси” каби сериалларнинг сценарийлари устида иш бошланган. Ушбу сериаллар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўқитувчилар ва шифокорлар тўғрисида киномаҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича топшириғи ижросини таъминлаш ва ўзбек телеканалларида сифатли миллий сериаллар контентини кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқарилади.

Ушбу лойиҳа доирасида агентлик бир неча телеканаллар билан музокаралар олиб борди ва уларнинг айримлари билан келишувга эришилди. Ҳозирда ушбу сериалларнинг ижодий гуруҳи таркиби шакллантирилмоқда. Хусусий телеканаллар билан тенг улушда сериаллар ишлаб чиқариш амалиёти илк бора кузатилмоқда.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бадиий кенгаши котиби Феруза Нодированинг айтишича, телевидениеда эфирга узатилаётган хорижий сериаллар билан рақобат қилиш учун жиддий даражадаги лойиҳаларни амалга ошириш зарур бўлади:

“Ҳозирги кунда томошабинлар орасида миллий сериалларга талаб кучайган. Бироқ ушбу талабнинг қай даражада ва қандай сифатда қондирилаётгани кўпчиликда саволлар уйғотмоқда. Айнан шу бўшлиқни муносиб контент билан ёпиш мақсадида “Ўзбеккино” хусусий телеканаллар билан музокалар олиб бориб, ҳамкорликда сериаллар ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришган. Телевидение орқали эфирга узатилаётган хорижий сериаллар билан рақобат қилиш учун жиддий даражадаги лойиҳаларни амалга ошириш зарур бўлади. Бундай ҳамкорликдаги лойиҳалардан эса икки томон ҳам манфаатдор. Ва қолаверса, учинчи асосий томон томошабинларни ҳам унутмаслик зарур. Президент топшириғига кўра суратга олинадиган сериаллар шунчаки ижро этиш учун эмас, балки халққа манзур бўлиши, томошабинларга ёқиши, сифатли маҳсулот бўлиши керак. Бу бўйича Бадиий кенгаш аъзолари ўзларининг таклиф ва тавсияларини беришди” дейди Феруза Нодирова.