Ғафур Ғулом Навоий қабри устида нималарни ҳис қилган?

0

Ғафур Ғулом чин маънода Навоийни ўзининг маънавий устози деб ҳисоблаган. А.Навоийнинг “Хамса”си шоирнинг энг севимли асарларидан бири бўлган. “Навоий ёлғон илмларни ёқтирмас эди… У ҳақиқий жаҳоний илмлар билан қуролланишни тавсия этарди”, – дея Ғафур Ғулом буюк даҳога юксак баҳо берган.

Қолаверса, Навоий ижодиётини тарғиб этиш, янги даврда янги руҳ билан ҳар бир хонадонга кириб бориши бевосита Ғафур Ғулом номи билан боғлиқ. Алишер Навоийга бўлган ҳурмати ўзгача бўлганлиги сабаб, унга атаб “Шарқ назми осмонининг икки порлоқ қуёши”, “Навоий ва замонамиз”, “Хоки Мусалло”, “Тахти сафар”, “Буюк устоз” каби илмий мақолаларни, “Фарҳод ва Ширин” достонининг насрий баёнини ва “Тун билан тонг”, “Алишер” номли шеърларини ёзади.

Кўпчилик миллат фидойилари каби Ғафур Ғулом ҳам Навоий қабрини зиёрат қилишни орзу қилади. 1964 йилда ўзининг маънавий устози мангу қўним топган мақбарани зиёрат қилиш учун Ҳирот томон отланади. Ғафур Ғуломнинг қалбида шу дамда қандай ҳис-туйғулар жўш урганини билиш қийин эмас. Боиси, Навоий ҳазратлари ва унинг ижоди Ғафур Ғулом қалбига чин маънода бешик алласи билан жо бўлган ва бутун умр давомида доим буюк даҳо билан ғойибона “сирдош” бўлган.

Ғафур Ғулом Мавлоно Навоий қабри устида таъзим айлаб турар экан, қалбан Навоий билан гаплашади. Навоийга барча ватандошлар меҳри беқиёслигини уларнинг саломи бир неча жилдли китоб бўлиши билан гўзал ўхшатиш қилади.

Дилим равшанлигин ҳиссим йўлида офтоб айлаб,
Мазоринг бошида таъзим ила турмакдадурмен сарҳисоб айлаб,
Қулоғинг сўз эшитмас бўлса ҳам қалбдан хитоб айлаб,
Ватандошлар саломин неча жилдли бир китоб айлаб,
Навоий деб Мусаллога келибмен интихоб айлаб.

Адиб салом йўллаган Ўзбекистон шаҳарларини санаб, Навоий ҳазратлари таълим олган қадимги Мовароуннаҳрни “нашъу намо топган шарафли-шонли маъво” юрт деб атайди.

Самарқанд, Андижон, Тошканду, Урганжу Бухородан.
Ўзинг нашъу намо топган шарафли-шонли маъводан,
 Сенинг орзуларинг рўёбга чиққан янги дунёдан,
Туман Фарҳоду Ширин сув чиқарган бахтли саҳродан
Ажаб гулдаста келтирдим, унга заррин таноб айлаб.

Адиб ўзбек элида Навоий ижоди кирмаган хонадон йўқ эканлиги, унинг куйлари барчага бирдек ёд бўлиб кетганлиги ҳамда бу эл буюк даҳо маърифати билан илму донишга эришганлигини ёзади.

Китобинг кирмаган ўзбек элида хонадон йўқдир,
Рубобий куйларинг ёд билмаган бир жонажон йўқдир,
Етук авлодларингдир илму донишли, гумон йўқдир,
Башар тарихини юз бор ўқи, бундай замон йўқдир,
Кўнгилларни ёритдик маърифатдан моҳитоб айлаб.

Ғафур Ғулом ўзбек элининг маърифати доим Навоий ҳазратлари сиймосидан куч олиши ва ул Ҳазрат ҳам “рўзи машҳаргача” буюк элнинг истиқболига тилакдош бўлиб ётишини “маънавий устози” сатридан олиб, ғазалга якун ясайди.

Ватан осмонида нурга тўла офтобни, юлдузни,
Буюк иқболни ижод айлаган мингларча гул юзни,
Қоронғи шоми йўқ доим мунаввар бахтли кундузни,
Жамолини кўришга бир умрлар юммайин кўзни,
“Навоий ҳам ётар то рўзи маҳшар тарки хоб айлаб”

“Алишер Навоий қабри устида” шеъри 1964 йилда “Ҳирот” номли шеърлар туркумидан жой олди.

Ғафур Ғулом ўз ижодида Алишер Навоий анъаналари мавзуига бот-бот мурожаат қилиши бежиз эмас. Миллатнинг маърифати ҳам маънавияти ҳам Навоийнинг ижоди билан чамбарчас боғлиқ. Не ажабки, Ғафур Ғуломнинг ҳайкали ҳам бир умр ғойибона устоз деб билган Алишер Навоий Миллий боғида барпо этилган Адиблар хиёбонидан қўним топди.

 

Бекзод НАРИМАНОВ,

ТДЮУ Конституциявий ҳуқуқ кафедраси доценти в.б.,

юридик фанлари бўйича фалсафа доктори

 

 

Аввалги мақола “Рисоладагидек” она
Кейинги мақолаТўйда сочиш учун қалбаки пул ясаганлар ушланди