Қоракўлнинг “Оқ уммони”

0

Томчида қуёш акс этганини кўрганмисиз. Ҳа, томчига қуёш жо бўлади. Бухоронинг Қоракўл туманидаги оддий бир мактаб ҳақида гапирганда шу тасаввур хаёлда жонланади. Бу оддийгина кўринган мактаб бежиз Халқаро математика мактаби мақомини олмаган. Шу мактаб бутун дунёни ҳайратга солиб турибди. Бутун Европани ҳам, Осиёни ҳам. Ҳатто Африка қитъасини ҳам лол қолдирди. Тасаввур қиласизми, математика илми танловларида ушбу мактаб ўқувчилари 20 та олтин, 20 та кумуш, 20 та бронзани қўлга киритишган. Улуғ авлиё ва пирлар, алломалар юрти Бухоронинг қутлуғ тупроғида қад ростлаган бу зиё маскани дунёни титратадиган етук математикларни, жаҳон фани чўққисини эгалловчи ёшларини тарбияламоқда. Ушбу жиҳати билан бу биз мактабни илм уммонида мағрур сузиб бораётган оқ кемага қиёсласак бўлади.

Бугун ушбу мактабга Маданият вазирлиги, “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходимлари ҳамда Муқимий номидаги мусиқали драма театри актёрлари ташриф буюриб, ўтказилган ҳуқуқий, маънавий-маърифий учрашувда билимга чанқоқ фарзандларига оқ йўл тилашди.