“Ҳокимлик ходимиман”, — деб ногиронларга уй-жой олишга “кўмаклашмоқчи” бўлган фирибгар

0

Халқимиз қадим-қадимдан аёлларни улуғлаб, доимо ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келган. Аёлларни эзгу фазилатларнинг сабабчиси, деб билган. Келажак бунёдкорларининг қалбида меҳр-оқибат, фидойилик, ҳалоллик каби инсоний туйғуларни уйғотган тарбиячилар, деган олий рутбага кўтарган.

Аммо аччиқ бўлса-да, ўйлаб кўринг: аёл жиноятга қўл урса…

Навбатдаги суд мажлисида фирибгарлик жиноятига қўл урган аёлнинг айбдорлик масаласи кўрилди. Муқаддас шаъни, оналигини бир четга суриб қўйганки, суднинг қора курсисида боши эгик ўтириши уят, албатта!

Суд мажлисида айбига иқ­рор бўлган аёлнинг ўтмиши ҳам анча ташвишли, таъбир жоиз бўлса, жиноят кўчасидан нари кетмаганлиги аён бўл­ди. Лола (исм-шарифлар ўз­гар­тирилган) биринчи жи­ноят­га 36 ёшида қўл урган экан.

Айни вақтда у 61 ёшга тўл­ган. Ҳисоб-китоб қилиб кў­рилса, у салкам ўттиз йиллик ум­ри давомида ўзгаларнинг ишончига кириб, уларни чув тушириш пайида бўлган. Бу сафарги жинояти эса, ўн биринчиси экан.

Айтишга оғир бўлса-да, унинг фирибгарлигидан жабр чекканлар ногиронлиги бор шахслардир. Қалбида заррача меҳр-оқибат йўқ, шекилли, тузоқ қўйишда ногиронларни ҳам аяб ўтирмабди.

У жиноятини амалга оширишга ҳар доим пухта тайёр­гарлик кўрган. Шунинг учун уч йил давомида ўндан ортиқ қалби ўксик инсоннинг салкам 140 минг АҚШ доллари ва 50 миллион сўмга яқин маблағини қўлга киритган.

Кимни қай вазиятда алдаганини бир бошидан айтадиган бўлсак, мавзу чўзилиб кетади. Келинг, унинг қинғирли­гига оид баъзи тафсилотларга тўх­талайлик.

Кунларнинг бирида, аниқроғи, 2016 йилнинг бошларида у пойтахтимиздаги «Меҳрибонлик» ногиронлар жа­мия­тига қўнғироқ қилади. Ўзи­нинг Тошкент шаҳар ҳокимлигида ишлашини айтиб, уларга ҳомийлик қилмоқчи эканини билдиради.

Унинг гапларига ишонган жа­мият раҳбари соддадиллиги боис, ортиқча шубҳага бормайди. Бунинг устига Ло­ла ўзи билан ширинликлар, ичимликлар олиб бориб, жамият аъзоларига тарқатади, уларнинг тадбирларида иштирок этиб туради.

Ишонч қозонганини аниқ билгач, ғараз мақсадга кўчади. У жамият раисига Тошкент шаҳар ҳокимияти балансидан ногиронлар жамияти аъзолари, боқувчисини йў­қотганлар ва уруш қатнашчилари учун уй-жой ажратилаётганини маълум қилади.

Эътибор беряпсизми, фирибгарликда 10 марта айбланиб, анча-мунча тажриба орт­тирган бу аёл ўз жабрдийдаларини қай тарзда тузоғига илинтира олган?! Қаранг, инсон эзгулик йўлидан борса, дунёни яхшиликка тўлдириши мумкин, аксинча ҳолатда эса, ёмонликларининг чек-чегараси бўл­май қоларкан.

Дарвоқе, Лола уч фарзанднинг онаси. Шу ўринда ўз-ўзингизга савол бериб кў­ринг: онасининг бу қилмишларидан фарзандлари қай аҳволга тушишди экан? Бундан сўнг улар ўз онасини фаришта сифатида кўра оладими? Тенгдошлари, дўсту ёр­ларининг юзига қандай қа­райди? Бу саволларга жавоб бериш ўта мушкул…

Ушбу жиноят ишининг муҳокамаси чоғида яна бир ҳақиқат юзага чиқди. Одамларимиз нега бунча содда экан, дейсиз беихтиёр. Ахир, Лолага пулларини тутқазган инсонлар нима учун уй-жойни олиш ҳақида сўраб-суриштиришмади?

