Ҳар бир ислоҳот — инсонлар манфаатлари йўлида

0

Республикамизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги изчил ислоҳотларнинг асосий мақсади бу – жамиятда қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ва самарали ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳуқуқи бузилган фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини амалда тиклашдан иборатдир. Бу борада мамлакатимизда бир қанча ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу ишларнинг амалий исботи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 11 декабрда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2020 йил 19 декабрда маъқулланган “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунини киритишимиз мумкин. Ушбу қонун билан Кодексга бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, буларнинг барчаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари йўлида хизмат қилади. Кодексга киритилган ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларда нафақат Республикамиз  фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатлари, бундан ташқари Инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳам қонуний мустахкамланган бўлиб, бу эса Кодексга киритилган тарихий ўзгаришлардан хисобланади.

Ҳозирда мамлакатимиз ривожланиши ва ахоли турмуш тарзининг яхшиланиши бевосита инвесторларнинг мамлакатимиздаги фаолиятига  боғлиқ бўлиб, ушбу масаланинг ҳуқуқий асоси сифатида  Кодекс янги 271-модда билан тўлдирилди. Унга кўра инвестициявий низолар жумласига инвесторлар билан маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги улар мансабдор шахсларининг инвестиция шартномаси шартларига риоя қилиниши билан боғлиқ қарорларига, ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) доир ишлар киради. Кодексга киритилган ушбу қўшимча билан инвестор ва маъмурий органлар ўртасида юзага келадиган муносабатларнинг ҳуқуқий асоси яратилган бўлиб, бу эса инвесторларнинг қонуний манфаатлари Республикамизда амалда таъминланганлигининг исботидир. Бундан ташқари, Кодексга киритилган яна бир қўшимча билан инвесторларга янада бир қулай имконият яратилган бўлиб, унга кўра инвестиция низолари бўйича йирик инвесторнинг, рақобат тўғрисидаги ишлар бўйича томонларнинг хоҳишига кўра ушбу тоифадаги ишлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақолпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шахар маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўриб чиқилиши тўғрисидаги қоида киритилди, буни натижасида эса инвесторларга бир қанча имконият, яъни танлаш ҳуқуқи берилган бўлиб, унинг хоҳишига кўра ушбу тоифадаги ишлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўриб чиқилади,  амалдаги қонунчилигимизда эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди биринчи инстанция бўйича ишларни ҳайъатда кўради, яъни Инвестор томонидан берилган шикоят аризалар якка судья томонидан эмас, балки  ҳайъат томонидан мазмунан кўриб чиқилади.

Шунингдек, Кодексга киритилган ўзгартиришлардан яна бири бу-биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бериш муддати йигирма кундан бир ойга узайтирилган бўлиб, эндиликда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан бошлаб бир ой муддат ичида апелляция шикояти бериши мумкин, бу эса тарафларнинг ҳуқуқлари янада кўпроқ таъминланганлиги ва имкониятлари кенгайтирилганлигининг исботидир. Бу билан эса шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга ўзининг ҳуқуқларини химоя қилиш учун янада кўпроқ вақт ажратиб берилган, бу вақт оралиғида эса тарафлар ўзига керакли маълумотларни кўпроқ йиғиб олиши ва имкониятларидан кўпроқ фойдаланиши мумкин. Буларнинг барчаси Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асл мақсади фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ишончли химоя қилишга қаратилгандир.

Ғолибжон Давлатов,
Тошкент туманлараро маъмурий суди раиси

Акрам Юсупов,
Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси

 

Аввалги мақолаСохта парфюмерияни қандай аниқлаш мумкин?
Кейинги мақолаНега комплекс хизматларни кўрсатиш сифатига айрим туғуруқ комплекслари салбий таъсир кўрсатмоқда?