Қотилликка сабаб лоқайдликми?

0

Инсон онг, ақл-идрок ва тафаккур билан ер юзида энг юқори саналгувчи жонзот. Ана шу буюк иньом ўлароқ у бу оламдаёқ жаннатга эришиб Тангрининг марҳаматига мушарраф бўлиши мумкин. Аммо… фазлу карамга ҳаром аралаштириб қўйса…ўзи учун ёруғ оламни аллақачон жаҳаннамга айлантириб икки оламини азобда қолдириши ҳам тайин.

Ҳалоллик чекиндими, ақл – беақлликка, онг-онгсизликка, идрок ва тафаккур эса йўқликка айланади. Бу эса ахлоқсизлик, тарбия кўрмаганликнинг кейинги босқичларидир. Чунончи, ҳеч бир тарбияли шахс аввало луқмаси, оиласи, маҳалла-кўйи, Ватанини булғамайди.

Инчунун остонадан саломни, туғилгандан аҳлоқни бошлаш барчамизга ҳайрлидир.

 Ака-укалик- жондан азизлик эмасмиди?

Оилада тепкилашиб катта бўлган жигарлар меҳри ҳеч бир қиёсга сиғмас. У илоҳий кучга эгадек, беғубор бир риштага боғланган. Бир муҳит, бир ҳовлида камол топаётган ака-ука, опа-сингилларнинг бахти ҳам бир, қайғуси ҳам. Бирининг товонига тикан кирса бири киприги билан олишга тайёр. Тарих гувоҳ-ки, жигар йўқотишни кўтаролмай бир ойда унинг ортидан рихлат қилган, ёинки, халқумида тиқилиб турган жонни жигарини кўрмагунича азроил билан талашиб турганларга. Ана шу чин бахт, чин инсонлик, ҳақиқий умрдир балки. Лекин…

Хобил, Қобил фожеаси ҳам одамизот учун меросдек аҳён-аҳён янгиланиб қалбингни вайрон, кунингни зимистон қилади. Афсус! Минг афсус!!!

Ҳаловати ҳувиллаган ҳовли

Уч нафар ўғил ўстириб уқубатда қолган Ойлар аянинг ҳаётдан умиди сўнган. Тунида уйқу, кунида ҳаловат йўқ. Девдай-девдай ўғил боқибману ўзимни танитишни ёдимдан кўтарибман, деган унсиз кечинмалардан кўз ёши қуримайди. Ота ўрнин босолмадим, ёлғизлик қилдим, деган ўксиниш юрагини кемириб боради.

Икки ўғилнинг бири уч марта, иккинчиси икки марта уйланди. Учинчисига ҳеч ким юрак ютиб қиз бермайди. Боисики, бу ҳовлидаги кунлик жанжал, маънисиз тўполонларнинг шовқини маҳаллани тутса, изтироби аҳолини ўйга толдиради. Онага раҳмлари келади. Неча бор суҳбатлар қилишган, муҳокамаларга қўйишган. Ўғилларни инсофга келтириш йўлида пўписа қилиб қўрқитишган ҳам.

Тўнғич ўғил Асрор Исматов онасининг айтишича бироз руҳий ҳолати яхшимас. Аммо мардикорга чиқиб 3-4 сўм топиб келади, бировга ёмонлиги йўқ. Фақат укаси Бахром билан асло келишолмайди.  Бахром ўртанча ўғил, ишламайди. Кўзи хира бўлиб қолган, иккинчи гуруҳ ногирони. Шундай бўлишига қарамай ичкиликка шу қадар ружу қўйганки, уйда сотишга арзигулик нарса қолмаган. “Пул топиб бер” каломининг ортидан келадиган жанжаллардан оилада ҳамма безиган, калтак емаган, таҳқирланмаган одам қолмаган! Ҳатто она!!!

Маломатдан бошланган мудҳиш тун

Укасининг онасини калтаклашига чидамаган Асрор бўғзига тиқилган аламни чиқармоқ учун у билан ёқа йиртишади. Маҳалла кишилари, инспектор келиб Бахромни олиб чиқиб кетишади. Асрор ҳам жисми ҳам руҳи чирқиллаётган онасини ичкари оладию хонасига кириб кетади. Ўша куни бу ҳовлида ҳеч ким туз тотмайди. Амаллаб кунни ўтказган Асрор қаттиқ ўкирган овоздан уйғониб кетади. Юраги ортига тортади. Бу укаси Бахром эди.

