Қайғунгизга шерикмиз, ҳамдардмиз!

0

21 январь куни бутун  мамлакатимиз бўйлаб тарқалган мудҳиш хабар ҳаммани, айниқса, қизилтепаликларни ларзага солди. 

Россия Федерацияси Томск вилояти, Асино тумани, Причулмский аҳоли яшаш пункти, Свобода кўчасидаги бир қаватли ёғочдан қурилган  уйда ёнғин чиқиши оқибатида шу ерда яшаган 12 нафар Ўзбекистон фуқаросидан ўн нафари вафот этган. Уларнинг 9 нафари Қизилтепа туманидан. Энг ачинарлиси, ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги айни навқирон ёшда бу ҳаёт билан видолашди. Улар орасида эндигина йигирма ёшга тўлган йигитларнинг борлиги эса янада аламли. Ҳалок бўлган ҳамюртларимизнинг беш нафари  тумандаги битта маҳалла — Милтиқчи маҳалласида, қолганлари эса Гумбаз, Маданият, Оқсоч маҳаллаларида истиқомат қилган.

Бугун бу туман, бу маҳаллалар, жигаргўшасидан жудо бўлган бу оилаларнинг, бағри қон оналарнинг қайғусини ҳеч нарсага тенглаштириб, ҳеч нарса билан ўлчаб  бўлмайди.

— Бу фожиада ҳалок бўлганларнинг оилаларига бугун жуда оғирлигини биламиз, — дейди  Навоий вилоят Маҳаллалар Кенгаши бошқаруви раиси Нормурод Исоқов. — Уларнинг аҳволидан хабар олиш, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш бизнинг биринчи  вазифамиз.  — Бу масалада ҳукумат доирасида фармойиш қабул қилиниб, ушбу оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, болаларга ғамхўрлик қилиш кўзда тутилган бўлса-да, биз ҳам Республика бошқарувимиз ёрдамида марҳумларнинг онаси ва турмуш ўртоғига катта миқдорда маблағ ажратиш чораларини кўраяпмиз.

Ушбу фожиа муносабати билан мамлакатимиз раҳбари топшириғи асосида Республика ҳукумат комиссияси тузилиб, фожиа билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш, ҳалок бўлганларни Ватанимизга олиб келиш ва уларнинг оилаларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш чоралари белгиланди.

Куни кеча Қизилтепа туман ҳокимлиги ва туман фаоллари вафот этганларнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиришди. Шунингдек, уларнинг оила аъзоларига моддий ҳамда малакали шифокорлар томонидан тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатиш ташкил этилди.

 “Инсон ва қонун” газетаси таҳририяти Ватандан олисда ҳалок бўлган ҳамюртларимизнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.  Қайғунгизга шерикмиз, сизга ҳамдардмиз!