“Ҳуқуқ ижодкорлиги”, “норма ижодкорлиги”, “қонун ижодкорлиги” тушунчаларининг маъносини биласизми?

0

Бугунги кунда, мамлакатимизда норма ижодкорлиги соҳаси ҳуқуқнинг бошқа устувор йўналишлари каби жадал ривожланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги
ПФ-5505-сон Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси мисолидир.

Қайд этиш лозимки, истиқлол йилларидан шу кунга қадар жами
89 015
та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, мазкур қонун ҳужжатлари давлат идоралари ва мансабдор шахсларининг норма ижодкорлиги фаолияти маҳсулидир.

Шу ўринда, миллий қонунчиликда қўлланилаётган, бироқ уларнинг аниқ ҳуқуқий тавсифи берилмаган “ҳуқуқ ижодкорлиги”, “норма ижодкорлиги”, “қонун ижодкорлиги” тушунчаларининг мазмун-моҳияти, улар ўртасидаги ўхшаш ва фарқли жиҳатларига тўхталсак.

Аксарият илмий-назарий манбалар ва тадқиқот ишларида “ҳуқуқ ижодкорлиги”, “норма ижодкорлиги”, “қонун ижодкорлиги”  тушунчалари ва уларнинг бир-биридан фарқли жиҳатлари юзасидан турли хил илмий ёндашувлар мавжуд.

Баъзи ҳуқуқшунос олимлар, ҳуқуқ ижодкорлиги ва норма ижодкорлиги тушунчаларини айнан ўхшаш тушунчалар эканлигини, биринчи ҳолатда ҳуқуқий нормалар яратилиши, иккинчи ҳолатда эса ҳуқуқ бутунлигича яратилишини таъкидлашган.

Хусусан Д.Н.Кордикнинг фикрича, “ҳуқуқ ижодкорлиги” тушунчаси кенгроқ бўлиб, шу жумладан, “норма ижодкорлиги” тушунчасини ҳам ўз ичига қамраб олади.

Ҳуқуқшунос олим М.К.Нажимов эса норма ижодкорлигига жамият ва давлатнинг ҳуқуқий эҳтиёжларини аниқлаш ва баҳолаш, ваколатли субъектларнинг ҳуқуқий ҳужжатларини белгиланган тартибда шакллантириши ва қабул қилишини қамраб олувчи жараён сифатида таъриф берган.

Бизнинг фикримизча, бажарилиши умуммажбурий бўлган юриш-туриш қоидаларини яратиш, ўзгартириш ва бекор қилишга қаратилган фаолият “ҳуқуқ ижодкорлиги” бўлиб, фақатгина норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, ўзгартириш ҳамда бекор қилиш фаолиятини “норма ижодкорлиги” деб тушунилиши мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, “қонун ижодкорлиги” тушунчасини фақатгина давлатнинг қонун чиқарувчи органининг ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи қонунлар яратишга, амалдагисига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда бекор қилиш борасидаги фаолиятини тушуниш ўринли.

Муайян ташкилот ёки муассаса раҳбари томонидан индивидуал характердаги, расмий аниқликка эга бўлган, ваколат берувчи ва мажбурият юкловчи буйруқлар чиқаришини ҳуқуқ ижодкорлигининг кўринишларидан бири, десак бўлади.

Норма ижодкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий табиатидан келиб чиқиб таъкидлаш жоизки, ушбу фаолият қуйидаги ўзига хос-хусусиятларга эга:

биринчидан, мазкур фаолият бевосита ҳуқуқ манбаларидан бири бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаш, уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳамда манфаатдор органлар ва ташкилотлар билан келишиш,  муҳокама қилиш, қабул қилиш (чиқариш) босқичларини қамраб олганлиги;

иккинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ваколатига эга бўлган шахс ёки орган томонидан қабул қилиниши;

учинчидан, мазкур фаолиятнинг асосий йўналишларидан бири бўлган қонун ижодкорлиги фаолиятини амалга оширишнинг қонунчиликда белгиланган тартибда алоҳида тартиб-таомилларининг мавжудлиги;

тўртинчидан, ушбу фаолиятда маҳаллий аҳолининг иштирок этиши.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги  ПФ-5505-сон Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш Концепциясида “Норма ижодкорлиги” тушунчаси берилмаган бўлсада, мазкур Концепциянинг
3-бўлим 1-бандида норма ижодкорлиги жараёни босқичлари сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни илгари суриш, ишлаб чиқиш, келишиш, киритиш ва ижросини мониторинг қилиш кабилар кўрсатиб ўтилган.

Қайд этилганлардан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки,  умуммажбурий бўлган юриш-туриш қоидаларини яратиш, ўзгартириш ва бекор қилиш нуқтаи назаридан “ҳуқуқ ижодкорлиги” ўз ичига “норма ижодкорлиги” ва “қонун ижодкорлиги” тушунчаларини қамраб олган кенгроқ маъно касб этувчи категория ҳисобланади.

 

Азизжон Хужаназаров,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси

Аввалги мақолаЖиззах ва Сирдарё вилоятларида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабуллар ўтказилади
Кейинги мақолаПрокуратурага ишга жойлаштириш эвазига фуқародан 30 минг доллар пора сўраган шахс қўлга олинди