Ҳар бир “йил” ҳодисасидан тўғри хулоса чиқаринг

85

Бу йил кўпчилигимиз учун сабр синаладиган, сабоқ олинадиган йил бўлди. Йил бошидан «Коронавирус фожиаси» авж олган бир пайтда, Сардобада фожиа юз берди. Сув омбори қуриб битказилганига уч йил тўлар-тўлмай дамбанинг бир қисми ўпирилиб, сув тошқини содир бўлди.

Маълумот учун айтиб ўтиш керакки, сув омбори қурилиши 2010 йилда Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи сув оқими ҳудудида бошланиб, 2017 йилда якунланган. Гидротехника иншооти 922 миллион кубометр сув сиғимига эга бўлиб, Сирдарё ҳамда Жиззах вилоятларининг унумдор ерларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишга имкон берган.
Сув тошқини натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга зарар етди. Бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлиб, учта тумандаги 22 та қишлоқдан 60 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди. Ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлди, бир инсон бедарак йўқолди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, сув тошқини оқибатида жами 32 381 гектар майдонлар талофот кўрди, аниқ рақамлар билан айтадиган бўлсак – 10 та маҳалла фуқаролар йиғини, 23 та аҳоли пункти, ҳудудлардаги 4711 та турар ва 277 та нотурар жой объектларига ҳамда 30 718 гектар экин майдонлари зарар кўрди. Сардоба тумани аҳоли пунктларида жами 743 бош, Оқолтин туманида жами 551 бош, Мирзаобод туманида эса жами 1330 бош ҳайвонлар нобуд бўлди.

Халқимизда ота-боболаримиздан қолган гап бор «Сув балосидан, олов балосидан асрасин» дейишган, чунки иккиси ҳам оғир офат бўлиб, кези келса тўхтатиб қолиш қийин бўлади. Бу гапларнинг нақадар ҳақиқат эканлигини гувоҳи бўлдик. Сардобадаги сув тошқини ватанимизда чекланиб қолмасдан қўшни мамлакат, яъни Қозоғистоннинг Туркистон вилоятига ҳам фожиа олиб келди, минглаб одамлар бошпанасиз қолди, экин майдонларига зарар етди.

Таъкидлаш жоизки, халқимиз рўй берган офатда ҳақиқий инсонпарварликни, бардамликни намойиш этди. Жумладан, техноген офатдан жабрланганларга ёрдам қўлини чўзиб, қўллаб-қувватлашга ошиққан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳам “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акцияси ташкил қилинди. Акция эълон қилингандан буён ўтган вақт давомида кўплаб фуқаролар, бизнес вакиллари, жамоат ва халқаро ташкилотлардан катта миқдорда зарур истеъмол товарлари, жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари, санитария-гигиена воситалари, кийим-кечак, кўрпа-тўшак, дори-дармонлар ва тиббий буюмлар, идиш-товоқлар келиб тушди. Шу билан бирга, Шодиев халқаро фондининг ваколатхонаси томонидан Адлия вазирлиги ва “Мадад” ННТ билан ҳамкорликда 500 та озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами юборилди. Акция доирасида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва унинг таркибий тузилмалари мутахассислари ҳам фаол иштирок этмоқда. Давлат хизматлари марказлари томонидан беғараз сайёр хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган. Ҳозирги вақтгача 1013 та ҳужжат, жумладан, 740 та туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, 264 та никоҳ тузилганлик ҳақидаги гувоҳнома тикланди. Шу билан бирга, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан очилган махсус ҳисоб рақамига жорий йилнинг 3 майидан -15 майига қадар молиявий ҳисса қўшиш истагида бўлган шахслардан 298 356 086 сўм келиб тушди. Шу тариқа, махсус ҳисоб рақамга (20212000100981895003) ташкилотлардан 233 188 412 сўм маблағ ўтказиб берилди. Payme ва Click тўлов тизими (“Хайрия” бўлими – “BizBirgamiz” логотипи) орқали фуқаролардан эса 65 167 674 сўм келиб тушди.
Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия томонидан 17000 нафарга яқин шахсий таркиб, 2500 дан ортиқ техника, 300 га яқин мотопомпа ёрдамида тошқин оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб бораётган бир пайтда, халқимиз қараб ўтирмасдан, ҳеч кимдан кўрсатма олмасдан, ихтиёрий равишда ёрдамга шошиб, «Ёрдам карвони»ни ташкил қилишга киришиб кетди. Кимдир пул билан, кимдир озиқ-овқат, кўрпа-ёстиқ, кимдир эса кийим-кечак билан ёрдамга шошди. Бу эса ҳар бир «йил» ҳодисасидан, яъни бу «Коронавирус фожиаси» ёинки «Сардоба фожиаси» бўлсин, тўғри хулоса чиқаришимизга чорлайди.

Алтынгул Юсупбаева,
Юристлар малакасини ошириш
маркази бўлим бошлиғи

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг