Ҳеч ким қийноққа солиниши мумкин эмас!

0

Бизга маълумки, мамлакатимиз ривожининг ҳозирги босқичида  амалга оширилаётган  суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий  мақсади инсоннинг  ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар тамонлама таъминлаш ва кафолатлашдан иборатдир.

Жорий йилнинг 22 февралида юртбошимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида нутқ сўзлаб, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ислоҳотларни амалга оширишда биринчи ўринда тўриши ҳақида фикир билдирдилар.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Президентимиз ўз фикрларини давом эттириб,  қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг ўта шаф­қатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматини камситувчи турларини  олдини  олиш мақсадида миллий превентив механизмларни жорий этиш доирасида одамларнинг қадр-қимматини ерга ўрадиган инсонийликка зид бўлган  қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига йўл қўймаслик лозимлигини, шунингдек, ушбу жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар унга жазо муқаррарлигини таъкидлади.

Шунингдек, юртбошимиз 2002 йил 18 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 57/199-резолюцияси билан “Қийноқлар ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенцияга Факультатив протокол” ратефекация қилиш  масаласига тўхталиб ўтдилар.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасининг иккинчи қисмида “Ҳеч ким  қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки қадр-қимматни камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас”,  деб шунингдек, Конституциямизнинг 25-моддасида “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас”, деб  таъкидланган.

“Инсон ҳуқуқлари умумжахон Декларацияси”нинг 5-моддасида, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт”нинг 7 ва 9-моддаларида ҳамда “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг ўта шаф­қатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматини камситувчи турларига қарши Конвенция”да ҳар бир давлатнинг юрисдикциясида қийноқ ҳаракатларини олдини олиш масалалари белгиланиши, ҳеч ким қийноқ ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ва жазога дучор этилмаслиги, ҳар бир инсон озодлик ва шахсий дахл­сизлик ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким ўзбошимчалик билан ҳибсга олиниши ва ҳибсда сақланиши, қонун билан белгиланган асосдан ташқари, озод­ликдан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгиланган.

1984 йилда қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси 1995 йил августда ратификация қилинган “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши Конвенция”нинг 2-16-моддаларида давлатларнинг қийноқларни тақиқлашга нисбатан мажбуриятлари белгиланган, хусусан, қийноқларга нисбатан мутлақо тақиқ белгилаш ва қийноқ остида айбланувчидан олинган кўрсатувларни далил сифатида қабул қилмаслик тартибини ўрнатиш мажбуриятлари баён этилган.

Мазкур Конвенцияни давоми сифатида қийноқлар ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр қимматни камситадиган турларининг олдини олиш мақсадида мустақил халқаро ва миллий органлар томонидан озодликдан маҳрум қилинган шахслар сақланадиган жойларда мунтазам бўлиш тизимини яратиш мақсадида 2002 йил 18 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 57/199-резолюцияси билан “Қийноқлар ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенцияга Факультатив протокол” қабул қилинди. Факультатив протоколнинг асосий мақсади қийноқни олдини олиш бўйича халқаро ва миллий превентив механизмларни жорий этиш. Ушбу Протоколни 2-моддасига асосан, халқаро даражада БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасининг Қийноқлар ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларининг олдини олиш бўйича кичик қўмитаси ташкил этилган.

Шунингдек, факультатив протоколнинг 3-моддасида эса, ҳар бир иштирокчи давлат Қийноқлар ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларини олдини олиш бўйича миллий даражада битта ёки бир нечта орган (миллий превентив механизм) ташкил этади, тайинлайди ёки қўллаб-қувватлайди деб белгиланган.

Дарҳақиқат, миллий превентив механизмлар нималардан иборат бу борада қисқача (МПМ) тўхталиб ўтамиз.

МПМ қийноқни олдини олиш хусусиятига эга бўлиб, “у тергов ваколатига эга бўлмайди, қийноқни қўлланилганига оид шикоятлар бўйича қарор қабул қилмайди”.

