Ҳоким қарори амалдаги қонун ҳужжатларига зид равишда ижрога қаратилган

0

2018-2019 йилларда кўплаб фуқаролар ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга мулк ҳуқуқини олди. Бироқ ушбу мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини Урганч туман ҳокими 2020 йил 6 апрелдаги 971қ-сонли қарори билан бекор қилинганлигидан норози бўлиб туман адлия бўлимига 13 нафар фуқаро ариза билан мурожаат қилди.

Фуқароларнинг аризаларини ўрганиш давомида туман ҳокимининг 2020 йил 6 апрелдаги 971қ-сонли қарори амалдаги қонун ҳужжатларига зид равишда ижрога қаратилганлиги маълум бўлади.

Хусусан, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуннинг 47-моддасидаҚонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда маъмурий иш маъмурий орган мажлисида кўриб чиқилиши лозимлиги”, 48-моддасида “Маъмурий ишни мажлисда кўриб чиқиш чоғида мажбурий тартибда баённома юритилиши” маъмурий иш юритишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилиш ва уларнинг мажлисга келмаганлиги сабаблари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши белгилаб ўтилган бўлса-да, туман ҳокимлиги томонидан 13 нафар фуқарога тегишли бўлган Урганч тумани ҳудудида жойлашган турар-жойларга нисбатан ер учаскасига мерос қилиб қолидириладиган умурбод эгалик қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги туман ҳокимининг 2018-2019 йиллардаги қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги ҳокимнинг 971қ-сонли қарори қабул қилинишига асос бўлган йиғилиш ва 48-сонли йиғилиш баёнини қабул қилишда ушбу маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун манфаатдор бўлган 13 нафар фуқаронинг ҳеч бири хабардор қилинмаган.

Шу билан бирга, мазкур Қонуннинг 59-моддасида, манфаатдор шахснинг ишончли ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳолларда, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилиши, агар манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб, маъмурий ҳужжат асосида олинган мол-мулкдан фойдаланган, ўз мулкини тасарруф этиш учун битим тузган ёки маъмурий ҳужжатда белгиланган наф ва имтиёзлардан бошқача тарзда фойдаланган бўлса, унинг ишончи ҳимоя қилиниши лозимлиги  белгилаб қўйилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Урганч туман адлия бўлими томонидан Маъмурий судга ҳоким қароридаги фуқароларга нисбатан мулк ҳуқуқини бекор қилиш қисмини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси киритилди. Суд қарорига асосан ҳоким қароридаги 13 нафар фуқарога тегишли қисми ҳақиқий эмас деб топилди ва ушбу фуқароларнинг мулк ҳуқуқлари қайта тикланди.

Жонибек ҚУРБОНОВ,
 Урганч туман адлия бўлими бошлиғи