2020 йилда Тошкент вилоятида аҳолига 734 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган

0

Бугун давлат хизматлари кўрсатиш соҳаси халқимизнинг энг яқин кўмакчисига айланиб, тезкор, қулай ва сифатли хизматлар кўрсатадиган ишончли тизимга айланди.

ДХА Тошкент вилояти бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, Тошкент вилоятида ўтган 2020 йилда туман ва шаҳар Давлат хизматлари маркази орқали аҳолига 734 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, шундан 692 минг 578 таси бевосита марказларда амалга оширилган. 42 мингга яқин фуқаро  хизматлардан мустақил равишда Ягона интерактив давлат хизматлари портали  my.gov.uz орқали фойдаланган.

Энг кўп давлат хизматлари Ангрен шаҳар Давлат хизматлари маркази орқали кўрсатилди. Жумладан, Ангрен шаҳрида 61 минг 380 та, Зангиота туманида 58 минг 233 та, Чирчиқ шаҳар ДХМда эса 61 минг 347 та давлат хизматлари кўрсатилди.

2020 йилда давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 18 минг 751 тани ташкил этган бўлса, шундан 3 минг 552 таси марказларга келмасдан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда давлат рўйхатидан ўтган.

Вилоятнинг олис, чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолининг давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш мақсадида 3 минг 506 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.