Миллий превентив механизмларга Факультатив протоколнинг 19-моддасига асосан, энг камида қуйидаги ваколатлар тақдим этилади:

А) озодликдан маҳрум этилган шахсларни қийноқлар ҳамда муомала жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларидан ҳимоя қилишни, зарурат бўлса, кучайтириш мақсадларида 4-моддада белгиланган, улар билан қамоқда сақлаш жойларида муомала тўғрисидаги масалани мунтазам кўриб чиқиш;

В) озодликдан маҳрум қилинган шахслар билан муомалани ва уларнинг сақланиш шароитларини яхшилаш мақсадларида тегишли органларга тавсиялар тақдим этиш ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тегишли нормаларини ҳисобга олган ҳолда қийноқлар ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларининг олдини олиш;

С) амалдаги қонунчилик ёки қонун  лойиҳаларига тааллуқли таклиф ва мулоҳазаларни таклиф этиш.

МПМнинг озодликдан маҳрум қилинган шахслар сақланадиган ёки сақланиши мумкин бўлган ҳар қандай жойга ташриф буюриш, маслаҳат, тарғибот, ҳамкорлик каби функциялари мавжуд.

Миллий превентив механизмлар оператив мустақилликка эга бўлишлари керак. Улар ижро ҳокимияти томонидан, масалан,  вазирликлар, ижро кенгашлари ёки маҳкамалари, президент ёки бош вазир  томонидан институционал назорат қилинмасликлари керак. Қонунда ижро ҳокимияти органлари Миллий превентив механизм фаолиятига ҳамда унинг ўз мандатини бажаришига аралашмасликлари (масалан, уларнинг ходимларига кўрсатмалар бермасликлари,  уларнинг мандатларига ўзгартириш киритмасликлари ва бошқалар.) тўғридан-тўғри кўрсатиб ўтилган бўлиши керак.

Асосий принциплар сифатида “қийноқни олдини олишга оид миллий превентив механизм мандати ва ваколатлари конституциявий ва қонунчилик ҳужжатларида аниқ баён этилиши керак”лиги, “тегишли қонунчиликда МПМ аъзоси/аъзолари ваколатининг муддати ўрнатилиши ҳамда улар бўшатилишининг ҳар қандай асослари баён этилиши керак. Узайтирилиши мумкин бўлган ваколатлар муддати МПМ мустақил амал этишини мустаҳкамлаш учун етарли бўлиши керак”лиги, “МПМнинг функцияларини бажаришда иштирок этаётган томонлар ёки МПМ томонидан функцияларини бажариш учун жалб этиладиган томонлар ўз фаолиятлари натижасида жарима тўлаш, жазолашнинг ҳеч қандай  шаклларига ёки ҳуқуқларида бошқа чеклашларга дучор бўлмаслиги керак”лиги ҳақида мустаҳкамланган.

МПМни ташкил этишга тааллуқли асосий масалалар қаторида “МПМ манфаатдор томонларнинг кенг доираси, шу жумладан фуқаролик жамияти иштирокида очиқ, транспарент ва ваколатли жараён орқали ўрнатилиши керак. Ушбу талаб, шунингдек, МПМ аъзоларини танлаш ва тайинлаш жараёнига ҳам қўлланиши керак. Бу эълон қилинган мезонларга мувофиқ амалга оширлади”.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, факультатив протоколнинг 3-моддасида миллий даражада битта ёки бир нечта орган (миллий превентив механизм) ташкил этиш, тайинлаш ёки қўллаб-қувватлаш  масалалари назарда тутилган.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, “Агар МПМ сифатида ташкил этилган орган Факультатив протоколда кўзда тутилган функцияларига қўшимча бошқа функцияларни бажараётган бўлса, унинг МПМ сифатидаги функцияси ўз персонали ва бюджетига эга бўлган алоҳида бўлинма ёки департамент томонидан амалга оширилиши керак”.

Хулоса қиладиган бўлсак, юқорида келтирилган МПМлар учун билдирилган тавсиялар, вазифалар миллий қонунчиликда акс эттирилиши мамлакатимизда миллий превентив механизмларни ҳамда бу борадаги онунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Саломат Ниёзова,
ТДЮУ Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси профессор вазифасини бажарувчи, ю.ф.д.,

Азизахон Алланова,
Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси ўқитувчиси

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Аввалги мақолаСинф раҳбарларига қўйиладиган талаблар ўзгарди
Кейинги мақолаИнсон ҳуқуқлари – Ўзбекистонда давлат сиёсатининг асосий йўналиши