2020 йил Давлат дастури лойиҳасида 10 та муҳим масала таклиф этилаяпти

0

“2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилаяпти:

1. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкка эга бўлишда доимий прописка мавжудлиги ҳақидаги талаб ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахслардан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мол-мулкни олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганлик учун ундириладиган давлат божининг алоҳида ставкасини бекор қилиш.

2. Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар қаторига жисмоний ва юридик шахслар, Бизнес омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларини киритиш.

3. Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш.

4. Камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқиш.

5. Пахта ва ғалла ишлаб чиқариш ҳажмларини давлат томонидан тасдиқлашдан воз кечиш.

6. Электрон журналистика, блог юритиш ва электрон ахборот воситалари орқали фикр билдириш фаолиятининг ҳуқуқий механизмини белгилаш.

7. Шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш учун Давлат бюджети ҳисобидан 1,5 триллион сўм сарфлаш.

8. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини янада соддалаштириш.

9. Илм-фан соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш.

10. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлисига ҳисобдор бўлган Коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида давлат органини ташкил этиш.