ЯнгиликларМаҳаллийБахтсизликка исёнми бу? “Сен она эмассан жаллодсан дунё...”

Бахтсизликка исёнми бу? “Сен она эмассан жаллодсан дунё…”

Ижтимоий тармоқларда норасида боласини ураётган самарқандлик аёл видеоси тарқалгандан бери минг хил постлар, минг хил фикрлар, тахминлар, таклифлар, жазоларга маҳкумлиги ҳақидаги қатъий талаблар ўртага ташланди. Бахтсизликка, шароитсизликка, имконсизликка, камбағалликка исён деган аччиқ талаффузлар такрор-такрор тилга кирди. Онани ёқлашлар, жамиятни қоралашлар, амалдорларни айбдор қилишлар хуллас, кўўўп иддаолар ҳақида ҳам турли фикрлар билдирилди…
Оналар бахтиқароликка исён сифатида ўз дилбандига озор бериш билан ечим топаман, деб ўйласа катта хато қилади. Бу билан амалдорларнинг бир тола сочи ҳам тўкилмайди, жамиятнинг бир туки ҳам ўзгармайди… Минг афсуски, бу исботлашни талаб қилмайдиган аксиома.
Бу ваҳшийлик лавҳасини кўриб, юрагим ларзага келди. Қайтиб ҳатто расмини ҳам кўришга юрагим дов бермаяпти. Нақадар бешафқатлик, нақадар разиллик кўриниши.
Авваллари одамзод йиртқич ҳайвонлардан ўз боласини ҳимоя қиларди. Энди энг ваҳший ҳайвонлар ҳам боласини одамдан ҳимоя қилаётган замонда яшаяпмиз.
Норасида бола бечоранинг жони ҳали ҳам қаттиқ экан. Бу дўппослаш, бу силташларда қўл оёғи синмаганига шукур. Бу қилмиши учун онани ёқлашга мингта сабаб, мингта баҳона бўлса ҳам уни ёқлай олмайман. У ҳар қандай жазога лойиқ. Онани боласига бу қадар шафқатсизлигини кечириб бўлмайди. Бошига қилич келганда ҳам болам, дейдиган оналарнинг авлодидан эмасмидик? Урушнинг оғир йилларида, урушдан кейинги очарлик, қаҳатчилик йилларида оила бошлиғи фронтдан қайтмаган оилаларнинг аёллари суянадиган ҳеч кими қолмаган энг оғир даврларда ҳам бир этак боласини бировга муҳтож ёки хор қилмасдан вояга етказганлигини кўп ўқиганмиз, кўрганлар ҳам бор-ку.
Ҳатто энг қашшоқ давлатларда ҳам оналар на эгнига, на оёғига киядиган кийими, ейишга нони ва суви йўқ, аммо боласини бағрида ардоқлаб улардан меҳрини аямасдан яшаётганлигидан хабардормиз-ку.
Қатор-қатор рисолалар, баландпарвоз ҳисоботлар билан ном чиқаргандан кўра, Халқаро симпозиумларда аёл, оила, фарзанд ҳақида жонсиз маърузалар ўқигандан кўра, одамийликни бошқаларга ўргатгунча, ўзимизга ўргатсак бўлмайди-ми? Мен амалдор хонимлар кўпайганига норози эмасман. Аммо уларнинг аксарияти ўз вазифаси аёлнинг кўз ёшини, боланинг дардини аритишдан иборат эканлигини тушунмаганидан, иш кунини шундан бошлаб , шундан тугатишга ўрганмаганидан норозиман.
Кўпчилик ушбу фожианинг илдизини тиббиётнинг ожизлигию, тиббиёт ходимларининг нўноқлиги, барча босқичдаги амалдорларнинг коррупция ботқоғига ботиб қолганлиги билан изоҳлашди. Тўғри, бу иллатлар бир тараф, оналик деган буюк салтанат бир тараф. Оналик меҳрини буларга қурбон қилиб бўлмайди…
