Осоннинг “этаги”дан тутмоқчи бўлди…

0

Умр бир текис эмас. Унда катта-кичик муаммолар бўй кўрсатиб туради. Муҳими, дуч келаётган муаммоларимизнинг ҳар бирининг ўзига хос ечими бўлади. Биз шуни тўғри тушуниб яшасак бас. Аксинча, муаммоларга “бир калит барча қулфга мос келади”, қабилида иш тутсак, тўғри йўлдан адашиб кетишимиз ҳеч гап эмас.

Барно Алиева (исм-фамилия ўзгартирилган) ёши қирқдан ўтса ҳамки, шу ҳаётий ҳақиқатни тушуниб етмади. У ўз муаммоларини, аниқроғи, моддий аҳволини ўнглаш борасида ўзгаларни алдаш, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб кетиш йўлидан юрди.

Гўё шундай хатти-ҳаракат билан моддий аҳволини тезда яхшилаб олишдан бошқа чораси йўқдек, қинғирлик кўчасини ўзига эп кўрди. Қарангки, биз гўзаликка, эзгуликларнинг тимсолига ўхшатган аёл ғараз ният билан бошқаларни шўрини қуритиш пайига тушса?!

Гап нимада ўзи дерсиз, алқисса, суднинг қора курсисида бошини ҳам қилиб ўтирган бу нозик ҳилқат, кўп йиллик танишини чув тушириб кетишни уддалабди. Қандай қилиб дейсизми? Воқеани қисқача баён қилсак, у кунларнинг бирида гўзаллик салонида ишлайдиган мижози Лола билан суҳбатлашиб қолади. Барно Лолага “Ўрикзор” дўконида ортиқ ишламаслигини, косметологик воситалари зарур бўлса хориждан арзон нархларда олиб келаётганлигини айтади. Лоладан ҳар доимдагидек маҳсулотлар учун пулини олдиндан олади. Ўзаро келишувга кўра Лола Барнога 12 минг АҚШ долларини санаб беради.

Бир қарашда бундай ҳолатлар ҳар биримизнинг ҳаётимизда учраши мумкин. Кимдир бошқа ишга ўтади, касбини ўзгартиришига тўғри келади. Агарда Лола Барнонинг “Ўрикзор” бозорида нега ортиқ ишламаслигини суриштирганда эди, бугун чув тушиб ўтирмаган бўлармиди?! Шунда деймизу, лекин узоқ йиллик танишнинг ортидан маълумот йиғиб юришнинг андишаси борда. Хаёлимиздан шу фикр ўтса, билайликки, анча-мунча соддалик қилаяпмиз. Бу ўринда Лола сув кўрмай этик ечма, деган мақолга амал қилиб, Барнонинг хориждан тўғридан тўғри олиб келаётгани косметологик воситаларини ҳеч бўлмаса бир сафар кўришга ҳаракат қилиши керак эди. Ахир у оз эмас нақ 120 миллион сўмдан ортиқ маблағини бериб юбораяптику.

Бўлар иш бўлиб, Барнонинг ваъда қилган куни ҳам келади. Лекин бу орада на маҳсулотдан, на пулдан дарак бўлади. Лекин Лоланинг соддалигидан фойдаланган Барно ундан яна пул олиш ҳақида бош қотиради. Бу сафар тўқиган эртагига ўзи ҳам ишониб қолади шекилли, ҳар ҳолда гапида тутилмай Лолани аврай бошлайди.

— Барно иш жойимга келиб маҳсулотлар божхонада эканлигини айтиб қолди, — дейди судда жабрланувчи Лола. —    Унинг гапларига ишондим. Лекин у буни яна пул олиш учун айтган экан. Кореядан тирноққа ишлов бериб ўстирувчи аппаратларни 100 минг АҚШ долларига олиб келаётганлигини, бу ерда катта пулга сотса қанча даромад олишни мумкинлигини ҳисоблаб берди. унинг гапларига ишониб қандай қилиб 40 минг АҚШ долларини санаб берганимни билмай қолибман. Пулларни 15 кун ичидан қайтаришни айтиб кетганди. Орадан ойлар ўтса ҳамки, у турли баҳоналар билан пулларимни беришни пайсалга солиб юраверди.

Суд мажлисида судланувчи Барно айбига тўлиқ иқрор бўлди. Унинг кўрсатмаларидан шу аён бўлдики, тўқиган ёлғонларидан ўзи ҳам адашиб кетганидан пулни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганини Лолага очиқ тан олишдан бошқа чораси қолмабди. Жиноят кўчасининг боши берк, деб шунга айтишса ажаб эмас.

 Санжар ИБАДОВ,
жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси