Ҳар бир ҳудуднинг ҳуқуқ устуворлиги индекси жорий этилади

0

 Куни кеча мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш ҳолатини аниқлашнинг самарали механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон  қилинди.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш даражасини ошириш ва фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда коррупцион омилларни камайтириш бўйича изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, ҳудудларда ҳуқуқ устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг ижросини ташкил этиш ҳолатини ўрганиш, баҳолаш ва аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича самарали механизмларни яратиш лозимлигини бугунги жараёнларнинг ўзи тақозо этаётир.

Президентимизнинг янги қарори ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳудудларда ҳуқуқ устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш борасидаги масъулиятини кучайтириш, халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимизнинг ўрнини янада яхшилаш мақсадида, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки бир қатор халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг тегишли тузилмалари томонидан жойларда қонун устуворлигини аниқлаш бўйича рейтинглар олиб борилади.

Масалан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ривожланиш дастури доирасида мунтазам равишда дунё мамлакатларининг Гендер ривожланиш индекси ишлаб чиқилади. Буюк Британиянинг Economist Intelligence Unit  компанияси томонидан ҳар йили мамлакатларнинг демократия индекси эълон қилиб борилади. Бостон Консалтинг гуруҳи (АҚШ) ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан Халқаро инновацион индексни жорий этишда мамлакатларнинг инновацион технологияардан фойдаланиш даражаси эътиборга олинади ва ҳоказо. Transparency International томонидан тузилган Коррупцияни идрок этиш индексида Ўзбекистон 2019 йилги кўрсаткич бўйича 5 поғонага кўтарилганини ҳам мисол тариқасида келтириб ўтиш мумкин.

Айни шу мақсадда Олий Мажлис Сенати, Адлия вазирлиги ва Олий суд томонидан  рейтинг асосида Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини жорий этиш таклифи билдирилган эди. Бунда индекслар қонун ҳужжатларига риоя қилиниши, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши, одил судлов ва суд қарорларининг ижро этилиши, ҳуқуқ-тартибот ўрнатилганлиги ва хавфсизликнинг таъминланганлиги, маҳаллий ижро органлари фаолиятининг самарали назорат қилиниши, коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлиги, ҳокимият институтларининг шаффофлиги сингари йўналишлар бўйича статистик кўрсаткичлар ва ўтказиладиган ижтимоий сўровлар асосида аниқланиши белгиланган.

 Президент қарори асосида мазкур таклиф маъқуланиб, ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини акс эттирувчи индикаторлар (ҳуқуқ устуворлигининг таъминланганлик ҳолатини акс эттирувчи асосий кўрсаткичлар), шунингдек, мазкур индексни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.

Эндиликда Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини аниқлаш бўйича “Huquq ustuvorligi” автоматлаштирилган ахборот тизими ҳам ташкил этилади. Унга кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан тегишли статистик маълумотлар ҳар йили 1 февралга қадар мазкур ахборот тизимига киритиб борилади.

Қарорга асосан, Адлия вазирлиги зиммасига ҳар йилнинг 1 мартига қадар тегишли мезонлар бўйича ваколатли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ушбу ахборот тизими  орқали аҳоли ва соҳа мутахассислари ўртасида ҳуқуқ устуворлиги таъминланганлиги билан боғлиқ ижтимоий сўровлар ўтказиб бориш вазифаси юклатилди. Ҳар йилнинг 1 май санасига қадар тизимга киритилган маълумотлар асосида ҳисобот йили учун Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индекси тузилади ва 15 майга қадар оммавий ахборот воситалари орқали  эълон қилинади.

Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индекси натижалари бўйича ахборот давлат ва жамоат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар, ҳудудий бошқарув органлари томонидан тегишли тартибда муҳокама қилиб борилади.

Адлия вазирлиги  Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини аниқлаш доирасида ижтимоий сўровларни ўтказиш учун бошқа ташкилотларнинг хизматларидан белгиланган тартибда фойдаланиш  ҳуқуқига эга бўлди. Янги ўрнатилган тартибга биноан, Адлия вазирлиги Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини аниқлашда иштирок этувчи масъул идора ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда Тизим оператори вазифасини бажаради.

