Қурилиш назорат инспекциясининг иддаоси ўтмади

0

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича   қулай механизм яратилган. Ҳар бир мурожаат доимо тизим эътиборида.  Мабодо мурожаатларни  кўриб чиқиш мобайнида қонунбузилиш ёки бюрократик ҳолатларга йўл қўйилса, буни бартараф этиш чораси кўрилади,  ҳар қандай мурожаатнинг қонун доирасида ижобий ҳал этилишига эришилади.

Мисол учун худди шундай мурожаатлардан бири  Давлат хизматлари агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўрганилди. “KOLBERG PRODUCTION”  масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари қурилиши тугалланган савдо мажмуасини фойдаланишга қабул қилишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Аниқланишича, мазкур масъулияти чекланган жамият 2020 йил 11 ноябрда Сергели тумани,   “Юқори Дархон”  маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган   савдо мажмуасига Сергели туман давлат хизматлари маркази орқали қурилиши тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш юзасидан ариза  берган.  Аммо,  мазкур аризага ДХМга интеграциялашган ваколатли идора,  яъни Тошкент шаҳар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси рад жавобини берган.

Масъул идоранинг рад жавоби сабабини эшитиб,  таажжубланасиз. Ваколатли мутасаддиларнинг баҳонасини кўринг. Эмишки, ушбу объектни қуриш ишлари назорат инспекциясини хабардор  қилмасдан бошланган ва якунланганмиш. Инспекция шу сабабдан   мазкур объектни  фойдаланишга қабул қилиш далолатномасини расмийлаштиришда иштирок этмаслигини иддао қилган. Яна  нима эмиш, ушбу ҳудуд  Тошкент   шаҳрига эмас, вилоятга тегишли эмиш.

Шундан сўнг, тадбиркорлар худди шу  масалада 2020 йил 18 ноябрда Зангиота туман давлат хизматлари марказига ҳам мурожаат қилган. Бунда Тошкент вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Зангиота туман филиали томонидан ушбу бино Тошкент шаҳар Сергели туманига қарашли эканлиги кўрсатилиб, яна рад этилган. Хуллас, бундай  ҳолат бир эмас, 4 маротаба такрорланган.  Бундай сабабсиз сарсонгарчилик  ва югур – югурлар маҳаллий бизнес вакиллари   фаолияти ривожига тушов эмасми?

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси аралашувидан сўнг,  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2019 йил 3 майдаги “Тошкент вилояти Зангиота тумани ва Тошкент шаҳрининг Сергели тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги     ҳамда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2019 йил 19 июндаги   қарорларига асосан “KOLBERG PRODUCTION” МЧЖ томонидан қурилган бино жойлашган манзил   айни пайтда  Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳудудига кириши маълум бўлди ва муаммо тадбиркор фойдасига ҳал этилди.

                                                         Дилмурод РАҲМОНОВ,
                                                         Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бўлим бошлиғи

Аввалги мақолаЯнги кадастр паспорти неча кунда берилади?
Кейинги мақолаНодавлат суд экспертиза ташкилотлари  қандай ҳуқуққа эга?