ХXI асрнинг дастлабки йиллари илм-фан ва техника ривожининг шиддатли тус олганлиги, ахборот алмашинуви тизимининг тубдан такомиллашганлиги билан инсоният тарихида алоҳида аҳамият касб этди. Ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда, дунёдаги трансмиллий жиноятларнинг энг хавфлиси ва жирканчи одам савдоси, афсуски, айнан шу даврда авж олди. Меҳнат миграцияси, ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган шахслар қўл келди.

Ҳозирда, интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқларда пайдо бўладиган турли хил юқори даромадли иш борлиги ҳақидаги таклифлар, илгариги ўзаро танишиб, учрашиб, турли алдов йўллар билан ишга ёллаш каби ҳолатлар ўрнини эгаллаб, “одам савдоси” каби жирканч жиноятнинг “ривожи”ни янада жадаллаштирмоқда.

Одам савдоси — инсонни ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларидан маҳрум қилиб, бировларнинг қўлида қўл бўлишга маҳкум этиш, инсонлар умрига зомин бўлиш, уларнинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилишдек энг оғир ва жирканч жиноятлардан энг хавфлиси саналади. Афсуски, инсон ҳаётини тасарруф қилиш, инсонни олди-сотди нарсага айлантириш айрим вахший, баднафс ва ҳаром шахсларнинг доимий фаолиятига ҳамда мўмайгина даромад манбаига айланиб қолмоқда.

Одам савдоси жиноятчилар учун сердаромад манба бўлиб қолмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, дунё бўйича одам савдосидан тушадиган йиллик даромад 7 милрд АҚШ долларидан ошмоқда. Афсус билан таъкидлаш керакки дунёда “одам савдоси” бозори ва унга талаб кундан-кунга ошиб бормоқда.

БМТнинг маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 млн. 700 минг шахс одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Ҳар йили 600 мингдан 800 мингтагача аёллар чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Тахлиллар, бу жирканч жиноят билан шуғулланувчи кимсалар айрим ёшларни шохона қулайликлар, мўмай пул топишнинг чексиз имкониятлари ҳақида қуруқ ва ёлғон ваъдалар бериб, алдаб, ноқонуний йўллар билан хорижий давлатларга олиб чиқиб кетиш орқали уларни ўз жиноятлари қурбонига айлантираётганликларини кўрсатмоқда. Афсуски, ўз юртдошлари, қариндошларини ҳам бу жиноят домига илинтиришдан тоймайдиганлар ҳам борлиги барчани огоҳ бўлишга ундайди.

Одам савдоси муаммосига қарши курашиш борасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида тегишли чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Давлатимиз томонидан ҳам хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан одам савдосининг хавфли кўринишларга қарши кураш юзасидан бир қатор шартнома ва келишувлар имзоланди.

Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга бўлган ҳужжатлари ратификация қилинди, МДҲ, ШҲТ доирасида бир қатор келишув ва дастурлар қабул қилиниб, одам савдосига қарши курашиш юзасидан давлатлараро ҳамкорлик йўлга қўйилди.

2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил қилиниб, одам савдосига қарши курашиш, одам савдосидан жабрланганларни ҳимоялаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Бироқ одам савдосига ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши самарали курашишга тўсқинлик қилаётган бир қатор салбий омиллар сақланиб қолаётганлиги, ваколатли органларнинг ташаббускорлиги етарли бўлмаётганлиги, ягона раҳбарлик остида етарли даражадаги идоралараро ҳамкорлиги мавжуд эмаслиги, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар тўғрисида холис ва ишонарли ахборотни кенг жамоатчиликка ва халқаро ҳамжамиятга етказиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар уйғунлаштирилмагани, қонунчилик базаси халқаро стандартларга мувофиқ эмаслиги, бу эса одам савдосига ва мажбурий меҳнатга алоқадор шахсларни самарали таъқиб қилиш ва жазолашга тўсқинлик қилаётганлиги сабабли одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш соҳасида, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини олға суришда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида 2019 йил 30 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармон билан одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилиниб, унинг асосий вазифалари белгиланди.