Бу муҳим вазифа ижроси асосан Адлия вазирлиги зиммасига юклатилгани ҳам бежиз эмас. Маълумки, Халқаро Стандартлаштириш ташкилоти томонидан 2016 йилда ISO 37001:2016 Коррупцияга қарши бошқарув тизими жорий қилинган. 2020 йилнинг 7 сентябрь куни Адлия вазирлигининг барча йўналишлардаги фаолияти   Ўзбекистоннинг давлат органлари ичида биринчи бўлиб ISO 37001:2016  халқаро стандартига мувофиқ деб баҳоланиб, махсус  реестрга киритилди ҳамда тегишли сертификат билан тақдирланди.

Шу тариқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан биргаликда Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексида паст натижаларга эга бўлган субъектлар аниқланади, тегишли индикаторлар бўйича кўрсаткичлар таҳлил қилинади ва уларнинг сабаблари ўрганилади. Ўз навбатида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқади ҳамда уларни амалга ошириш чораларини кўради.

Эҳтимол, айрим “танқидчилар” бу янгича тартибни ҳам ўзгача баҳолаб, “яна давлатнинг қанчадан-қанча маблағлари совриларкан-да”, дея танқидий мулоҳаза билдиришга тайёр туришгандир? Таъкидлаш жоизки, тизимни ишлаб чиқиш, ишга тушириш, техник хизмат кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг мавжуд  имкониятларини янада такомиллаштириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун давлат  бюджетидан алоҳида маблағ йўналтирилмаган. Бу харажатлар  Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармалари ва халқаро ташкилотларнинг грант маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Қарорда бегиланганидек, Президент Администрацияси билан келишилган ҳолда Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини аниқлаш бўйича ижтимоий сўровларни ўтказиш дастури ва баҳолаш мезонлари тасдиқлангач, ушбу тизим 2021 йил 1 майга қадар ишга туширилади ва 1 июлга қадар 2020 йилги натижалар эълон қилинади. Янада соддароқ айтилганда, ғалвир сувдан кўтарилиб, сараги саракка-ю пучаги пучакка ажралади.

Шуни ҳам эслатиш ўринлики, бу борада ҳеч қандай сохтакорлик, таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчиликка йўл қўйилмасиги лозим. Шу боис,  Олий суд, Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа масъул идора ва ташкилотлар раҳбарлари тизимга маълумотларнинг ўз вақтида киритилишига, статистиканинг  ҳаққонийлигига ва ўз вақтида тақдим этилишида амалий ёрдам кўрсатиш учун шахсан жавобгар этиб белгиланди. Ана шу мақсадда белгиланган тадбирларни амалга оширишга масъул бўлган идора ва ташкилотлар томонидан Тизимга ишончсиз ёки нотўғри маълумотларни киритиш, шунингдек, уларни
ўз вақтида киритмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, тегишли
раҳбарларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилади.

Энди ҳар бир онгли фуқарода ҳақли савол туғилиши табиий: Хўш, бу сизу бизга ­— Ўзбекистоннинг оддий фуқароларига нима беради? Ҳаммаси аён! Шифокор беморни даволаши учун аввало унга тўғри ташхис қўйиши, янаям аниқроғи, унинг қайси аъзоси беморнинг саломатлигига жиддий таъсир ўтказаётганини аниқлаши лозим. Қайси орган  қандай ишлаётгани маълум бўлгач, аввало касалланган тана қисмидаги муаммони бартараф этишга киришилади. Шунга қараб даво чоралари, муолажа белгиланади.

Дунёнинг турли мамлакатлари тажрибасидан ўтган бу синов асосида  юртимиздаги турли ташкилотларнинг иш фаолиятидаги нуқсонлар белгиланган мезонлар доирасида аниқланиб, мавжуд камчиликларни ҳал қилиш бўйича зарур чоралар белгиланади. Айбдорлар ўз жазосини олади. Хуллас, бу тизим жамиятимизни ислоҳ қилиш, эскича ишлаш усулларидан воз кечиб, янгича тартибда иш юритиш учун замин ҳозирлашига умид қиламиз.

                                                        Рустам ЖАББОРОВ,
                              “Адолат” миллий ҳуқуқий маркази  масъул ходими