Қонунчилик палатасида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. 

Унда Адлия вазири Русланбек Давлетов иштирок этиб, парламентга “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳасини тақдим этди.

Қонун лойиҳасида, хусусан, қуйидагилар белгиланмоқда:

  • ҳар бир шахснинг диний таълим муассасаларида профессионал таълим олиш, шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида таълим бериш) ўргатиш ҳуқуқини бериш;
  • диний ташкилотлар мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича судга мурожаатлар қилганда давлат божини тўлашдан озод этиш;
  • диний ташкилот рўйхатдан ўтиш жараёнида маҳалла иштирокини бекор қилиш;
  • маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сонини 100 тадан 50 тагача қисқартириш;
  • фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўймаслик талабини бекор қилиш.

Ушбу Қонун лойиҳасининг асосий мақсади ҳамма учун виждон эркинлигини кафолатлаш, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини таъминлаш, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаслик, ҳар бир шахснинг диний эътиқоди эркинлигини тўлиқ таъминлаш, шунингдек, динлараро ва миллатлараро тотувликни сақлаш мақсадида ваколатли давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонунга киритилаётган янгиликлардан бири диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомиллари енгиллаштирилмоқда, хусусан, тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилмоқда, уларни нотариал ва бошқа кўринишларда тасдиқлашга оид талаблар бекор бўлмоқда, давлат хизматлари тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилмоқда, рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари аниқ белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаси учта ўқишда кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан маъқулланган тақдирда Сенатга юборилади.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг