Ҳуқуқий дарсликлар талабга жавоб берадими?

0

Айни пайтда вазирнингЎқитувчи ва ўқувчилар орасидаги низоларни педагогларнинг жамиятдаги обрўси тушиб кетгани билан изоҳлаш мумкин”, деган фикрига қуйидагиларни қўшимча қиламан.

Ўқитувчи ва ўқувчилар орасида низоларнинг туб сабаби аксарият ўқитувчиларнинг ўқувчи қалбига йўл топа олмаётганлигидир. Бунга эса олий ўқув юртларида бўлажак ўқитувчига психология ва педагогика фанлари номигагина ўқитилгани сабаб бўлмоқда.

 Ўқитувчилар мактабни нега тарк этган эди?

Маълумки, Олий ўқув юрти коррупцияга энг кўп чалинган муассасалардан бири. Олий ўқув юртларида домлалар бўлажак ўқитувчиларга пул эвазига баҳо қўйиб берганлиги ҳам айни ҳақиқат. Бундан психология ва педагогикадан “билим” берган домлалар ҳам мустасно бўлмаган.

Иккинчидан, бу ҳолат мактабларда таълим-тарбия ишлари асосан аёллар қўлида қолганлиги билан ҳам изоҳланади (67-70 фоиз ўқитувчилар аёллардир). Бу эса феминизациянинг кучайи­шига, яъни мактабларда ўқувчи ўғил болаларда аёлларга хос хусусиятларнинг (қатъий фикрга кела олмаслик, шижоатнинг етишмаслиги) урчишига олиб келди. Жамиятда мактабнинг обрўсини кўтариш, феминизация жараёнини жиловлаш учун педагогик олий ўқув юртларига иқтидорли ўғил болаларни кўпроқ қабул қилиш лозим.

Учинчидан, ўқитувчиларнинг айримлари маоши камлиги учун кетишди баъзилари эса, мактабга келгач ўқувчи билан тил топа олмаганлиги оқибатида кетдилар. Бошқалари касб-ҳунар коллежларидаги бўшлиқни тўлдиришди.

Тўғри, вазирлик маълумотига кўра ўқитувчининг обрўсини кўтариш йўлида кўрилган чоралар натижасида минглаб собиқ эркак ўқитувчилар мактабларга қайтган. Бироқ бу ўринда ҳақли савол туғилади: “Улар мактабга қай ҳолатда қайтди? Билимлари ошибми ёки камайибми?”.

Президентимиз Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида қуйидагиларни таъкидлади: “Таълимнинг барча босқичлари учун ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосланган дастури тайёрланиши керак. Бунда, авваламбор, Конституцияни ўрганишга жиддий ёндашиш лозим. Умумтаълим мактаблари учун “Конституция алифбоси”, “Конституция сабоқлари”, “Конституция асослари” каби дарсликларни яратиш зарур, деб ҳисоблайман”.

Умумтаълим мактабларида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш борасидаги ишлар эса кўнгилдагидек ташкил этилмаган. Нега?

Биринчидан, 1-4-синфларда “Конституция алифбоси” курсини шу синфлардаги айрим фанлар (Ўқиш, Атрофимиздаги олам, Табиатшунослик, Одобнома) таркибида ўқитишдек амалда ўзини оқламаган, мутлақо эскирган тартиб ҳамон давом этмоқда.

Бирор фанни бошқа бирор фан таркибида ўқитишни мен бир вақтлар Ўзбекистон тарихининг собиқ СССР тарихи таркибида ўқитилишига ўхшатаман.

Иккинчидан, 1-4-синф ўқитувчиларининг ҳуқуқий билими, маданияти, савияси “Консти­туция алифбоси” курсини ўқитишда самара беришини кафолатлай оладими? Бу ҳақида ўйлаб кўрилдими?

Учинчидан, 5-7-синфларда, “Конституция сабоқлари” курси алоҳида ўқитилар эди. Бунга мактаб ихтиёридаги соатлар ҳисобидан 17 соат ажратилар эди. Бора-бора 5-6-синфларда бу соатлар олиб ташланди ва у “Ватан туйғуси” фани таркибида ўқитила бошланди.

