2021 йилги Давлат дастури лойиҳаси халқ муҳокамасига қўйилди

0

Кенгашли тўй тарқамас, дейдилар. Азалда катта ишларни эл-юрт, маҳалли-кўй, яқину йироқларнинг маслаҳати билан ҳал қилишга ўрганиб қолганмиз. Сўнгги бир неча йилда бу анъана давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Бир пайтлар бутун мамлакат, миллионлаб аҳоли ҳаёти билан боғлиқ қонун ва қарорлар ёпиқ эшиклар ортида, саноқли кишилар иштирокида қабул қилинган бўлса, бугун шу Ватанга дахлдор ҳар бир инсон ўз ҳаётига тегишли ҳужжатлар қабул қилинишида бевосита қатнашиш, бу хусусда ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқига эга.

Яқинда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

(Лойиҳа матни билан танишиш учун бу ҳаволани босинг https://regulation.gov.uz/uz/document/27993)

Мазкур лойиҳада йил давомида барча йўналишларда амалга оширилиши кутилаётган чора-тадбирлар, устувор вазифалар, галдаги ислоҳотлар ўз аксини топган. Порталда ўзбек ва рус тилларида, лотин ва кирилл алифболарида жойлаштирилган ушбу лойиҳа билан аҳолининг турли қатлами вакиллари бемалол танишиб, ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ёки эътирозларини билдириши мумкин. Ана шу мулоҳазалар асосида лойиҳа янада пишиқ ва мукаммал кўриниш касб этади.

Фармон лойиҳасида Адлия вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар зиммасига юкланиши кутилаётган вазифалар ҳам ўз аксини топган. Хусусан, халқ фаровонлиги, одамларнинг яшаш шароитларини яхшилашга йўналтирилган бир қатор фармон ва қарорлар лойиҳасини тайёрлаш ҳам Адлия вазирлиги зиммасига юклатилди.

Бошқарувда бир-бирини такрорлайдиган идоралар, функциялар ва бюрократик тўсиқларни ва мажлисбозликни қисқартириш, кўп йиллар давомида бўш турган штат бирликларини оптималлаштириш, айрим давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш ҳамда лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни қисқартириш ва уларни бериш жараёнини автоматлаштириш ҳисобига иш жараёнларини қайта кўриб чиқиш сингари вазифаларни ўз ичига олган қарор лойиҳасини тайёрлаш ҳам шулар жумласидан. Бу эса ўз навбатида давлат идоралариларида бюрократия, қоғозбозлик, таниш-билишчилик сингари иллатларни бартараф этишга йўл очади.

Албатта, қонун ҳужжатлари қанчалик ихчам, аниқ ва лўнда бўлса, уларнинг ижроси ва самарадорлиги ҳам шунга яраша бўлади. Адлия вазирлиги 2021 йил 1 майга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларини бекор қилиш бўйича ишларни ташкил этиш ҳамда аниқ муносабатларни тартибга солувчи ҳужжатларни тизимлаштириш бўйича таклифларни киритиши мазкур лойиҳада алоҳида кўрсатиб ўтилган.

2021 йил 1 июлга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарорларни фақатгина махсус “E-qaror” электрон тизими орқали тайёрлаб, қабул қилиш амалиётини йўлга қўйиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини тайёрлаш, қабул қилиш, ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизимини жорий этиш сингари муҳим вазифалар ҳам юкланмоқда.

Шу билан бирга, мазкур дастурда кўрсатилган вазифалар ижросини мониторинг қилиб бориш вазифаси адлия вазирлиги ва бир қатор давлат идорларига топширилди.

Мазкур фармонга илова қилинадиган Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича давлат дастурига киритилаётган чора-тадбирлар режасида ҳам Адлия вазирлиги бевосита турли вазирлик ва идорлара билан ҳамкорликда амалга ошириши лозим бўлган вазифалар кўзда тутилган. Президент ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилишнинг янги тизимини йўлга қўйиш, Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатга киришишида бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш, “Tashkent Law Spring” иккинчи халқаро юридик форумини ўтказиш, Юридик шахсларнинг молиявий жавобгарлиги институтини қайта кўриб чиқиш, Инсон ҳуқуқлари соҳасида жамоатчилик мониторинги тизимини шакллантириш сингари муҳим вазифалар ҳам юклатилган.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиши кўзда тутилган қатор меъёрий ҳужжатлар лойиҳалари ҳам биринчи навбатда Ватанимизнинг истиқболи, халқимизнинг тўкис ва бекаму-кўст ҳаёт кечиришига қаратилган.

Умид қиламизки, мазкур чора-тадбирлар тўла-тўкис ижро этилиши баробарида йил давомида жамиятнинг турли соҳалари ривожи учун муҳим қадамларни белгилаб беради.

 Рустам Жабборов,
 “Адолат” миллий ҳуқуқий
ахборот маркази масъул ходими