Ҳадя қайси ҳолатларда бекор қилиниши мумкин?

0

— Мен 1998 йили 15 декабрда 1996 йилда сотиб олган молхонам асосида фермер хўжалиги ташкил қилганман. 2009 йил 18 августда ҳадя шартномаси орқали ўзимга тегишли бўлган молхона бино ва иншоотларни фермер хўжалигимга ҳадя қилганман 2012 йил пенсияга чиқиб ўрнимга энг катта ўғлимни раҳбарликка тавсия қилдим ва у туман ҳокимининг 2012 йил 2 майдан 301-к қарорига асосан раҳбар қилиб тайинланди. Лекин хўжалик низомида раҳбар ўрнига таъсисчи деб ёзилган. Шу тўғрими, аслида таъсисчи менман-ку?

Ҳадя шартномасини қандай бекор қилинади? Фермер хўжалигига раҳбарни ким ва қандай тайинлайди? Фермер хўжалиги низомига ўзгартириш киритиш мумкинми?

— 2004 йил 26 августда қабул қилинган “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида

 “Фермер хўжалигининг бошлиғи шу хўжаликнинг муассиси — фермердир. Ўн саккиз ёшга тўлган, қишлоқ хўжалигида тегишли малака ёки иш тажрибасига эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси фермер бўлиши мумкин. Бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фермер хўжалиги номидан ана шу хўжалик бошлиғи иш кўради. Фермер хўжалиги бошлиғининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснодеб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Сенати томонидан 2009 йил 4 декабрда маъқулланганҚишлоқ ва сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар чуқурлашти рилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг 13-моддасида “Фермер хўжалиги бошлиғи пенсия ёшига тўлганда ёки меҳнат қобилиятини йўқотганда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ушбу Қонуннинг 4-моддаси биринчи қисми талабларига жавоб берадиган ўз оила аъзоларидан бирига қонун ҳужжатларига мувофиқ ижара шартномаси амал қиладиган муддатга бериши мумкин” деб белгилаб қўйилган.

Сиз фермер хўжалигидан пенсияга чиққанлигингиз муносабати билан хўжалик раҳбарлигини катта ўғлингизга ўтказганингизда, хўжаликнинг муассислиги ҳам қонунга кўра ўғлингизга ўтган.

Ҳадя қайси ҳолатларда бекор қилиниши мумкин деган саволингизга жавобан:

1996 йил 29 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 507-модда. Ҳадяни бекор қилиш:

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.

Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.

Манфаатдор шахснинг талабига биноан суд якка тадбиркор ёки юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиши мумкин.

Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.

Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.

Саволга Тошкент шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус стажери Отабек Давронов жавоб берди.

Аввалги мақолаИш стажига оид ҳужжатлар архивга топширилмаса ким айбдор бўлади?
Кейинги мақолаОлий суднинг Telegram мессенжерида @suduzbot дастури ишга туширилди