2 дақиқалик кечикиш қизчанинг ҳаётига нуқта қўйиши мумкин эди…

1191

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабарига кўра, 2020 йил 3 апрель куни тунги соат 21:00 лар атрофида Кармана туманидан Навоий шаҳри ҳудудига ўтувчи чегара постида ҳаракатланиб келаётган автомашина тунги навбатчиликда ўз хизмат вазифасини ўтаётган Навоий вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ 1-отряд сафдор ходими Равшан Саитов ҳамда Миллий гвардия ходими Ҳожиакбар Болтабоевларнинг диққатини тортди. Машина тўхтатилганда, фуқаро Латиф Йўлдошев рафиқаси билан биргаликда ҳушсиз ҳолатдаги 1 ёшли қизини шифохонага олиб боришмоқчи эканлиги маълум бўлди. Қизчанинг ҳаёти тобора хавф остида қолаётганлигини пайқаган Равшан Саитов ҳамда Ҳожиакбар Болтабоевлар ўша вақтнинг ўзида зудлик билан унга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиб, ўз хизмат машинасида тезлик билан ҳаракатланиб, беморни Вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонасига олиб боришади.

Мазкур ҳолат юзасидан Вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонасининг олий тоифали шифокори Бобомурод Пардаевнинг маълум қилишича, бемор 39.5С0 юқори иситма ҳароратида ҳушсиз ҳолатда шифохонага олиб келинган. 2 дақиқалик кечикиш унинг ҳаётини аянчли якунлаши мумкин эди. Айни пайда қизча ҳаётга қайтди, унинг саломатлиги яхши ҳамда шифокорлар назоратида.

Таъбир жоиз бўлса айтиш лозимки, мамлакатимизда таҳликали  эпидемик вазиятда, юртимиздаги барча ИИБ ходимлари шифокорлар билан бир сафда фуқароларимиз тинчлиги ва саломатлиги йўлида ўз ҳаётларини гаровга қўйиб, машаққатли хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб келмоқда. Навоий вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ 1-отряд сафдор ходими Равшан Саитов ҳамда Миллий гвардия ходимлари ва шифокорларнинг кўрсатган жасорати эса таҳсинга лойиқ.

1 та изоҳ

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг