Қарор кучга кирди, вазият ўзгардими?

0

ТЎЙЛАР ҳақида жуда кўп ёзилган, ёзиляпти. Телевидение ва радио тўлқинларида туркум кўрсатув ва эшиттиришлар олиб борилмоқда. Биз бу борада яна мулоҳаза юритмоқчи эмасмиз, чунки яқинда тўйларни ихчам ва камхарж қилиб ўтказиш бўйича Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарори қабул қилинди. Мазкур қарор асосида низом тасдиқланди.  Низом 2020 йил 1 январдан кучга кирди. Эндиликда оилавий тадбирлар белгиланган қатъий талаблар асосида ўтиши лозим.

Жумладан:

— тўй, оилавий тадбирлар, маърака ва маросимлар (дафн маросимидан ташқари) фақат 1 кун бўлади;

— улар соат 6:00-23:00 оралиғида ўтказилиши лозим;

— тўйларда 200 нафаргача, ошда 250 нафаргача одам қатнашиши мумкин;

— қўшалоқ тўйда 250 нафар, ошда эса 300 нафаргача одам қатнашиши мумкин;

— келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетишида 3 тадан кўп бўлмаган енгил автомашинадан фойдаланиш мумкин;

— дафн маросимларида чекланмаган одам қатнашиши мумкин (марҳум хотирасига бағишлаб ёзиладиган эҳсон дастурхони бундан мустасно);

— диний маърузалар белгиланган тартибда рухсат олган шахслар томонидан ўқилади;

— “келин навкари”, “чарлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш”, “пул сочиш” ва ҳоказо ишларни ўтказиш мумкин эмас;

— “етти”, “пайшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” ва ҳоказоларни ўтказиш мумкин эмас;

— тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 нафар ва ундан ортиқ шахслар иштирокида оилавий тадбирлар ўтказиш учун албатта шартнома тузилади;

— тадбирлардаги бошловчи (тамада) санъаткор, хонанда, видеочи, фотограф ва бошқалар билан шартнома тузилиши лозим;

— тадбирларда 2 нафардан ортиқ хонанда (гуруҳ) хизмат қилиши мумкин эмас.

Ички ишлар органлари профилактика инспектори фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда фуқаролар ўртасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва камхарж ўтказишга, жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини аҳоли онгига сингдиришга, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг шуҳратпарастлик ва дабдаба билан ўтказилишининг олдини олишга қаратилган аниқ ва мақсадли профилактик тадбирларни ташкил этиши, шунингдек, бундай тадбирлар давомида жамоат тартибини таъминлаши лозим.

Бугун ёшларнинг тўйларда қилаётган хурмача қилиқлари хусусида тўхталмоқчимиз. Шубҳасиз, тўй ҳақида қабул қилинган ушбу қарор бу каби иллатларнинг олдини олишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Бироқ шундай бўлса-да, бугун томир отаётган айрим тўйларда одатга кириб улгурган номақбул удумларни бартараф этишда, хусусан, жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари фойдадан холи бўлмаса керак.

Яқинда бир маҳаллада тўй маросими тугагандан кейин куёвнинг дўстлари уни табриклаш учун даст кўтариб тепага ирғитаётган пайт кутилмаганда нохуш воқеа содир бўлди. Куёвнинг жўралари ушлолмай қолганлиги сабабли у асфальтга тушиб умуртқа поғонаси синиб, бир умрга ногирон бўлиб қолди. Бир ёш қиз бахтига уларнинг бу қилиқлари зомин бўлди. Бошқача айтганда, куёвнинг дўстлари “қош қўяман деб кўз чиқаришди”.

Шунингдек, Каттақўрғон шаҳрида яна бир хунук одат пайдо бўлган. Никоҳ куни ўтказиладиган ёр-ёр кечасида ёшлар пахтани бензинга тўйинтириб, уни катта йўлнинг икки томонида ёқиб, бутун кўчани ўраб олиб одамлар ва автомашиналар қатновини тўхтатиб, рақсга тушишади. Уларнинг бу қилиғи яқинда фожиа билан тугади. Бир машина бесабрлик қилиб олов устидан юриб портлаб кетди. Ҳайдовчи йигит оламдан ўтди. “Санг устига порсанг”, деганларидек ёшлар ўртасида келинникига куёвни олиб бориш пайтида куёв жўралар уларни ҳурмати учун ёзилган дастурхонга ўтиришгач, жўр овоз бўлиб, худди тиланчилардек бор товушлари билан ароқ сўрашади. Энг қизиғи, тўй эгаси ароқ бермаса, куёв жўралар дастурхондаги бор чойнак, пиёла, коса, товоқларни ерга уриб синдиришади. Улар ароқ берилмагунча ёввойилашиб, тинчишмайди. Бундан ҳам баттари эса куёвни чимилдиққа киргизишда хонадаги ойна ва чироқларни атайлаб синдириб, келинбардорлик қилиб ўтирган онахонларни босиб-янчиб, уларнинг соғлигига жиддий зарар етказишади.

— Халқимизда увол ва савоб, деган гап бор. Наҳотки, одамларимиз ана шу пур-ҳикмат гапнинг маъносига етмай, уни моҳиятини англамай кўр-кўрона иш қилмоқдалар, — дейди меҳнат фахрийси, кекса педагог А.Хайдаров. — Одамларга нима бўляпти ўзи, нега биз кексалар ўз фарзанларимизга увол ва савоб ҳақида, исрофгарчилик тўғрисида гапирмай қўйдик? Ахир, биз кекса авлод очарчилик, йўқчиликни кўрганмиз-ку. Бир бурда ноннинг қад­рини яхши биламиз-ку, болаларимиз, набираларимизни тўйларда, бирон яхши кунида қилаётган номаъқулчилик­ларини кўриб, индамаяпмиз.

— Бугун тўйларни ихчам ўтказиш тўғрисида низом ва қарорлар тасдиқланди. Энди ҳеч кимнинг четда туришга ҳаққи йўқ, айниқса, маърифат ва маънавият кишилари, — дейди Каттақўрғон шаҳридаги 14-умумий ўрта таълим мактаби директори У. Шарипова. — Биз ўқитувчилар ҳам ўқувчилар тарбиясига эътибор қаратиб, ёшларни дунё тамаддунида катта обрў-эътибор қозонган аждодларимизга муносиб ворис қилиб улғайтирайлик.

Шу ўринда яна бир гап. Маҳалла оқсоқоллари, кенг жамоатчилик, ҳокимият вакиллари фурсат кутмай, бу борада амалий ишга киришса мақсадга мувофиқ бўларди.

Азим ҚОДИРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири