“Мендан кетгунча, эгасига етгунча” бу қачонгача давом этади?

0

Қишлоқ аҳлининг оғзида бир гап: “Қишлоғимизда икки қаватли мактаб қурилаяпти”. Ҳамма хурсанд. Қурилишга бош-қош бўлаётганларни эл алқаган. Орадан анча вақт ўтиб, янги мактаб фойдаланишга топширилди. Яна орадан ҳеч қанча вақт ўтмай мактаб қулаб тушди. Яхшиям ўқувчилар бўлмаган. Энди қишлоқ одамларининг оғзида шу гап: “Ноинсофлар, олганларинг буюрмасин, қурилишга бош-қош бўлганлар мактаб учун ажратилган пулларни ўзлаштириб юборган. Ҳаромдан ҳазар қилмайдиганлар томоғидан ортганига мактаб қурган…”.

Ҳа, бу воқеа Самарқанд вилоятининг олис қишлоқларидан бири бўлган Накуртда содир бўлган эди. Ўша воқеадан сўнг қишлоқ аҳли мактаб қурилишига масъул бўлганлардан норози бўлиб, роса қарғашганди. Аслида ҳам ҳар не десаки, улар ҳақ. Биз ушбу мақоламиз орқали юқоридаги каби “хўжа кўрсин”га қилинаётган ишларга тўхталамиз.

Бир йил бору икки-уч йил йўқ, бу нима?

Ушбу “топишмоқ”нинг жавоби кўприк. Тўғрисиям шуда. Айрим кўприклар баҳор ёмғирларидан ҳосил бўлган селга бардоши етмай ё чўкиб кетади ёки оқиб кетади. Шундан сўнг одамлар ҳокимга гоҳ хат йўллайди, гоҳ қабулига қатнайди. Шу билан икки-уч йил ўтиб, янги кўприк барпо этилади. Масъулларнинг кўкрак кериб, мана сизларнинг бизга қилган мурожаатингизга асосан сифатли ва ҳар хил табиий офатларга бардошли қилиб қурдик, деган кўпригини бир йилга бормай яна сел олиб кетади. (Бундай ҳол асосан чекка ҳудудларда бўлади).

Гоҳида ҳайрон қоласан киши, кўприкни масъуллар ўз ҳисобидан қурмайди-ку! Сарф-харажат давлатнинг ҳисобидан бўлса, нега мустаҳкам қилиб қурмайди? Ёки юқоридан шунча пулга кўприк қурасан, деган топшириқ бўлармикан?

Аммо шуниси аниқки, ўша кўприк қурган масъулларнинг ҳисоботида кўприк учун ажратилган пулни кўрсангиз ёқа ушлайсиз. Бехосдан бу пулга у тоғдан бу тоққа етадиган кўприк қурса бўлади-ку, деб юборасиз. Бизда шундай, мустаҳкам ва сифатли кўприк қуруш учун етарлича пул ажратилади, лекин ажратилган пулнинг учдан бирига кўприк қурилади. Қолгани ўзлаштирилади.

Қурилаётган кўприкнинг сифати билан ҳеч ким қизиқмайди. Қўпол қилиб айтганда, масъуллар бир-бирининг орқасини кавламайди. Натижада, давлат зарар кўриб қолаверади, халқнинг эса норозилиги ортаверади. (Ижтимоий тармоқларда бонг бўлиб урилган кўприклар муаммосини мақоламизда келтириб ўтирмадик).

Элчига ўлим йўқ, йўлчига-чи?

Халқимизда “Йўл қурган элда азиз”, деган нақл бор. Тўғри, йўл қурувчи нафақат азиз, балки катта савоб соҳиби ҳамдир. Аммо бизнинг йўл қурувчиларимизга на азизлик керак, на савоб керак. Йўқса, асфальт қилинган йўлларимиз маълум бир муддатга эмас, узоқ йилларга етарди.

Хитойда асфальт қилинган йўлда 25 йил давомида ёриқ ёки чуқур (яма) пайдо бўлиши мумкин эмас экан. Агар шундай бўлса, йўлга масъул бўлган ташкилотдагиларни яхшигина жарима билан “сийлашар” ёки панжара ортига кузатиб қўйишар экан. Ишқилиб, бу тартиб бизда жорий қилинмасин, бутун бошли йўлчиларимиздан ажралиб қоламиз-ку.

Ўтган йилнинг ёзида Чилонзор туманидаги Чилонзор кўчаси реконструкция қилиниши бошланди. Бизнинг ишхонамиз ҳам ўша кўчада жойлашганлиги боис йўлчиларнинг ишини кузатиб бордим. Аввалига асфальт қилишда ишлатиладиган бутун бошли техниканинг ҳаммаси ўша кўчага олиб борилди. Йўлчиларнинг бошлаган ишини кўриб бир ойга ҳам бормасдан тугатиб қўйса керак, деб ўйладим. Йўқ, бундай бўлмади. Иш кеч кузга қараб чўзилди.

