Қимматга тушган итоатсизлик

0

Маълумки, ҳаётда ҳар бир ишнинг ўз қонун-қоидаси ва талаблари мавжуд. Буни асло унутмаслик керак. Аксинча, қонун талабларига итоат этмаслик қимматга тушиши шубҳасиз.

Фарғонадаги “Vodil Shaxriyorbek fayz” масъулияти чекланган жамияти масъуллари ҳам ана шундай ғайриқонуний иш тутишди. Натижада жамиятга моливий зарар етказишди.

Гап шундаки, 2020 йил 6 апрелда “Vodil Shaxriyorbek fayz” МЧЖ ва  Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари хавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика  бошқармаси  ўртасида Қўштепа туманида жойлашган “Болтакўл” насос станциясини тўла таъмирлаш ишларини амалга ошириш юзасидан 55.517.300 сўм миқдордаги 5/5-сонли пудрат шартномаси тузилган. Пудрат ишларига насос станциясига уланган ердаги асфальт йўли остига ёткизилган ичимлик суви қувирини таъмирлаш ҳам кирган. Аммо “Vodil Shaxriyorbek fayz” МЧЖ бу ишни бажаришда ўзбошимчаликка йўл қўйган. Яъни Қўштепа туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан рухсат олмай ҳамда умумий фойдаланишдаги йўлни кавлаш ишларини тўхтатиш ҳақидаги огоҳлантиришга қарамай, пудрат ишларини амалга ошириб, автомобил йўлига 53.939.554 сўмлик зарар етказган. Ваҳоланки, Ўзбекистон республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонунни  18-моддасида “Автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар: ҳаракат хавфсизлигини ва автомобиль йўлларини сақлашни таъминлай оладиган ҳолатдаги транспорт воситаларидан фойдаланишлари, ажратилган минтақани ифлослантирмасликлари, автомобиль йўлларининг шикастланиш ҳолларига йўл қўймасликлари шарт. Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2020 йил 19 майда тасдиқланган  “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тўғрисида”ги Низомда “Қўмита автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли орган бўлиб, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва эксплуатация қилиш бўйича ишларнинг ягона буюртмачиси ҳисобланиши, қўмита умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари билан муҳандислик коммуникацияларининг кўндаланг кесишишига рухсатномалар бериш функциясини амалга ошириши белгиланган. Бинобарин, туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси “Vodil Shaxriyorbek fayz” масъулияти чекланган жамиятидан етказилган зарарни ундириш юзасидан Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритди.

Суд жараёнида аён бўлдики, 2020 йил 8 майдан бошлаб, жавобгарнинг айби билан бир неча кун ичида маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлига зарар етказилгани пудрат шартномаси, лойиҳа-смета ҳужжатлари, фотосуратлар,  даъвогар томонидан тузилган далолатномалар ва бошқа далиллар билан исботланган. Қолаверса, жамият раҳбари А.Дадабоев асфальт йўлини исимлик суви қувурини таъмирлаш мақсадида кавланганини инкор этмади. Энг таажжубланарлиси, “Vodil Shaxriyorbek fayz” МЧЖ томонидан йўлни ўз ҳисобидан таъмирлашни бошлаши учун ишни судда кўриш бир неча маротаба қолдирилди. Лекин жавобгар зарарни қопламади ёки йўлнинг бузилган 250 метр қисмини ўз ҳисобидан таъмирлаш чораларини кўрмади. Шу билан бирга, даъвогар томонидан  тузилган “Бажариладиган ишлар далолатномаси”га нисбатан жавобгар раҳбари  эътироз билдирмаган ҳамда ишларни бажариш учун сарф-ҳаражатларини аниқлаш учун экспертиза ўтказишни хоҳламади.

Фуқаролик кодексининг 985-моддасига асосан, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан, бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим. Ана шу асосларга таянган суд “Vodil Shaxriyorbek fayz” масъулияти чекланган жамиятидан Қўштепа туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига етказилган 53.939.554 сўм зарар ва 17.840 сўм почта ҳаражатини ундириш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Шундай экан, ҳеч бир жисмоний ёки юридик шахс қонун талаби ҳамиша бажарилиши мажбурий эканлигини унутмаслиги керак.

Жамила АКРАМОВА,
     Фарғона туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Аввалги мақолаБухоро ва Навоий вилоятларида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабуллар ўтказилади
Кейинги мақолаНега Ўзбекистонда Хитойнинг Zhifei Longcom компанияси вакцинаси клиник тадқиқотларини ўтказиш учун танланди?