Дунёнинг барча мамлакатлари сингари Қозоғистон ҳам ўткир вирусга қарши вакцинани ишлаб чиқаришга урунмоқда. Бу ҳақда Kazinform хабар қилди.

Маълум бўлишича, Қозоғистон олимлари коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқаришга март ойининг охирида киришишган. Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги Фан қўмитаси қошидаги Биологик хавфсизлик илмий-тадқиқот институтининг илмий ишлар ва тижоратлаштириш бўйича ўринбосари, ветеринария фанлари доктори Ерғали Абдирайимовнинг айтишича, Қозоғистоннинг коронавирусга қарши вакцинаси барча талабларга жавоб беради.

“Институтимиз олимлари коронавирусга қарши вакцинани яратишга март ойининг охирларида киришди. Биринчи вакцина 9 майда тайёр бўлди. Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотида биринчи номзод вакцинамиз рўйхатга олинган ва клиникадан олдин текширувдан ўтган. Июль ойи охирида олинган натижаларга кўра, у зарарсизлиги, пирогенлиги, иммуногенлик ва бошқа параметрлар бўйича халқаро ва Қозоғистон фармакопея талабларига тўлиқ жавоб беради”, деди Е.Абдирайимов.

Унинг айтишича, вакцина клиник текширувдан сўнг рўйхатдан ўтказиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилади.

Мутахассиснинг фикрига кўра, кенг тарқалган коронавирусга қарши вакцинани тайёрлаш вақти клиник тадқиқотлар билан белгиланади.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг