ЯнгиликларҲуқуқ1 гектаргача ер деҳқончилик учун 10 йилга ижарага берилади

1 гектаргача ер деҳқончилик учун 10 йилга ижарага берилади

Маълумки, мамлакатимизда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш ва ушбу соҳада бозор механизмларини кенгайтириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, 2020 йилда республикамизда қиймати 250 трлн. сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган бўлиб, 80 турдан ортиқ маҳсулотлар дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинмоқда. Шунингдек, 2016-2021 йиллар оралиғида мева ва дуккакли маҳсулотлар экспорти 2 баравар ортган.

Юқоридаги фикрларимиз исботи ўлароқ, жорий йил 23 ноябрда  Президентнинг мазкур соҳага оид қарори (23.11.2021 й., ПҚ–20-сон) қабул қилинганлиги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Қарорга мувофиқ, республика бўйлаб паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар ер майдонини босқичма-босқич захирага қайтариш ва ушбу захирага қайтарилган ер майдонларини 0,1–1 гектаргача очиқ электрон танлов ўтказиш орқали деҳқон хўжаликлари ташкил этган ҳолда сабзавотчилик, полиз, дуккакли ва мойли экинлар етиштириш учун фуқароларга 10 йилга ижарага бериш белгиланди.

Бунда, ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва келишиш ишлари “E-IJARA” ахборот тизими, очиқ электрон танлов ўтказиш “E-AUKSION” орқали амалга оширилади.

Яна бир жиҳати, ушбу танловларни ўтказишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда яхши натижаларга эришган, ушбу соҳада таянч мутахассисликка эга бўлган фуқароларга, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга алоҳида устуворлик берилади.

Шунингдек, деҳқон ва фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи бошқа корхоналарга кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик, полиз, дуккакли ва мойли экинлар етиштиришга доир лойиҳалари учун “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури шартлари асосида йиллик 14 фоиз ставкада 100 млн. сўмдан ошмаган миқдорда кредитлар ажратилиши белгиланди.

Ушбу кредитлар кичик интенсив боғдорчилик ва узумчилик учун
3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилдан кўп бўлмаган муддатга, полиз, дуккакли, мойли экинлар ва сабзавотчиликка 6 ойгача имтиёзли давр билан 2 йилгача муддатга ажратилиши қайд этилган.

Бундан ташқари, Қарорга биноан деҳқон хўжаликлари учун қисқа муддатли интенсив ўқув курсларини ташкил этиш бўйича республика ишчи гуруҳи тузилиб, таркиби тасдиқланди.

Унга кўра, кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, полиз, дуккакли ва мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик йўналишларида, шунингдек, очиқ электрон танловда иштирок этиш бўйича малакали тренер-консультантларни тайёрлаб, улар ёрдамида деҳқон хўжаликлари учун қисқа муддатли интенсив ўқув курсларини ташкил этиш ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Қарор билан батафсил ҳаволаси орқали танишишингиз мумкин.

Алибек Бекмирзаев,
Адлия вазирлиги масъул ходими

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img