Қозоғистондаги бир неча университетларнинг лицензияси тўхтатилди

0

Қозоғистондаги бир неча университетларнинг лицензияси тўхтатилди.

Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги маълум қилди.

Бунинг сабаби — бир қатор университетларни қайта текширишда таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши аниқланган.

“Олмаота” университети, “Қайнар” Академияси, Олмаота иқтисодиёт ва статистика академияси, А.Қуатбеков номидаги Халқлар дўстлиги университети, “Silkway” Халқаро университети томонидан ўтказилган такрорий текширув натижалари бўйича яна таълим соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилгани аниқланган.

Шу муносабат билан Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги, Таълим ва фан соҳасида сифатни таъминлаш қўмитаси томонидан “Олмаота” университети, “Қайнар” Академияси, Олмаота иқтисодиёт ва статистика академияси, А.Қуатбеков номидаги Халқлар дўстлиги университети лицензияси аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар тўхтатилган.

Шунингдек, “Қайнар” Академияси ва “Silkway” халқаро университетининг текшириш натижалари устидан шикоят бўлгани сабаб, текшириш натижалари судда кўриб чиқилаётгани айтилган. Суд жараёнлари якунлангач, тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинган.

Бундан ташқари, М.Х.Дулати номидаги Тараз ҳудудий университетида «ҳуқуқ» (бакалавр) йўналиши бўйича лицензия иловаси амал қилиши тўхтатилган.

Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги абитуриентларга қонунчиликка мувофиқ таълим фаолияти учун лицензия амал қилиши тўхтатилган тақдирда, ОТМ 2020/2021 ўқув йили учун қабулни амалга ошира олмаслигига эътибор қаратишни сўраган.