Бу аёл, ҳақиқатан ҳам, шаҳар ҳокимиятида ишлайдими ё йўқми? Шунчалик савобталаб экан, пулни қайси ташкилотга тўлаш кераклигини аниқ айтмай нега мавҳум гапларни гапиряпти? Ҳеч ким ҳеч қандай шубҳага бормаган.

Тўғри, фирибгарнинг қурбонлари камсуқум, меҳр ва эътиборга доим ташна бўлгани боис панд еб қолишган. Яна бир тарафдан, Лоланинг айёрлиги ҳам ўз кучини кўр­сатган.

У ортиқча шубҳа туғдирмаслик учун сурати қўйилган қалбаки бейджикни, уй-жой тақсимоти ҳақидаги сохта рўй­хат­ларни кўрсатган. Ҳат­то зарур ўринларда пул олганлиги ҳақида тилхат ҳам ёзиб бераверган.

Шу ўринда муҳим гапни айт­масак бўлмайди. Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Аёлларимиз орасида 16 нафари Ватанимизнинг энг олий мукофоти — «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига лойиқ кўрилгани, қанчадан-қанча фан докторлари, профессор ва академиклар, «Халқ ўқитувчиси», «Халқ шоираси», «Халқ ар­тис­ти» унвонларига сазовор бўлган опа-сингилларимиз борлигидан фахр­ла­намиз.

Бу фидойи опа-сингилларимизни барчага ибрат қилиб кўр­­са­та­миз. Ҳаёти ва фао­лия­тини ҳайратланиб қизларимизга гапириб берамиз. Уларга ҳавас қилиб, ортидан эргашишга интилаётган сингилларимиз бугун юксак марраларни қўлга киритаётган бир паллада дилбарлигини унутиб жиноят кўчасига кирган аёллар ҳақида сўз очиш ташвишли, албатта.

Балки айримлар фирибгарликни ўзига касб қилиб ол­ган аёлни осон йўл билан пул топишга ўрганиб қолган, дейиши мумкин. Бироқ айни дамда хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш борасидаги ишларнинг салмоғи баландлиги бу фикрнинг хато эканлигини исботлайди.

Чунки давлатимиз томонидан яратилаётган имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, ои­ласига, қо­лаверса, жамиятга ҳам нафи тегаётган аёллар жу­да кўпчиликни ташкил этади. Аниқ рақамларда айтганда, биргина ўтган йили тижорат банклари ва Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 172 мингдан ортиқ опа-сингилларимизга 4,9 триллион сўм кредитлар берилган.

Қисқаси, бўш ўтирмайман, ҳалол йўл билан даромад орттираман, деган ҳар бир хотин-қиз учун барча имконият, шарт-шароит яратилган.

Фаровон ҳаёт кечириб, хотиржамликда, ёруғ юз билан эл олдида азизу мукаррама бўлиш учун ҳеч бир тўсиқ йўқ. Шу ҳақдаги мулоҳазаларимизни иккиланиб юрган хотин-қизларимизни билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолишидан асрайди, деган умидда баён қилдик. Фирибгар аёл­нинг қисмати ҳам тегишли ху­лоса­лар­ни берса, ажабмас.

Муборак Ҳадиси шарифларда бандаси учун энг катта бойлик қаноат эканлиги бежизга бот-бот такрорланмайди. Зеро, борига шукур қилиб, энг асосийси, ўзгаларнинг ҳақ­қини ейишдан ўзини тийиб яшаган инсон оилада ҳам, жамиятда ҳам, албатта, ўз ўр­нига ва ўз сўзига эга бўлади. Чунки бундай ҳалимтабиат кишилар, айниқса, аёллар хушмуомалаликда тили билан дили бирлиги боисдан юксак мавқе эгаллаб, эътибор қозонадилар. Ҳурмат-иззат деганлари — аёлнинг дилбарлиги шунда эмасми!

Сурайёхон ХОЖАМКУЛОВА,
жиноят ишлари бўйича Миробод тумани
судининг судьяси

Абдусалим МАҲМУДОВ,
журналист