2019-2020 ўқув йилидан эса 7 синфлардан ҳам олиб қўйилди.

Яна эски, яъни бу курсни фанлар таркибида ўқитиш усулига ўтилди.

Наҳотки, ўта муҳим бўлган курс учун 5-7-синфларга ҳафтасига 0,5 соат (жами: 17 соат)дан ажратиш давлат бюджетига оғирлик қилса?

 Тарбиявий соатда нима ўргатилади?

Халқ таълими вазирлиги эса Президентнинг 2019 йилнинг 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонини бажариш воситаси сифатида синфларда ҳафтасига 1 соат ўтиладиган “Тарбиявий соат”га урғу берган. Хўш, тарбиявий ­соатда (йиллик 34 соат) тарбияга оид суҳбатлар ўтказилсинми ёки “Йўл ҳаракати қоидалари” ўрганилсинми ёхуд ўқувчиларнинг ҳуқуқий маданияти оширилсинми?

ҲУҚУҚИЙ ДАРСЛИКЛАРНИНГ ҲАҚИҚИЙ АҲВОЛИ

Энди 8-9-синфлар учун 2019 йилда қайта чоп этилган “Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи асослари” ҳамда “Конституциявий ҳуқуқ асослари” дарсликлари хусусида тўхталмоқчиман. 8-синфда “Ўзбекистон давлат ва хуқуқи асослари” фанини ўқитишга ўқув режада 34 соат ажратилган (яъни ҳафтасига 1 соат).

Мазкур дарсликни нашрга тайёрлашда ҳафтада 1 соат ўқитилиши белгиланган фанлар бўйича дарслик ҳажмига қўйиладиган талаб қўпол равишда бузилган. Бу дегани кўпи билан 145 бет бўлиши зарур бўлган дарслик 192 бетли қилиб чоп этилган. Мазкур дарслик керакли ва кераксиз маълумотлар билан қалаштириб ташланган. Бу эса ўқувчини чарчатади, холос. Ҳамма нарсада меъёр бўлиши шарт.

Мазкур дарсликларда таърифлари узундан-узоқ берилган айрим тушунчалардан мисоллар келтираман:

“Давлат — жамиятнинг шаклланган сиёсий институти. Давлат — мажбур қилиш кучига, яъни ҳокимиятга эга бўлган, ўз фуқаролари, шунингдек, ҳудудида истиқомат қилувчи барча инсонларнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган, бошқа давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, маданий алоқаларни амалга оширадиган мустақил сиёсий ташкилот” (21-23-бетлар).

Мана сизга биргина тушунчага берилган 36 сўздан иборат таъриф. Бу таърифни ўқувчи эслаб қола оладими?

Ёки дарсликнинг 26-бетида ёзилган мана бу жумлаларга эътибор беринг: “Давлат функциялари — давлат фаолиятининг асосий йўналишлари бўлиб, уларда давлатнинг ижтимоий жиҳатлари рўёбга чиқарилади”.

Хўш, “давлатнинг ижтимоий жиҳатлари” нима ўзи? Наҳотки, муаллифлар эндигина ҳуқуқ фанини ўргана бошлаган 8-синф ўқувчиси бу иборанинг мазмунини тушунади, деб ўйласалар?

32-бетда “Парламент Республикаси”, дейилганда унинг фақат битта белгиси қайд этилган. Бу тушунчанинг мазмунини очиб берувчи асосий белги, яъни парламент Республикасида ҳукуматни давлат бошлиғи эмас, парламент тузиши ва ҳукуматнинг давлат бошлиғи олдида эмас, парламент олдида ҳисобдор эканлиги қайд этилмаган .

Ёки 49-бетда “Фуқаролик жамияти” тушунчасига берилган изоҳнинг ўзи изоҳ талаб қилади. Аслида фуқаролик жамияти тушунчасига “жамиятнинг давлат ҳокимиятидан ҳоли қисмидир”, деб изоҳ берилиши керак эди. Ёйинки, 185-бетда “фармон” ва “фармойиш” тушунчаларига берилган изоҳга эътибор қаратайлик:

Фармон — давлат бошлиғи томонидан чиқариладиган ҳужжат.

