“2020 йилнинг энг намунали вазирлиги”: Биринчи ўрин – Адлия вазирлиги

0

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг “Йил танлови – 2020” тадбирида “2020 йилнинг энг намунали вазирлиги” аниқланди.

Жамоатчиликка очиқ эълон қилинган сўровнома натижасига кўра, Адлия вазирлиги мазкур йўналишнинг биринчи ўрин соҳиби бўлди.

Мукофот Адлия вазирининг ўринбосари Акбар Тошқуловга топширилди.

Вазирликнинг ғолиблиги бежиз эмас, албатта. Адлия вазирлиги 2020 йилда ҳар қачонгидан ҳам фаол иш олиб борди. Пандемия шароитида фуқароларни қийнаётган саволларга онлайн жавоб берилди. Аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш кўлами кенгайди.

Шу мақсадда бешта ҳуқуқий портал (advice.uz – e-maslahat.uz, Миллий ҳуқуқий интернет портали, bolahuquqlari.uz, test.adliya.uz, hudud24.uz) ишга туширилди.

Умуман, замонавий ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқлар имкониятидан фойдаланиш бир неча ўн баробарга кенгайтирилди.

“Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали орқали 12, 5 минг ахборот тарқатилди.

60 та туман (шаҳар)да фаолият олиб бораётган “Мадад” бюролари томонидан 12 мингга яқин фуқарога хизмат кўрсатилди. “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали орқали 60 мингдан ортиқ саволларга онлайн режимида жавоб берилди.

Вазирлик раҳбарияти томонидан бевосита ҳудудларга чиққан ҳолда ўтказилган 40 дан ортиқ сайёр қабуллар жараёнида жами 4 мингга яқин шахсни қабул қилди.

Ҳуқуқий ахборотни тарқатишни кучайтириш мақсадида алоҳида “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ташкил қилинди.

“Менеджментнинг коррупцияга қарши тизими” бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификатини қўлга киритган биринчи вазирлик бўлди.

 

Н.Абдураимова, Оқил Ғуломов(сурат), ЎзА