Аёл бахтсизман, деб боласи билан сувга сакраса, бахтиқароман деб боласи билан бирга ўзини машина остига ташласа, ўз жонига қасд қилса… Бу фожиаларни маҳалла-ю оилага, хотин-қизларга дахлдор қўмиталар, уларнинг бир қанча бошқарма-ю бўлимлари «поезд кетгандан» кейин билса… Билса-ю, барча айбни ўзидан эмас, бировдан изласа, аёлнинг ўзига ағдарса. “Ўзи ё ёмон ахлоқсиз аёл эди ёки руҳий носоғлом эди…” деб бу бахтсиз фожиага нуқта қўйса…
Азизлар, замондошлар!
Қайси дарёдан сув ичганмиз ўзи? Ўйлаб кўрдингизми, биз сув ичган дарёлар наҳотки қуриётган бўлса? Маънавиятдан, маърифатдан, одамийликдан йироқлик, саводсизлик ҳам бизни жар ёқасига, ҳалокат саҳросига етаклайди. Биз оддий муаммоларни еча олмай, гангиб қолишга, ўзимизни унутишга ўрганмайлик.
Боласи ногирон деб ҳам бу аёлнинг қилмишини оқлаб бўлмайди. Ногирон боласи борларга Яратган ажру мукофотини берсин. Оллоҳ узрли қилиб яратган инсонни хўрлаш, унга озор бериш, таҳқирлаш эса юз карра гуноҳлигини қачон тушунамиз? Тўғри, ногирон туғилган боласига ногиронликни расмийлаштириш учун ҳам йиллаб сарсон бўлганлар бор. Бу бошқа мавзу.
Аёл камбағалликка исён қилаётган бўлса, камбағалликни қандай тугатамиз, деб бош қотириш керак? Тадбирларда маърузалар биланми ёки сохта ҳисоботлар биланми!? Йўқ! Асло! Бир кунга етадиган озиқ-овқат маҳсулоти-ю, бир жуфт пайпоқ ёки битта ёғ билан камбағалликни ҳаргиз ҳам тугата олмаймиз!
Камбағалликни тугатиш учун энг аввало очкўзликни тугатиш керак! Буни оддийгина қилиб тушунтираман: Чунки биз кийим-кечагимиз ҳаддан кўплигидан қай бирини кийишни билмай турган вақтимизда қайсидир замондошимиз йиртиқ одмигина кўйлаги билан кўчага чиқа олмай оғринаётганини ҳис этишимиз керак. Биз сочимизни янги урфда турмаклаш учун гўзаллик салонига кирганимизда, қай бир замондошимизнинг сочини эмас, ҳатто қўлини ювишга ҳам суви йўқлигини англашимиз керак.
Тўғри, жамғармалар кўўп, аммо керакли жойда, керакли одамга, керакли лаҳзаларда керакли ёрдамни бера оладиган, юзта қоғоз билан эмас, битта қадам билан ёрдам берадиган оддий жамғарма — оддий ташкилот керак. Аёлларни ҳимоя қиладиган ордер, реабилитация маркази, аёллар дафтари… Булар камлик, кучсизлик қилаяптими, демак, жамиятдаги ўпқон жуда катта. Худди даҳшатли сув тошқинини битта тош билан тўхтатиб бўлмаслигини англашимиз керак. Ҳаммамиз биргаликда шунга бош қўшайлик. Ўйлаб кўрайлик! Амалдорсиз ташкилот керак бизга! Ёрдам сўрамаса ҳам, ёрдамга муҳтожлигини биладиган, бахтсизлигини яширса ҳам унга ҳамдард кераклигини англайдиган қоғозбозликдан холи, қалбни тушунадиган ташкилот керак аёлларга! Озгина ёрдам бериб миннат қиладиган, юз марта ижтимоий тармоқлару Оммавий ахборот воситаларида “довриғини достон” қиладиган ташкилотлардан воз кечайлик! Шундагина жамиятнинг жароҳатларини даволашимиз, аёлларнинг дардига шундагина дармон бўлишимиз мумкин!
Қўша-қўша бойликларингиздан кўнглингизни узиб, ёрдамингизга, марҳаматингизга муҳтожлар ҳақида ўйлашга вақт топинг. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Қалбга киритилган энг яхши сармоя бу — марҳаматдир…” деган кўҳна бир ҳақиқатини ёдга олинг.

Нима дейсиз, азизлар?!

Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img