Суд очерки“1-xbet” ўйини катта фожиага сабаб бўлди

“1-xbet” ўйини катта фожиага сабаб бўлди

Инсон иродасини суст, узоқни кўра олмайдиган қилиб қўйувчи ўйин бу табиийки қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар.

Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйин бу – ўйин ташкилотчиси (ўйин муассасаси) томонидан бир ёки ундан ортиқ иштирокчилар билан тасодифга (воқеага) ва (ёки) ўйин иштирокчисининг қобилияти, эпчиллиги ва бошқа сифатларига боғлиқ ютуқ тўғрисида тузилган, таваккалчиликка асосланган келишувга мувофиқ амалга ошадиган жараёндир.

Бугунги кунда интернетда миллий урф-одатларимиз ва менталитетимизга ёт бўлган қимор иллати фойдаланиш ёки ўйновчиларнинг эҳтиёжларини турли онлайн тотализатор ўйинлар кўринишида мисол учун “1-xbet”, “Gift of legacy” каби турлича номлар билан оммалашиб ўсмир ва ёшларни ўз домига тортаётгани ачинарли ҳолдир. Ҳаттоки, ўрта ёшдагилар ҳам бундай ўйинларда кўп миқдоридаги пулини ютқазиб қўйиб, пулни тўлаш учун ўғрилик ва бошқа турдаги оғир жиноятларни содир этиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

“1-xbet” ўйинидан катта миқдорда қарз бўлиб қолган фуқаро, 1992 йилда туғилган Умар Нишонов (исм-шарифлар шартли) аввал судланмаган. Оилали, икки нафар фарзанди бор. Яхшигина ташкилотда иш юритувчи вазифасида ишлаган. Нима бўлди-ю, интернет тармоғи орқали  “1-xbet”  аталмиш онлайн ўйинларга ўралашиб қолди. Даставвал ютди, албатта. Кейин ютқаза бошлади. “Ютқазган курашга тўймас”, деганларидай давом этаверди, давом этаверди. Қарз миқдори 100.000.000 сўмдан ошиб кетди. Бундан ташқари кўчадан, дўсту-ёр, танишларидан олган қарзлари бор эди. Табиийки, бундай ҳолатларда ҳақдор томон чора кўришни бошлайди. Ўйинлардан четлаштирилган Умар ўз ўрнида қарздорликни ёпиши лозим эди. У ҳақдорлар томонидан тез-тез огоҳлантирилар, ҳатто таҳдидлар бўлиб турарди. Қарзни биридан олиб бирига, бошқасидан олиб иккинчисини ёпарди. “Дардинг бўлса бўлсин, қарзинг бўлмасин”, дейишган. Умар қаттиқ “стресс” ҳолатга тушиб борарди.

Қўшниси Омондан ҳам қарз сўраб турар, лекин вақтида қайтариб берарди. Бу гал у 5000 АҚШ доллари сўраганда Омон бироз ўйланиб қолди. Қурилиш қилаётганини айтиб 2000 АҚШ доллари бериб тура олишини айтди. Умарнинг иши бу билан битмасди. Қўшниси берган 2000 АҚШ долларини ҳам олдию қандай қилиб вазиятдан чиқиш мумкинлиги ҳақида ўйлади. Айни шу ўйлар, тинимсиз қўнғироқлар унинг тинчлиги, оромини олганди. На куни, на тунида ҳаловати бор эди.

У қўшнисида яна пул борлигини ва пулларни айни қайси хонада туришини ҳам биларди. Миясида “лоп” этиб кўриниш берган бир ёмон ўй унга нажот бўлиб кўринди.

Аслида “ўғирлик” даб аталувчи бу ёмонлик ортидан эса ёвузлик ҳам эргашиб қолиши мумкинлигини идрок этишга унда куч йўқ эди.

Кундуз куни уйда эркаклар бўлмаслигини билгани ҳолда Омоннинг келинчаги кўча тозалаб юргани кўрди-ю мақсадини амалга ошириш истагида орқа эшикдан ҳовлига кириб борди. Пул сўраганида доимо олиб чиқиб бериладиган хона томон юриб аста ичкарига кирди. У ер бу ерга кўз югуртириб ҳали “объект”ни топиб улгурмагандики, залда оёқ товуши эшитилди. Умар яширинмоқчи бўлди, аммо шарпа хона томон яқинлашиб у билан юзлашди.

Уйларида куппа-кундуз куни бегона одамга кўзи тушган аёл қичқириб юборди.

  • Бу ерда нима қиляпсиз?!

Аёл шошиб ташқарига отилди. У ҳомиладор, ҳатто ой-куни яқин эди. Орқасидан отилиб чиққан Умар ошхона рахида турган пичоқни олди-ю аёлга ташланди.

  • Ўчир! Ўчир деяпман!

Пичоқ бир зумда аёлнинг кўксига қадалди. Кейин яна… яна… охиргиси ҳатто бўйнидан тортилди.

Ерга узала тушган ҳомиладор аёлнинг устидан сакраб ўтган Умар ўзини яна орқа эшика урди!

Ўшанда соат кундуз 11.30лар чамаси эди. Уйига чиқиб ўзини ўнглаб, қўшнисининг уйи олдидаги оломондан юраги ҳовлиққан Умар четроқдаги 1-2 кишига қўшилган бўлди. Маълумот олмоқчи бўлди. Аммо эплолмади, воқеа жойида туролмади. Аста юриб орқасига қайтди.

Моҳичеҳра Исақова 26-27 ёшлар орасидаги навниҳол жувон эди. Бир нафар қизалоғи бор, турмуш ўртоғи билан улкан орзулар оғушида ўғил фарзанд кутишаётган эди. Шифокорлар уриниши зое кетди. Моҳичеҳранинг жароҳатлари ўта оғир, боз устига кўп қон йўқотган эди. Унинг вужудидаги бугун-эрта ёруғ оламни кўришга шай “қўчқордек ўғил” ҳам айни онаси янглиғ ёвузлик қурбонига айланганди….

Икки инсон ҳаётига, умрига зомин бўлган Умарнинг биргина  “1-xbet”  аталмиш онлайн қимор касрига учраб адашиши оқибатида, гарданида яхшиликка ёмонлик, тўқликка-шўхлик, бебошлик, нонкўрлик ҳатто қотилликдек иллатлар бош кўтарди ва алал оқибат ўз умрига-да зомин бўлди.

Суд эндигина 30 ёшни қаршилаган, айни навқирон даврида ўта оғир жиноятни содир этган умарга 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Хулоса шуки, Умарнинг аччиқ қисмати мисолида ёшларни “1-xbet” гирдобига тушиб қолмаслиги учун барча бирдек курашиши зарурлиги ва масъуллиги. Бизга улкан шароитлар манбаи бўлиб кириб келган ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни онлайн ўйин-у,  бехайр қизиқишларга алишмаслик. Зеро,  инсонларга берилган ҳар бир имкониятни эзгулик ва яхшилик йўлида сарфлаш лозимлигини тарғибот ёрдамида сингдириш орқалигина бу каби гирдобдан асрай оламиз.

Акром Арипов,
Олий суд бош консультанти 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img