ЯнгиликларМаҳаллий2022 йил Хирургия марказида қандай турдаги янги ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари йўлга...

2022 йил Хирургия марказида қандай турдаги янги ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилди?

Хирургия — замонавий тиббиётнинг энг муҳим йўналиши. Охирги йиллар дунёда рақамли технологияларнинг тараққий этиши, кам инвазив ва мураккаб жарроҳлик амалиётларининг кенг қўлланилиши ушбу соҳада бутунлай янги даврни бошлаб берди.

Энг муҳими, мазкур йўналишдаги энг илғор инновацион технологияларни юртимиз тиббиётида ҳам жорий этишга катта эътибор қаратиляпти. Жумладан, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида айни пайтда маҳаллий мутахассислар томонидан кўплаб мураккаб операциялар муваффақиятли бажарилиб, ўта оғир беморларнинг тўлақонли ҳаётга қайтишига, дардидан шифо топишига имкон яратилмоқда.

— Марказимиз фаолият йўналиши барча турдаги хирургик касалликлар, жумладан абдоминал, юрак-қон томир, ўпка ва кўкс оралиғи хасталикларини ўз ичига олади, — дейди марказ директори Саидмурод Исмаилов. — Айни пайтда муассасада 324 турдаги кам инвазив юқори технологик операциялар ўтказиляпти. Эътиборлиси, ушбу амалиётларнинг 230 таси ноёб юқори технологик операциялар турига киради.

Яна бир муҳим янгилик. Жорий йил юртимизда илк бор марказнинг эндовизиуал хирургия бўлимида 2 турда — лапароскопик усулда меъда ости бези инсулиномасини энуклеацияси ҳамда меъданинг проксимал қисми ўсмасида гастрэктомия амалиётларини бажариш йўлга қўйилди.

Шунингдек, рентгенэндоваскуляр хирургия бўлимида эндоваскуляр усулда бўлмачалараро тўсиқни бартараф этиш амалиёти муваффақиятли ўтказилиб, 2022 йилнинг ўзида 11 турдаги янги операция усуллари амалиётга татбиқ этилди.

Бундан ташқари, беморлар учун янада қулайлик яратиш ҳамда эҳтиёждан келиб чиқиб, марказда 3 та юрак туғма нуқсонлари бўлими очилди. Шу билан бирга, 1 ва 2-сонли гепатобилияр хирургия ва жигар трансплантацияси бўлимлари ташкил этилди. Бу эса марказга мурожаат қилган кўплаб оғир беморларнинг ўз саломатликларини тиклашига имкон яратмоқда.

Қолаверса, 2022 йил муассасада Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси илмий лабораторияси ташкил этилиб, зарур асбоб-ускунлар харид қилинди. Айниқса, марказ негизида Тошкент тиббиёт академиясининг ”Хирургия ва трансплантология” кафедраси фаолиятининг йўлга қўйилиши соҳада етук ва малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img