2 ёшгача бола пули олиш учун қандай ҳужжатлар керак?

0

2 ёшгача бола пули олиш учун маҳаллага ариза бермоқчиман, аризамга қандай ҳужжатлар илова қилишим зарур? Шунингдек, маҳалладан 14 ёшгача бўлган болалар пулини олиш учун 15 та ҳужжат сўралиши ростми?

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида тасдиқланган Низом талабларига кўра, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг яшаш жойи, яъни доимий ёки асосан яшаб турган жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан оила бошлиғи ёки бошқа муомалага лаёқатли оила аъзосининг ёзма аризаси асосида, бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа эса — боланинг онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг аризаси асосида тайинланади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

  • Оиланинг таркиби ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа олиш учун – болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхалари;
  • Доимий рўйхатдан ўтмасдан муайян ҳудудда мунтазам яшаб келаётган фуқаролардан доимий рўйхатдан ўтган жойи бўйича болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинланмаганлиги ва тўланмаганлиги тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома;
  • агар болалар васийликка олинган бўлса – васийлик ва ҳомийлик органининг қароридан кўчирма.

Бундан ташқари, ариза берувчи моддий ёрдамга эҳтиёжмандлик тўғрисидаги аризасига ўз хоҳишига кўра, оиланинг эҳтиёжмандлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни ҳам илова қилиши мумкин.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш учун ариза оила ушбу нафақа ёки моддий ёрдамни олиш истаги бўлган ойдан олдинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмай берилиши лозим.

14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа пулини олиш учун фуқародан 15 та ҳужжат сўралгани ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эмас. Фуқаролар йиғини томонидан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, моддий ёрдам ҳамда бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича бериладиган нафақалар учун фуқаролардан қонун ҳужжатларида кўрсатиб ўтилган тегишли ҳужжатлардан ташқари қўшимча ҳужжатлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

Мазкур ҳуқуқий тушунтириш Тошкент вилоят адлия бошқармаси мутахассислари томонидан берилди.