Суд очеркиҲеч бир фарзанд етимлик кўз ёшини тўкмасин!

Ҳеч бир фарзанд етимлик кўз ёшини тўкмасин!

ХАЛҚИМИЗ учун қадимдан оила муқаддас саналади. Таъбир жоиз бўлса, ҳар бир оила миллатнинг бешигидир. Сабаби, мана шу оилалар бағрида миллатнинг келажаги дунёни таниб, тарбия олиб, улғаяди.

Ўрни келганда қайд этиш лозимки, оила бузилиши эр-хотиннинг ажралиши билан тамом бўлмайди. Аксарият можаролар айнан шундан кейин бошланади. Эр-хотин ўртасида мол-мулк бўлишиш, фарзандларнинг кимда қолиши, улар билан учрашиб туриш, алимент ундириш каби масалалар судларда кўрилаётган ишларнинг анчагина қисмини ташкил қилмоқда.

Кўпинча алимент тўланмаслигининг сабаби айбдорнинг муқим ишда ишламаслигида кўринади. Айрим ҳолатларда алимент тўловчи ҳеч қаерда ишламаётганлигини рўкач қилиб, алимент тўлашдан бўйин товлайди. Бундай ҳолатда Оила кодексининг 140-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, агар алимент тўлаши шарт бўлган шахс шу даврда ишламаган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда алимент Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.

Алимент тўловчи айрим қарздорлар алимент тўламасликнинг ҳуқуқий оқибатларини тушуниб етмаганликлари уларнинг жиноий жавобгарликка тортилишига ҳам сабаб бўлмоқда. Оила кодексининг 116-моддасига асосан вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Шунингдек, мазкур кодекснинг 15-боби “Эр-хотинлар ва собиқ эр-хотинларнинг алимент мажбуриятлари” деб номланади. Мазкур бобнинг 117-121-моддаларида эр-хотиннинг бир-бирига таъминот бериш мажбуриятлари, хусусан, никоҳдан ажралганидан кейин собиқ эр (хотин)нинг таъминот олиш ҳуқуқи, суд тартибида ундириладиган алимент миқдори ва бошқа бир қатор масалалар тегишлича тартибга солинган. Кодекснинг 17-боби эса, “Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув” деб номланади. Оила кодексининг 18-бобида эса, “Алиментларни тўлаш ва ундириш тартиби” белгиланган.

Алимент тўловчилар қонунда белгиланган муддатларда моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаганлиги, яъни уни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан тўламаганлиги учун уларга нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, келиб тушаётган мурожаатлар кўриб чиқилганда, асосан алимент тўловчи оталар ўз фарзандларининг моддий таъминотига панжа орасидан қараб, қандай бўлмасин алимент тўламаслик чораларини ўйлаб топишаётганига гувоҳ бўламиз. Айримлари алимент тўлашдан қасддан бўйин товласа, бошқалари ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадини камайтириб кўрсатиш орқали тўланадиган алимент миқдорини камайтиришга ҳаракат қилмоқда. Ваҳоланки, қонунчилигимизда буларнинг барчаси ҳуқуқий тартибга солинган.

Юқорида айтганимиздек, бизни, жамиятни ташвишлантираётган нарса фақат алимент тўлаш ёки тўламасликда эмас. Вазифа оила бузилишининг ҳамда фарзандлар етим бўлишининг олдини олишдир. Бундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун ота-оналар фарзанд­лари оила қураётганда оиланинг муқаддас қўрғон эканлигини, уни асраш, қадрлаш лозимлигини қайта-қайта уқтиришлари, ёшлар тўйдан олдин бир-бирини яхши таниб олишлари, турмуш қийинчиликларини бирга тортишга, шодлик ва қайғуни бирга баҳам кўришга астойдил рози бўлишлари шарт.

Хулоса қилиб айтганда, оилаларимизда тотувлик ҳукмронлик қилиши, уларнинг соҳиблари бахтли турмуш кечириб, қўша қаришлари, ҳеч бир фарзанд етимлик кўз ёшини тўкмаслиги тарафдоримиз.

Мирзиёд АБИДОВ,
жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди судьяси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img