– Сени ўлдираман! Шу оловда ёқиб ўзим исиниб ўтираман! Чиқ, қанисан Асрор?!

Асрор кўзларини базўр очиб соатга қаради. 02.20.

Ҳақорат, ярим тундаги беоромлик, онасининг йиғлаган кўйи ялинишлари. Асрор хушёр тортганида Бахром ховлида ўт ёқиб қичқирарди. Асрор чиқмайди. Онасига “уйга киринг она, ўзи тинчийди”, дейдию деразани ёпади. Ойлар ая чарчабми, ўғлига қулоқ тутибми ҳартугул ичкари киради. Бир пайт Бахром бир  қўлида ароқ,бир қўлида киркани ушлаб акасининг ёнига киради.

– Мен билан ичасан, бўлмаса хозир сени шу билан ўлдириб ёқиб юбораман!

Укасининг тинчланиши учунми ёки ўзини бироз қўлга оламан деб ўйладими Асрор бир пиёла ароқ ичади ва укаси бироз тинчлангач бошқа хонага чиқиб кетади.

Аламзадаликдан туғилган ёвузлик

Ховлида бироз ховри босилган аланга учқунларига тикилиб тураркан, Асрор ётолмайди. “Қачонгача?!”, деган савол кўнглида алланечук ғаразликларни уйғотиб гўё ўша алангамисол кучайтирарди. У айни пайтда юқорида келтирганимиз,  на ақл, на идрокни ишлата олар, улар ўрнини аламзадаликдан туғилган ёвузлик ва разил ҳаёллар эгаллаб олганди. Гирдоб шу қадар кучли эди-ки, у беихтиёр ташқарига чиқади ва ҳовлида ётган ломни кўтарганча укаси ухлаётган хона томон юради.

Қанийди шу он тўхтаганда! Қанийди…

Ўта оғир бўладиган ломни борки ғазаби билан кўтариб ухлаб ётган укасининг бошига солади. Аммо  кўнгли тўлмайди, иккинчи бор кўтариб ташлаганида уканинг боши сочилиб кетади! Ёвузлик! У содир бўлди! Аммо алам чиқмасди.

– Сен мени ёқмоқчимидинг?!

А. Исматов мурдани тортқилаганча ҳовлига олиб чиқади. Халигина аланга ўралаган чўғ устига олиб бориб устига шох-шабба ташлайди ва устидан бензин сепади…

Жиноят иши баённомасидан:

Марҳум жабрланувчи Б.Исматов мурдаси оёқлари сон, қўллари елка қисмигача тўлиқ ёниб кўмирланган ҳолатда, бош суяги пастки жағ қисмига қадар мавжуд эмас…

Давомини ифодалашга юрак бетламайди. Лекин бу зулм, ваҳшийликни бир инсон ўз жигарига нисбатан раво кўрди. Нега?! Нима учун бу қадар аламзадалик пайдо бўлишига йўл қўйдик? Наҳот фожианинг олдини олиш имкони йўқ эди? Саволлар кўп. Аммо энди уни бериш ва жавоб олишданда маъни йўқ. Ғишт қолипдан кўчиб бўлди.

Хулоса ўрнида

Бир оиланинг етти авлодига қадар етгулик тавқи-лаънат ёмғирдек ёғилди. Бир умр бевақт хазон бўлди, бирининг ўн етти йили эрксизликка маҳкум бўлди.

Бизнинг  хар бир ишдан яхшилик қидиргимиз келади. Ҳеч бир ишни ҳайрсиз бўлмаслигидан умидвор бўламиз. Шу маънода келинг, юқоридаги фожеадан ўзимиз учун хулоса олайлик. Аввало оилаларимиз, фарзандларимиз учун муҳит, тарбияни аъло қилайлик. Кўзларимизни огоҳлик, хушёрликдан чалғитмайлик. Замондошларимиз тақдири, маҳалламиз аҳлининг ҳаёт тарзига асло  беэътибор бўлмайликки, лоқайдлик энг хавфли душманимиздир!

Акром АРИПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди бош консультанти

 

Аввалги мақолаКоронавирусга қарши эмлашнинг салбий оқибатлари йўқми?
Кейинги мақолаСуд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабуллар ўтказилади