Фармойиш — давлат бошқариш ҳужжатларидан бири.

Хўш, унда Президент чиқарадиган қарорларни нима деб атаймиз? Нима, қарор Президент чиқарадиган ҳужжат эмасми? Ёки фармойиш давлатни бошқариш ҳужжатларидан бири бўлса, фармон бундай хусусиятга эга эмасми? Уларнинг бир-биридан фарқи нимада? Афсуски, дарсликда бу саволларга жавоб йўқ.

 Дарсликларни вазир ўқиб чиқиши керакми?

Ҳаётимизда деярли ҳар куни ишлатадиган “Қонун” атамасига берилган изоҳни ўқиб тўғриси кулгим келди. Мана ўша изоҳ: “Қонун — давлат ҳокимияти Олий органи томонидан белгиланган тартибда қабул қилинадиган норматив акт” (187-бет). Наҳотки шу атамага: “Қонун — давлат томонидан ўрнатиладиган ва қўриқланадиган, барча фуқаролар, ташкилот, муассаса ва корхоналар амал қилиши шарт бўлган хатти-ҳаракат меъёридир”, деб изоҳ бериш мумкин эмас эди?

“Шахс дахлсизлиги” тушунчасига берилган изоҳни ўқиган кишида муаллифларнинг салоҳиятига шубҳа уйғонмай қолмайди. Қуйида дарсликда берилган изоҳни келтираман: “Шахс дахлсизлиги — фуқароларнинг Конституцион шахсий ҳуқуқ ва эркинликларидан бири”. Бу изоҳ ўқувчиларга ҳеч қандай билим бермайди. Чунки шахс дахлсизлиги эркинлик эмас, у ҳуқуқ, шахс дахлсизлиги — бу шахсга қилинадиган қасд ёки тажовуздан қонун билан ҳимоя қилинишдир. Қолаверса, “конституцион” эмас, “конституциявий” сўзи ишлатилиши керак эди. Айни пайтда дарслик кераксиз иқтибослар билан ҳам тўлдириб ташланган. Натижада, бир мавзу узоғи билан 3 бет ўрнига 5-7 бет жойни эгаллаган.

Бундан ҳам ажабланарлиси шуки, 8-синф дарслигининг III боби билан 9-синф дарслигининг IV бўлими деярли айнан бир хил.

 Дарслик муаллифлари кимни алдашаяпти?

76-бетда энг ачинарли ҳолатга йўл қўйилган: “Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Президентнинг тақдимига биноан Олий Мажлис палаталари томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади”. Ахир, Бош вазир номзоди дастлаб Президентга Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўтказилган сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдорда энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилиши нормаси Конституциямизнинг 98-моддасида белгилаб қўйилмаганми? Наҳотки муаллифлар бу нормадан бехабар бўлсалар? Бунга ўхшаш мисолларни истаганча келтириш мумкин эди.

Дарсликда илмий хатоликларга йўл қўйилганлиги, фикрлар баёнида ғализликлар кўплиги учун 8-синф дарслиги бошқа муаллифлар томонидан қайта ёзилиши лозим, деб ҳисоблайман.

Мен мазкур дарсликни чоп этиш учун сарфланган давлат маблағига ачинаман. Дарсликнинг бундай мужмал иборалар билан тўлдириб ташланганлигининг асосий сабаби — О.Амановадан бошқа 3 нафар муаллифнинг мактабда ишламаслиги, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси  О.Аманованинг эса дарсликни тайёрлаш жараёнида амалда иштирок этмаётганлигида, деб ўйлайман.

Вазир Ш.Шерматовга шахсан ўзи бу дарсликни синчликлаб ўқиб чиқишини таклиф этаман. Айтинг-чи, мактаб болаларининг ҳуқуқий билимини ошириш учун бундай дарсликлар қанчалик фойда беради?

 

У.ЖЎРАЕВ,

Бўка туманидаги 8-ўрта мактабнинг тарих ва ҳуқуқ фанлари ўқитувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, “Соғлом авлод учун” ва “Эл- юрт ҳурмати” орденлари соҳиби, Турон фанлар академиясининг академиги