2020 йилнинг 20 ноябрида Президентимиз “Ўзбекфильм” киностудиясига ташриф буюрадиган бўлди. Буни айтаётганимнинг сабаби “Ўзбекфильм” киностудияси айнан ўша реконструкция қилинаётган кўчада жойлашган эди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг йўл бир кунда асфальт қилинди. Яна қор-ёмғир аралаш ёғаётган бир вақтда. Шу билан икки-уч кундан сўнг йўлсозлар техникалар карвони билан бирга кўчадан чиқиб кетди. Ҳафта-ўн кун ўтмасдан янги асфальт қилинган кўчани ўйиб кимдир қувур, яна кимдир нимадир ўтказди. Хуллас, асфальт бир ойга ҳам етиб бормади. Қаеридир чўккан, ҳар хил чуқурлар (яма) пайдо бўлган. Бажарилган иш учун ажратилган пулга эса битта кўчани эмас, бир неча кўчани асфальт қилиб чиқса бўлади.

Шоирнинг “Ҳар баҳорда шу бўлар такрор…”, деганидек баҳор келди дегунча йўлларимизда чуқурлар (яма) кўпайгандан кўпаяди. Бундан қанчадан-қанча ҳайдовчилар жабр кўради. Йўлга масъулларимиз эса гоҳида пинагини ҳам бузмайди. Ёғингарчиликлар тугагач чуқурларни ямаб, текислаб бир йилга зўрға етиб борадиган қилиб қўйишади. Хуллас, йўл йўналишида оғриқли ва ечимини кутиб ётган муаммолар бисёр. Масъуллар эса ўзи қолиб, йўлни ўйлайдиганлар хилиданмас, шекилли.

Ночор уйлар номига қурилмоқдами?

Ота-боболаримизнинг “Ўз уйинг — ўлан тўшагинг” нақли бугун ҳам бот-бот эсланади. Чунки халқимиз ўз бошпанаси бўлишини энг катта мақсадларидан бири, деб билади. Уйли бўлиш учун меҳнат қилади, бор топганини йиғиб теради. Етмаганига қарз-ҳавола қилади.

Бундан бир неча йиллар олдин республикамиз бўйлаб қишлоқ қурилиш уйлари барпо этила бошланди. Бу кўпчиликнинг орзусидаги иш бўлди, қанча-қанча юртдошларимиз уйли-жойли бўлди. Аммо янги уйларга кўчиб ўтганларнинг кейинчалик дили хира тортгани ҳам бор гап. Чунки янги уйларнинг бўёқлари кўчиб туша бошлади, айримларининг деворлари ҳам тўғри чиқмаганлиги билиниб қолди.

Кўпчилик билади, яширишнинг ҳам ҳожати йўқ. Қишлоқ қурилиш уйларини қуришда айрим ҳудудларда ўқитувчи ва ўқувчилар ишчи кучи сифатида жалб қилинди. Қурилишдан хабари бўлмаган ўқитувчи ва ўқувчилар қурган уйдан яна нимани кутиш мумкин эди?

Яна бир гап шу йилнинг бошида Жиззахда қурилаётган кўп қаватли уй битмасидан қулаб тушди. Агар ўша уй битиб, одамлар кўчиб киргач қулаганда нима бўларди? Тасаввур қилишнинг ўзи фожиа.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, сўнгги вақтларда биноларни қуришда шошқолоқликка йўл қўйилаяпти. Масалан, бир ойга бормасдан бинони битказиб қўйи­шади. Ваҳоланки, ҳар қандай бинонинг пойдевори қилингач у бир йил туриши керак. Бундан ташқари, қурилиш материалларининг сифатига эътибор қаратилмаяпти.

Ҳозир уй олиш ёки уй қуришни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтаравермайди. Шундай экан қурилишга масъул бўлган ташкилотлардан тортиб қурувчи усталаргача қилаётган ишини сидқидилдан қилишини, биров учун эмас ўзи учун қураётгандек қуришини ҳамма-ҳамма бирдек истайди. Токи сиз қурган уйларда яшаётган одамлар сизни алқасин!

Сўнгги гап

Фикримиз сўнггида шуни айтишни хоҳлардикки, бажараётган ишларимиз “хўжа кўрсин”га ёки ҳисобот учун бўлмасин. Бажарган ишимиздан, аввало, ўзимизнинг кўнглимиз тўлсин. Шунда халқ ҳам биздан рози бўлади. Бу эса юртга ҳам, оилаларимизга ҳам барака инишидан далолатдир.

Ёрбек ИСКАНДАРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири

Аввалги мақолаСайёр қабулдан сўнг фуқарога шифохонада даволаниши учун кўмаклашилди
Кейинги мақолаЎзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиали ташкил этилди