Давлат тили ҳақидаги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди

0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизматининг маълум қилишича, 2021 йил 27 январь куни депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Конституциямизнинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили экани белгиланган. Бироқ, ҳуқуқни қўллаш амалиётида давлат тилини татбиқ этиш билан боғлиқ муносабатларда айрим камчиликлар кузатилмоқда. “Давлат тили ҳақида”ги қонунда эса унинг амалга оширилишини таъминлайдиган, бу соҳада ягона давлат сиёсатини олиб борувчи махсус давлат органи ва унинг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ масалалар умуман ёритиб берилмаган. Давлат хизматчиларига нисбатан давлат тилини билишга оид талабларнинг белгиланмагани ҳам ушбу қонуннинг амалда самарасиз ишлашига олиб келмоқда.

Шундан келиб чиқиб, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг тўғридан-тўғри татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида мазкур ҳужжатнинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонунда давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги мамлакат сиёсатининг асосий йўналишлари, Вазирлар Маҳкамасининг, давлат органлари ва ташкилотларининг бу борадаги ваколатлари назарда тутиляпти. Ушбу ваколатларнинг қонун даражасида мустаҳкамланиши барча соҳаларда қонун қатъий амал қилиши ўзбек тилининг адабий тил меъёрларига риоя этилишига хизмат қилади.

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳасида яна қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • умумий қоидалар: қонуннинг қўлланиш соҳаси, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили, бошқа тилларнинг мақоми, тил бўйича камситишга йўл қўйилмаслик каби умумий тушунчалар аниқлаштирилган;
  • давлат тилини ривожлантириш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш ва жамоатчилик назорати механизмлари кўрсатилган;
  • давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида давлат тилининг қўлланилиши: иш юритиш тили, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда давлат тилининг қўлланилиши, давлат органлари ва ташкилотларида ходимларнинг давлат тилини билишини қўллаб-қувватлаш, норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек, уларнинг лойиҳаларида фойдаланиладиган тил, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида ишлатиладиган тил, суд ишлари юритиладиган тил, нотариал ҳаракатлар амалга ошириладиган тил, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, фуқаронинг шахсини ва ҳуқуқларини тасдиқлашда қўлланиладиган тил;
  • таълим, маданият, ноширлик фаолияти ва оммавий ахборот воситаларида давлат тилининг қўлланилиши;
  • географик объектларнинг номларида, фуқароларнинг исмларида, муҳр, тамға ва кўргазмали маълумотларда давлат тилининг қўлланилиши;
  • халқаро муносабатларда давлат тилининг қўлланилиши;
  • давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик масалалари.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.