Мазкур Фармон одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқади десак, муболаға бўлмайди.

Бундан ташқари, юритимизда кейинги уч йил мобайнида одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида кескин ижобий ўзгаришлар қилиниб, бир қатор қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва бу халқаро ташкилотлар томонидан эътироф қилинмоқда.

Жумладан, 2018 йил 16 октябрда иш қидираётган шахсларга иш танлаш ва ишга жойлашиш бўйича, иш берувчилар учун кадрлар танлаш бўйича хизматлар, шунингдек ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш тизимини яратиш мақсадида “Хусусий бандлик агентлиги тўғрисидаги”ги, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш мақсадида 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди, 2019 йил 6 декабрь ва 2020 йил 10 мартдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро меҳнат нормалари қўлланилиши билан боғлиқ Конвенциялари ратификация қилинди.

Биргина, 2019 йилда мазкур йўналишлардаги фаолиятни такомиллаштириш мақсадида 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Бу йўналишда хаётга изчил татбиқ этилаётган қонуний ҳужжатлар, бир қатор дастур ва йўл хариталарга назар ташласак, ҳукуматимиз мамлакатимизда истиқомат қилаётган бирор инсон бу мудҳиш жиноятнинг қурбонига айланиб қолмаслиги учун жуда қатъий ва жиддий чоралар кўраётганлигини, барча саъй-ҳаракатлар комплекс равишда амалга оширилаётганини кўриш мумкин.

Дарҳиқиқат, бугун юртимизда олиб борилаётган барча йўналишдаги ислотҳатларнинг марказида инсон омили турибди. Бу ҳаётий ҳақиқатни Прзидентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасидаги “Инсон манфаатлари ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди”-деб, билдирган сўзлари ҳам исботлаб турибди.

Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли ишлар олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар одам савдоси қурбонига айланмоқдалар. Энг ачинарлиси, улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлигидир.

Расмий маълумотларга кўра, Республикамизда 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 22 фоизга камайган бўлса-да, чақалоқлар савдоси 43 фоизга ошган. Одам савдоси жинояти билан боғлиқ 710 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 96таси, яъни 13 фоизи бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Бу кўрсаткичлар, ҳаммамизни сергак тортишга, одам савдосига қарши курашни бир сонияга ҳам сусайтирмаслик, аксинча тарғибот ишларни кучайтириш, аҳолининг барча қатламларини жалб этиш, хотин-қизлар ва ёшларнинг маънавияти, онг-тафаккурида тўғри қарашларни мустаҳкамлаш, болалар ва ўсмирларга жиноятчиларга алданиб колмасликни содда, тушунарли ва ишончли тарзда тушунтиришга жиддий эътибор бериш лозимлигидан дарак беради.

Одам савдоси каби мудҳиш жиноятларнинг олдини олиш, бу иллатни томири билан даф қилиш барчамиздан сергаклик, ҳушёрлик, ён-атрофимиздаги воқеликларга бефарқ қарамасликни тақозо қилади. Президентимиз таъбири билан айтганда “Инсон ҳаёти, инсон манфаати билан боғлиқ соҳаларда майда нарсанинг ўзи йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”.

Шу мақсадда тарғиботнинг энг таъсирчан воситаси бўлган марказий ва маҳаллий ОАВ, кенг жамоатчилик, хусусан, маҳалла, таълим, ўқув муассасалари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, жамғармалар ва ёшлар ташкилотлари имкониятларидан кенг фойдаланиш, эзгу мақсад йўлида жамиятимиздаги барча куч ва имкониятларни мувофиқлаштириш лозим.

Шаҳзод Бахтиёров,
Ҳамид Бобоқулов,
жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди судьялари

 

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг